Ҳажвиялар

Тўғри гапнинг тўқмоғи

Муаллиф Abduvali

“Тўғри гапнинг тўқмоғи бор”, деган гапни билардим-у, бошимга тушади, деб ҳеч ўйламаган эканман. Хотиним эрталабдан кайфиятимни бузди.

— Бегим, бугуннинг ҳисобидан ўрнингиздан турасизми-йўқми? — деб ноз билан тепамга келганди:

— Турмуш қурганимиздан бери шу пластинкани айлантирасан? Тўққиз  йилдан бери шу гап! — деб энсамни қотирдим.

— Тўққиз йилу беш  ой,  — деди “доно” рафиқам.

— Ана, ана! Бирор марта: “Шу эр-ку! Гапирган гапига “Хўп” деб қўя қолай”, демайсан. Шунча йилдан бери ҳали бирор мартаям иккаламизнинг гапимиз бир жойдан чиқмаган.

— Чиқмаган! Чиқмайдиям! Чунки буни сиз хоҳламайсиз! — деди хотин ҳам жаҳл отига миниб.

— Яна мен айбдор!

— Эркак одамга тўрт соат уйқу етарли, ўрнингиздан туринг.

— Сизга-чи, сизга?

— Менга  нима қипти? Болам-чақам, уйим-жойим, деб эрталабдан куймаланиб юрибман.

— Демак, мен ҳеч нарсани ўйламайман. Демак, мен кўча хандон — уй зиндонман.

— Ўзингиз шунақа деб турганингиздан кейин, мен қаршилик қилаолармидим?

— Тушунарли! Демак, сизга  ичмайдиган, чекмайдиган, ухламайдиган, “гаҳ”  деса,   қўлингизга  қўнадиган  топармон-тутармон  эр керак?

— Бунақа  эр кимга ёқмайди?

— Ёқади, лекин тўғри келмайди.

— Кимга?

— Сенга! Сенга тўғри келмайди! Тўғрироғи, қўлига игна  олиб, тугма қадашни билмаган сендай хотинга…

— Вой, вой, вой! Ўзлари-чи, ўзлари? Ҳатто эшикнинг қулфини тузатолмайсиз-ку?

— Ҳар ҳолда шимга сендан кўра тузукроқ дазмол босаман.

— Шу кунгача шимларингизни ўзингиз дазмоллаётган экансиз-да?

— Бўлмасам-чи! Ҳамманинг олдида шарманда бўлиб, иккита чизиқли шим  кийиб юргандан кўра… Ўзи… ўшанда тузукроқ суриштирсам, бўларкан.

— Мен ҳам “Яхши йигит, эшик  қулфини тузатишни биласизми,  электр чойнак, фен, дазмол,  деган нарсалар  бузилиб қолса, уста  чақириб, юрмаймизми?” деб сўрасам бўларкан…

— Кир ювилмаса, дазмол нимага  керак? Тунов куни ишхонада дастрўмолимни чўнтагимдан чиқарувдим, бир ҳамкасбим: “Пойафзал артадиган латтангизни менгаям бериб туринг, ботинкамни артволай”, деди. Уятдан ер ёрилмади,  ерга кириб кетмадим…

— Ажаб бўпти! Сиз менга таъна қилгандан кўра сигарет чекиб  уйни тутунга тўлдиришингизни гапиринг. Мен бечоранинг қўлим сигарет ҳиди ўтириб қолган парда-ю, кийим-кечакларни ювавериб жомашовда чирияпти!

— Тўққиз йил-у беш ойдан бери аҳвол шу… Иккаламизгаям ҳайкал қўйиш керак экан, бўлмаса!

— Тўхтанг, тўхтанг. Тўққиз йил-у беш ой дедингизми?

— Дедим, нима, яна нотўғри гапирдимми?

— “Сенга чидаган менга раҳмат”, дедингиз…

— Десам нима бўпти?

— Ҳеч нарса. Менам шундай девдим. Гапимиз бир жойдан чиқди!

— Буни қара-я, тўққиз йил-у беш ойдан бери биринчи марта шунақа бўлди!

— Унда менга р-р-ростини айтинг! Мендан бошқасига уйланган бўлармидингиз?

— …

— Масалан, мени учратмаганингизда? Дугонам Шаҳзодага уйланармидингиЗ?

— Шаҳзодага? Қайрилиб ҳам қарамаган у менга!  Совчиларимни қайтарворувди… Йўқ, Шаҳзодага  уйланолмаган бўлардим.

— Гўзалга-чи?

— Қайси Гўзалга? Фақат исмигина гўзал-ку уни! Турқи-таровати эсингдами, ўзи?

— Ўзи гўзал бўлмасаям, отасини биласиз, фалончи! Кимсан фалончининг куёви, рўзғорнинг ташвиши йўқ, ҳаётдан воз кечмасдингизов, деб ўйлаяпман?! — деса, мен тўғрисўз одамман-де:

— Тўғри айтасан, бу “номзод”ни ўйлаб кўрса арзийди! — деб юборибман, қаранг!

Бола-чақани йиғиб, онасиникига аразлаб кетганига, мана, бир ҳафта бўлди. Мен бечорада нима айб? Ўзи гапирди, мен жавоб қайтардим. Бир танишим: “Аёлингиз қайси соҳада ишлайди?” деб сўраганида, “Тиббиёт соҳасида”, десам. “Шифокорми?”  деганди. “Йўқ, зулук!” дегандим. Жуда тўғри айтган эканман!

— Войдод! Зулук чақди!

Эҳсонбей

Манба: tasvir.uz



Муаллиф ҳақида

Abduvali

Leave a Comment