Шеърлар

Баҳор юртга бўлмиш сафарбар

Муаллиф Abduvali

Тоққа борган овчи орқали
Юборибди бойчечак хабар.-
Якун топиб қишнинг қамали,
Баҳор юртга бўлмиш сафарбар.

Булут тортар юзига қўёш –
Гўё ҳуснин яширар малак.
Товус патин ёйганга қиёс,
Кўк тоқида ёнган камалак.

Шаддод қизлар ялпизлар излаб,
Адирларни қиларлар ўтоқ.
Тонг шабнамин симирмоқ истаб,
Тамшаниб, лаб очади бутоқ.

Эрта келган қалдирғоч – ромчи,
Пастлаб учар, янгилик кутиб.
Булутнинг кўз ёриши – томчи,
Наъра тортар тулғоғи тутиб.

Қор, ёмғирлар ювган, бокира,
Туман аро боқаркан маъсум,
Шўхликлари ярашар бирам,
Эрка қизга ўхшар бу мавсум.

Баъзан қалбим ўртайди сўроқ,
Яшилликда не синоат бор.
Барча фасл суюкли, бироқ,
Нимагадир ўзгача баҳор.

Қаранг, атроф кундан кун шинам,
Кўкламнинг хуш атридан мастман.
Ёзга, кузга, қишга йўқ гинам,
Фақат, бироз баҳорпарастман.

Хуршид НУРУЛЛАЕВ



Муаллиф ҳақида

Abduvali

Leave a Comment