Фото-Нигоҳ

Фото: Ёмғирдан сўнг Қаршидаги кўчанинг аҳволи

Муаллиф Abduvali

Озгина ёмғир Қарши шаҳри кўчаларида мўлгина сув йиғаётгани бугун пайдо бўлган муаммо эмас. Йиллар ўтаяпти, йўллар узаяяпти, бироқ ҳар йили ёғингарчилик мавсумида бир хил манзара: кўча бўйларида каттаю кичик кўлмакка дуч келасиз. Чамаси бунга масъуллар ҳам кўникиб қолишди чоғи, шаҳар йўллари бўйлаб ўтган сув йўлларини тўғрилаш, кўчаларни сув босмаслиги учун ҳеч бир чора кўришмаяпти.

Мисол учун, Амир Темур кўприги яқинида Қашқадарёдан кичикроқ яна бир дарё пайдо бўлди, десак ишонаверинг. Машиналарнинг сув ичра юргани ким билади, масъулларга ажиб бир романтика бўлиб кўринадими, на йўлни текис қуришган, на бир ўрнатган лотоклари ёғин сувларини оқизиб кетади.

Ёмғир суви экин-тикинга фойда, бироқ минглаб машиналар ўтиб-қайтган, мойи билан булғанган “сув” хориждан фалон пулга олиб келинган манзарали дарахтларга наф бермаса керак. Бироқ начора: чет элдан келтирилган ноёб кўчатлар шундай сувдан “баҳраманд” бўлиб турибди.

Насаф ва Ўзбекистон кўчаларидаги лотоклар эса узоқни кўрмай, билмай, уқувсизлик билан ўрнатилгани ўтган кунги ёмғирда кўриниб қолди. Аслида сувни аниқ ўзанга бошқариши керак бўлган лотокдан қайтага йўлга сув тошиб кетди.

Чақар маҳалласидаги 4-мактаб кўчаси эса ўқувчию ўткинчи, пиёдалар учун деярли ёпилди. Фақат иши зарил ҳайдовчилар ўз машинасида сунъий “кўл”дан кечиб ўтди, холос.

Албатта, бундай манзаралар наинки вилоят маркази, бошқа жойга ҳам ярашмайди. Яхшиямки, сел, сув тошқинлари хавф соладиган минтақада яшамаймиз. Бўлмаса йўлсоз-масъуллар узоқни кўрмаслиги ва мавсумни ҳисобга олмаслиги билан ҳамма жойни сув бостириб юбораркан.

Н.ХЎЖАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.



Муаллиф ҳақида

Abduvali

Leave a Comment