Мақолалар

Мусулмонни кофир дейиш ҳукми

Муаллиф Abduvali

Бу масала жуда ҳам нозик ва хатарлидир. Мазкур хусусда “Шарҳи “Ақидатут Таҳовия” китобида қуйидагилар айтилади: “Аҳли қиблалардан бирортасини гуноҳ туфайли кофир қилмаймиз. Модомики, ўшани ҳалол ҳисобламаса”.

Бу каби масалаларда “аҳли қибла”дан мурод, Пайғамбар (с.а.в.) келтирган жами нарсаларга иймон келтириб, диннинг асосий нарсаларидан бирортасини инкор қилмаганлар кўзда тутилади. Аҳли сунна вал жамоа ҳаммалари гуноҳи кабира қилган мўмин бутунлай миллатдан чиқиб кетадиган кофир бўлмаслигига иттифоқ қилганлар. Чунки куфр иккига бўлинади: эътиқодий ва амалий, бошқача қилиб айтганда, исломдан чиқарадиган куфр ва мажозий куфр. Баъзи бир гуноҳларнинг оят ва ҳадисларда куфр деб аталиши айнан амалий-мажозий куфрдир.

Аммо бундан “гуноҳларни қилаверса бўлар экан”, деган фикрга бориш керак эмас. Бу маънода жуда эҳтиёт бўлмоқ лозим. “Гуноҳни қилаверса бўлар экан”, дейишнинг ўзи куфрга олиб боради.

Анас (р.а.)дан ривоят қилинади: “Пайғамбар (с.а.в.): “Лаа илаҳа иллаллоҳу” деган кимсага тегмаслик: Гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз. Амали туфайли уни исломдан чиқармаймиз”, дедилар” (Абу Довуд ривояти).

Бировни кофир дейиш осон иш эмас. Чунки бу ишнинг орқасидан келиб чиқадиган ҳукмлар ҳам ўта хатарлидир. Имом Бухорий Ибн Умар ва Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар (с.а.в.): “Қачон киши ўз биродарига “Эй кофир”, деса, икковларидан бири ўшандоқ бўлади”, деганлар.

Иккинчидан, бировни кофир деб ҳукм чиқарилса ва ўшандоқ бўлса, ортидан ўта хатарли ишлар содир бўлиши лозим.

1. У билан хотини орасидаги никоҳ бузилади.

2. Жамият аъзолигидан маҳрум бўлади.

3. Унга маҳкама томонидан муртад деган ҳукм чиқарилади.

4. У ўлса, ювилмайди, кафанланмайди, жанозаси ўқилмайди, мусулмонлар қабристонига кўмилмайди ва меросдан маҳрум бўлади.

5. Ўша ҳолида ўлса, жаҳаннамий бўлади.

Ҳанафийларнинг машҳур уламоларидан бўлмиш ҳижрий 970-санада вафот этган, “ал-Баҳрур Роиқ” номли китобнинг муаллифи Ибн Нажим (рҳ.а.): “Агар бу масалада кофир дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир демаслик учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизини қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, деганлар.

Куфр гапни айтиб турган одамга шу муомала бўлганидан кейин, мўминлигини айтиб, унга амал қилиб турган одамни турли гаплар туфайли кофирга чиқариб юборавериш мутлақо нотўғри бўлади. Шунинг учун бу ишда ўта ҳушёр бўлиш лозим.

“Сунний ақийдалар”дан

«Ирфон» тақвимидан олинди.



Муаллиф ҳақида

Abduvali

Leave a Comment