Ҳажвиялар

Олмос тўй

Муаллиф Abduvali

Газетадаги “Ҳурматли аёллар, сизлар чиндан ҳам ишдан итдай чарчаб, қорни оч, бир ҳафта давомида 6 соат ухлаган эрингиз уйга: “Хотиним билан бир мазза қилиб суҳбатлашай”, деган ният билан кириб келади, деб ўйлайсизми?!” деган гапни ўқиб, танам яйраб турганида… ошга пашша тушди!

— Дадажониси…

— Нима дейсан? Сотиб олақол! Пул ҳар доимги жойда турибди, — дедим кўзимни газетадан узмай.

— Бу нима деганингиз? Ҳеч нарса сотиб олмоқчи эмасман.

— Йўғе? Наҳотки?! Бўлиши мумкин эмас!

— Шунчаки, бундоқ одамларнинг эрига ўхшаб, мен билан гаплашиб ўтиринг, демоқчийдим.

—  Гаплашиб ўтиринг?! Ё, тавбангдан кетай! Ахир ҳозиргина… нонушта қилаётиб гаплашдик-ку…

— “Яна ширгуручми?!… Тухум қовурмабсан-да?… Чойдан қуй!” деб мазза қилиб,  суҳбат қурибмиз-да, бўлмаса! Сизга қолса, умуман овозимни чиқармасам…

— Ёмон бўлмасди. Манави газетани тинчгина ўқиб олардим.

—Ўзи охирги пайтларда жудаям асабий бўлиб кетаяпсиз. Мана, ҳозир ҳам менга бақирдингиз.

— Бақирганим йўқ. Ўзи овозим шунақа — баланд. Гапириш  оҳангим дағал.

— Менга уйлангунингизча овозингиз паст, гапириш оҳангингиз мулойим эди-ку?! Сизга бағишлаган шунча йиллик умримнинг мукофоти шу экан-да, раҳмат! Мен билан гаплашиш учун ҳатто шу ордона қолгур газетани ўқишдан ҳам воз кечолмайсиз! Миннатдорман!

— Оббо! Йўқ жойдан шунча гапми? Майли, ке, гаплашсак, гаплаша қолайлик.

— Йўқ, энди газетангизни ўқийверинг.

— Йўқ, энди гаплашамиз! — дедим мен ҳам газетани бир четга суриб. — Айтгандай, гаплашиб тўйиб олайлик! Бугун мен кеч қайтаман. Оғайнилар билан олмос тўйимни нишонламоқчиман! —дедим “олмос” сўзига атай урғу бериб. Хотиним сергак тортди.

— Олмос тўй?! Шунақасиям бўларканми? Кумуш тўйни эшитганман, олтин тўйни эшитгандим,  “олмос тўй” деганини биринчи эшитишим.

— Ҳа, шунақа тўй бор! Оила қургандан кейин етмиш йил ўтиб нишонланади…

—  Вой, эсингиз жойидами, дадаси?! Эллик етти ёшга тўлган одамнинг қандай қилиб…  уйланганига етмиш йил тўлади?

— Тўғри, ўттиз беш йил бўлди. Аммо ҳар бир йили нақ ўн йилга татийдиган турмуш  бўлса, 350 йил бўларди! Мен инсоф билан икки йилга татийди, деб ҳисоблаяпман! Демак,  етмиш, десак тўғри бўлади!

— Буни қаранг-а? — деди хотиним энсасини қотириб. Мен эса ҳужумни бўшаштирмай, “маънавий ҳужум”га ўтдим.

— Кеча бир туш кўрибман, дегин. Йўлда кетаётсам, бирдан ичимдан қандайдир овоз келиб: “Тўхта! Ҳозир рўпарангдаги дарахт қулайди”, деди. Ҳайрон бўлиб тўхтасам, ҳақиқатан ҳам уч-тўрт қадам наридаги дарахт қулади.

— Ё, тавба!

— Йўлимда давом этсам, бояги овоз яна қулоғимга чалиниб: “Тўхта! Ер ёрилади!” деди. Айтсам, ишонмайсан, ҳақиқатан  ҳам ер ваҳимали ёрилди-ю, яна ёпилди. Қўрққанимдан дағ-дағ титраб: “Сен кимсан?” деб сўрадим. “Ички овозингман” деган овоз келди. “Нега аввал сени эшитмагандим?” десам, “ухлаб ётгандим” дейди!

— Уни қаранг!

— Кейин, “Қани, кўриниш бер-чи” дегандим, кафтимда ғалати бир мавжудот пайдо бўлди. Аламимдан “уйланаётганимда қаёқдайдинг, аблаҳ?!” деб эзиб ташладим! — дедим тантанавор оҳангда. — Мана кўриб турибсан, сенинг шарофатинг билан “олмос тўй”имни кўзда кўзойнак, тепакал бош билан нишонлаяпман! —дедим писанда қилиб.

Болаларнинг онаси заҳарханда табассум билан оғиз жуфтлади… Ҳа, аҳмоқ одам! Бинойидай “қўлим баланд” келиб турганда, бошдаги сочни эслатиб нима қилардим?! Шунча йиллик даҳанаки жангларда “тобланган” маликам фойдаланди-қўйди!

— Ана, кўрдингизми? Ҳатто сочингиз ҳам  сиз билан яшашдан чарчаган. Шунча йил чидаган менга раҳмат, денг! — деди-ю, ҳисобни бир-у бир қилиб, ўрнидан туриб  кетди.

ЭҲСОНБЕК.

Манба: tasvir.uz



Муаллиф ҳақида

Abduvali

Leave a Comment