Ҳажвиялар

Энг яхши совға

Муаллиф Abduvali

Байрам арафасида агар бирорта аёл  “Мен учун муҳими, совға эмас,  эътибор”, деса, зинҳор-базинҳор ишонманг! Яхшиямки, 8 Март йилда бир марта келади! Бўлмаса эркакларнинг хонумонига ўт кетиши аниқ эди. Ҳамкасб эркакларнинг байрам арафасидаги суҳбат мавзуси ҳар қандай вазиятдаям,  совға — ғавғо келтирмаслиги хусусида бўлди.

—  Баҳор баҳона, келинингизга дугоналари билан Самарқанду Бухоро, уёғи Шаҳрисабзга саёҳат уюштириб бериб, болаларни ўзим олиб қолдим, — деб кўкрак керган Мирғофир гапининг тасдиғи учун, телефонидаги  “смс” хабарни эшиттириб ўқиди: “Дадаси, катта раҳмат, сизга. Мен кетсам, қийналиб қолмасмикинсиз, десам, йўқ, дедингиз. Қизимизни боғчага ўзингиз оборасиз энди. Болани боғчага кечи билан соат 8.10.-8.15гача  олиб бориш керак. Шунинг учун, Маликани соат 7.30.-7.35да уйғотишингизга тўғри келади. Колготкаси, устидан тўқ-кўк рангли жинси шими, шкафнинг пастдан иккинчи тортмасида турган футболкаси. Бинафша ёки малина рангли кофтасини кийгизинг — пастдан иккинчи тортмада. Кийимларнинг ҳаммаси жавонда. Ўзи билан пуштиранг кўйлагини олиб боринг: ўзимизнинг шкафда сизнинг кўйлакларингиз осиладиган тарафда кичкина кийимилгичга осилган. Оқ пайпоғи, шиппагиниям олволинг. Боғчада кийимини алмаштирасиз. Сочини иккита қилиб ўринг, резина-тасмалар жавоннинг энг тепа тортмасида, устида қанақадир расм бор оқ қутида турибди. Устки кийимини об-ҳавога қараб ўзингиз танларсиз: ё енгил пушти пальто, бинафшаранг шапка, пушти шарф ёки яшил курткача, шу рангдаги шапка. Шарф керак эмас. Оёғига янги этикчасини кийдирарсиз.  Бирор нарсани тополмасангиз, қўнғироқ қилинг ёки “смс” юборинг.”

Эркаклар бир-бирларига қараб қўйишди. Мирғофир эса: “Боғчага бормасликка қарор қилдик. Қизимиз қўшниникида қолди!” деган ўзининг жавобини ҳам овоз чиқариб ўқиди. У ёқда “дам олаётган” хотиннинг бу “смс”дан кейинги ҳолини ўзингиз тасаввур қилаверинг, энди!

Совға масаласи кўтарилганидан фойдаланган янги куёв Ҳолиқжоннинг “ҳасрати”дан чанг чиқиб, поччасига “тош” отди:

— “Яхши қиз маҳалласидан ортмайди, қуда-андачилик ришталарини боғлайлик, отаси зўр одам” дедингиз, қўймадингиз! Мен “биттаю-битта поччамнинг гапига кирмасам бўлмас энди”, деб сиз айтган қизга уйландим. Кўринишидан чумолидек беозор кўринувди. Чумолидайлиги  рост экан. Чақиб-чақиб оладики, кўзингиздан олов чиқиб кетади! Нимамиш, эр хотиннинг кайфияти кўтарилиши учун тез-тез совға бериб туриши керакмиш. Майли, мен бунга розиман. Лекин нима совға қилсам, хурсанд бўлиб олавермай, танлагани нимаси?! Шунга куяман, почча.

— Ҳа, сенга қийин бўпти. Лекин чидайсан энди.  Совға кайфиятни кўтаради, тўғри, лекин совға берган одамнинг кайфиятини эмас!

Тоҳир аканинг бу гапи ҳаммага ёқиб, бош силкишди.

— Секинроқ айтасизми?! — деди Ҳолиқ унинг гапини тасдиқлаб.

— Сизлар-ку, ёшсизлар, кап-катта одам, менам  хотинимга совға бериб тураман! — деди Тоҳир ака атай “совға” сўзига урғу бериб.

— Ҳар байрамдами?

— Йўғ-э, худо асрасин! Фақат туғилган кунида. Тасаввур қилгин, холангнинг туғилгани куни ҳар йили адашмайгина, бир марта албатта келади. Ана, кейин Тоҳиржон, “Зуҳрахон”ларининг кўнглига ёқадиган совғани қидирадилар! Уям, “муҳими, совға эмас…” дейди, лекин бу гапига ишонсам, тил тортмай ўлай! Айтмасаям биламан, холанг учун муҳими — совға эмас, совғанинг нархи. Қанча қиммат турса, мен уни шунчалик қадрлар эмишман. Шумлик қилиб, ўтган йили чиройли чойнакка телевизорнинг чекини қўшиб бергандим.  Чойнакни ҳозиргача ишлатгани йўқ. Жавонда кўз қорачиғидек асраяпти. Чой дамлаттириш у ёқда турсин, қўлга олишгаям қўймайди, соддагинам!

Тоҳир аканинг гапини: “Боплабсиз!” деган хитоблар босиб кетди.

— Бу нима? Бир ой ўтиб, 1 апрелда ростданам боплаганман.

— Ё тавба, холамга 1 апрелдаям  совға берасизми, ҳали?

— Хотинини қадрлайдиган эркакмиз, худога шукур!  Эртага биринчи апрель, деган куни: “Қани, айт, битта катта совға олишни хоҳлайсанми  ёки бир талай кичкина совғачалар маъқулми?” — деб ўзидан сўрагандим. Иккинчисини танлади. Ярим кило кунгабоқар пистасининг сархилидан совға қилиб, “бопладим” деб мазза қилиб кулдим. Уч кун уч маҳал: нонушта, тушлик, кечки овқатга писта чақиб, уч килога озганимни айтмаса, холанг ҳазилни яхши қабул қилди. Шунинг учун аёлларга совға  беришда эҳтиёт бўлиш керак, дейман-да! “Қош қўяман, деб кўз чиқариш бўлмасин”…

Йилда бир марта келадиган байрамга чидаб бермасак, уят бўлади, ҳурматли эркаклар!

 ЭҲСОНБЕК.

Манба: tasvir.uz



Муаллиф ҳақида

Abduvali

Leave a Comment