Психологик тестлар

Ўз камчилигини сезиш йўллари

Муаллиф Abduvali

Кўп одамлар ўз айб ва камчиликларини кўрмайдилар. Бошқаларнинг кўзига тушган хасни кўрадилар-у, ўзларининг кўзларига тушган хасни кўришга ожизлик қиладилар. Ўз камчилигини кўришни истаган кишилар учун тўрт хил йўл бордир.

Биринчи йўл – камчиликни кўра олувчи комил бир одам билан суҳбатлашиб туришдир, бу йўл шогирд билан устоз орасида бўлади.

Иккинчи йўл – самимий, хайрихоҳ дўст топиб, ўзининг қилиб турган ишларини, юриш-туришини кузатиб, хуш кўрилмаган йўллардан қайтаришни ундан илтимос қилишдир. Бир донишманд: «Менинг камчиликларимни ўзимга айтган кишилардан миннатдорман», – дер эди.

Учинчи йўл – камчиликни душманлар оғзидан эшитиб, улардан тегишли хулоса чиқаришдир. Камчиликларни сўзлаб юрувчи душман икки юзламачи, риёкор дўстдан устун туради.

Тўртинчи йўл – халқ ичида юриб, баъзи одамларда кўрилган ёмон қилиқлардан хулоса қилиб, улардан сақланиш керак. Халқнинг нафратига сазовор бўлган ёмонларнинг қилиқлари сенда бор бўлса, уни битиришинг лозим. Луқмон ҳакимдан: «Адабни кимдан ўргандингиз?» деб сўрадилар. Луқмони ҳаким: «Адабни адабсизлардан ўргандим», деб жавоб берган экан.

«Дурдоналар хазинаси» китобидан.



Муаллиф ҳақида

Abduvali

Leave a Comment