Шеърлар

Юртим баҳори

Муаллиф Abduvali

Гарчи баҳор уйғониш фасли,
Эрта ё кеч келар ҳар юртга.
Йил – ўн икки ой бўлса-да, асли,
Ўлкамга тенг бўлинган тўртга.

Баҳор – йилни бошлаган мавсум,
Тўнғич фарзанд каби ардоқли.
Аксар қилса кунлар табассум,
Гоҳ тунд, гоҳ мамақалдироқли.

Қишдагидек баъзан ёғар қор,
Ўлат бўлар мева гулига.
Камалак – кўк тоқидаги дор
Ё пояндоз булут йўлига.

Елвезакнинг бобоси – шамол
Ачиқланган чол каби қайсар.
Мурғак қаддин кўтаролмай, дол
Қовжираган куздаги майса.

Қочсин дея заминнинг нами,
Бобо қуёш қилар ҳафсала.
Шўрлик деҳқон, келар алами,
Ёмғир қуяр, ортидан жала.

Не қилса ҳам, барибир ёқар
Бу шўхлиги, инжиқликлари.
Томиримга ирмоқдек оқар
Қалбнинг соғинч – интиқликари.

О, гулбаҳор, о севги фасли,
Эслатасан юрак борлигин.
Оламда не бор ҳамнафасли,
Кўкдош, заминдошу ёрлигин.

Юрт узра бахт насими елар,
Тинчлигинг бор, бордир ошагинг.
Ёлғиз истак қалбингда: келар
Яшагинг, яшагинг, яшагинг.

Хуршид НУРУЛЛАЕВ



Муаллиф ҳақида

Abduvali

Leave a Comment