Қизиқарли

Оёқ кийимингизни узоқ муддат киймоқчи бўлсангиз қуйидагиларга амал қилинг

Муаллиф Abduvali

Ёғин-сочинли кунлар бошланиши билан пойабзалнинг «хизмати» икки баробарга ошади. Унинг чидамлилигини ошириш, чиройли кўринишини сақлаш учун эса қуйидаги тавсияларга амал қилинса, фойдадан холи бўлмайди…

ЧАРМ ПОЙАБЗАЛЛАР

Ҳар куни нам латта билан артинг. Пойабзал жудаям ифлос бўлиб кетган ҳолда тозаловчи восита, масалан, идиш ювишда ишлатиладиган воситани сувга аралаштириб, кейин пойабзалингизни тозаланг. Ёғинли кунларда пойабзални яхшилаб кремланг. Кремнинг таркибида мум асосий ўринни эгаллаши лозим. У чармни юмшатади, осон сингийди ва сувни ўтказмайди.

Ҳафтада бир марта пойабзалингизга махсус сув ўтказмайдиган спрей билан ишлов беринг.

ЧАРМ ЎРНИНИ БОСУВЧИ АШЁДАН ТАЙЁРЛАНГАН ПОЙАБЗАЛЛАР

Ҳар куни нам латта билан артинг. Агар ёғин-сочинли кун бўлса, кремланг, лекин чарм пойабзаллар учун мўлжалланган кремдан фойдаланманг. Чунки унинг таркибидаги мум пойабзалингизга сингиш ўрнига юпқа қатлам ҳосил қилади ва лойни ўзига тортади. Бундай пойабзаллар махсус крем билан кремланади.

ЛОКЛАНГАН ПОЙАБЗАЛЛАР

Ҳар куни нам латта билан артинг. Агар лой ёпишган бўлса, уни спирт билан тозаланг: спирт локни емирмайди.

Ҳафтада бир марта таркибида мум бўлмаган крем билан кремланг. Крем таркибида ланолин ёки глицерин бўлиши лозим. Улар локланган юзани ёрилишлардан асровчи юпқа қатлам ҳосил қилишади ва пойабзални ялтиратади.

ЗАМШ ПОЙАБЗАЛЛАР

Қора ва жигарранг пойабзалларни нам латта билан артиш, бошқа ранглиларини эса кимёвий тозалашга бериш тавсия этилади. Бундай пойабзалларни махсус чўтка билан тозалаш керак.

Ҳафтада бир махсус сув ўтказмайдиган спрей билан ишлов беринг. Агар ҳар куни ёмғир ёғадиган бўлса, бу ишни ҳафтада бир неча марта такрорланг.

ПОЙАБЗАЛНИНГ УЧ «ДУШМАНИ»

Болалар креми

Кўпчилик болалар креми пойабзал учун энг яхши ҳимоя деб ўйлайди. Аслида бундай эмас: у пойабзални юпқа мойли қатлам билан қоплаб олади ҳамда чанг ва лойни ўзига тортади. Бундан ташқари, болалар кремидан фойдаланилганда, чарм жудаям ёғлилашиб кетади.

Иситиш батареяси

Пойабзални асло иситиш батареяси устида ёки ёнида қуритиб бўлмайди. Чарм тортилиб, пойабзал кичрайиб қолиши мумкин. Пойабзални қуритиш учун унинг ичига газета тиқинг, сўнгра батареядан 30 сантиметр узоқликка қўйинг.

Махсус чўтка (губка)

Доимий равишда губкадан фойдаланиш мумкин эмас. Унинг таркибидаги силикон пойабзални тез емирилишига олиб келади.

Юқоридаги тавсия ва маслаҳатларга амал қилсангиз, пойабзалингиз сизга кўпроқ хизмат қилиши шубҳасиз.

ДИЛШОДБЕК тайёрлади.



Муаллиф ҳақида

Abduvali

Leave a Comment