Шеърлар

Диёримга баҳор муборак

Муаллиф Abduvali

Эзгу мақсад кўзланган ишда,
Натижаси бўлгайдир улуғ
Қалбни гўзалликка бошлаган
Гул – баҳорнинг қўлидаги туғ.

Ел – гул ҳидин димоққа уриб,
Кўнгилларга уйғотиб ҳавас,
Тортар, ҳар ён чаман, энди йўқ
Қиш – қалб эркин чеклаган қафас.

Бу хуш эпкин ёритар дилни,
Туққанмикан кўкдаги чақин.
Кўкрак ичра ураркан ўзин –
Юрагингга бўлай дер яқин.

Хаёлингнинг давоми дала –
Кўнглингдек тинч, оромлар юрти.
Мағлуб тоғлар, тутиб оқ мато,
Уфқ бўйлаб саф тортган бўртиб.

Кўкда қуёш, тангри элчиси,
Уяласан, ташлолмай нигоҳ, –
Одам зоти табиат билан
Қўшилсин деб ўқийди никоҳ.

Чўпон энди тонгнинг шериги,
Қўлда таёқ, қўйнида патир.
Яшил либос кийиб эгнига
Пода билан безанар адир,

Тоғлар ҳалак, қаҳрабо булут
Қўним топмас чўнг бошларига.
Гўдак каби қиқирлар жилға.
Тутқич бермай тоғ тошларига.

Уфқ – ношуд келиндан хуноб
Қайнонадек қовоғин уяр.
Ёмғир – кўзи ёриркан оғир,
Томчиллабмас, пақирлаб қуяр.

Хавотирга қолади қишлоқ,
Дўнглик томон ошиқади эл.
Ирмоқларни қамчидек сермаб,
Аждарҳодек пишқиради сел.

Бу баҳорги одатий ҳолат,
Ёдда қолсин деган ваҳм, холос.
Аксар кунга ҳокимдир қуёш,
Тунга юлдуз – кўзлари чарос.

Ва туйғулар, қалбга сиғмаган,
Кўзга севинч ёғдирган гуллар.
Дилдан ғубор булутдек тарқаб,
Баҳорга айланар кўнгиллар.

Ёз, куз, қишнинг фарқи ҳам шунда,
Гарчи йилдан тегар тенг чорак.
Юртим асл юзин кўрсатган,
Диёримга баҳор муборак.

Хуршид НУРУЛЛАЕВ



Муаллиф ҳақида

Abduvali

Leave a Comment