Ҳажвиялар

Шукроналик совғаси

Муаллиф Abduvali

“Эрни эр қиладиган ҳам хотин, қаро ер қиладиган ҳам хотин” деган мақолни қалбига жо қилган аёллар суҳбати айланиб келиб, уларнинг майда, йўғ-е, ма-а-а-й-дагина камчиликларига бориб тақалди.
— Эрим гапимни умуман эшитмайдилар, денг Санобар опа! Куни билан уйда ўтиргандан кейин, эри билан мазза қилиб гаплашгиси келади, одамни… Биз аёлларга, эътибор, деган нарсаям керак, ахир, тўғрими? Мана, кеча, чойхонага кетдилар. Шунча қўнғироқ қиламан, қани, гўшакни кўтарсалар?! Улфатлари билан нималарни гаплашишаркин, билмадим?! Ёки…
— Ҳай, ҳай, ҳай, ўргулай Кароматхон, бу гапни оғзингизгаям олманг!
— Гумон ўлсин…
— Кўнглим хотиржам бўлсин, десангиз, эрингизни текшириб кўринг.
— Қандай қилиб?
— Ухлаб ётганида бошига китобми ёки бошқа бирорта енгилроқ нарсани ташлаворинг. Эрингиз уйқусидан чўчиб уйғониб, саросимада сизнинг отингизни айтиб чақирса, яхши! Бошқа исмни айтса, демак, бошига тушириб, тўғри иш қилган бўласиз!
— Йўғ-е, қандоқ бўларкин, ахир жони оғрийди-ку, бечоранинг?!
— Ҳечқиси йўқ. Шахсан ўзим, эржонимнинг садоқатларини йилига ўн марта худди шу усулда текшириб тураман.
— Фойдаси бўляптими?
— Нафи тегяпти, шекилли… Илгарилари сканвордни бирпасда ечардилар, ҳозир битта сканворд бир ойга етяпти. Бу фойда бўлмай, нима?!
— Бир мартаям шу маслаҳатни берувдингиз, опа. Айтганингизни қилганимдан кейин эрим уч кун дудуқланиб юргандилар…
— Уйқусида исмингизни чақирувдими, ишқилиб?
— Чақирувди. Эрим менга содиқ! — деди қаддини ғоз кўтариб Кароматхон.
— Демак, хўжайинингизнинг миясида исмингиз маҳкам турибди. Бошқача йўлини қилинг. Тўсатдан қулоғининг тагида йўғон овозда гапириб кўринг-чи, нима бўларкин? — деди бўш келмай Санобар опа.
— Қўрқаман, опажон! Бир гал деразани юваман, деб токчадаги кактусларни диванга олиб қўйганимда, хўжайиним эътибор қилмасдан шундоқ диванга чўзилганлар. Ўшанда тилига қадалган тиканларни олаётганимда, гапларимни шунақанги диққат билан эшитган, ҳалигача ўша суҳбатни соғинаман…
— Эрнинг эътиборини тортиш учун бирорта кутилмаган, қойилмақом совға бериш керак! — деди даврадагиларнинг энг ёши Гулмирахон суҳбатга қўшилиб.
— Бир марта “қойил қолдирай” деб гаражни йиғиштирганман! Эрталабдан кечгача кераксиз темир-терсакни тилим осилиб, ахлатга чиқариб ташлаб, ҳаммаёқни чинни-чироқдай қилиб қўйдим. Буни кўриб, эримнинг тили танглайига ёпишиб қолди. Оғзини каппа-каппа очиб ёпади, лом-мим деёлмайди… Балки ўшанда гараж эшигига осган пардамнинг ранги ёқмаганмикин, а? — деди Кароматхон.
Бу гапдан Кароматхонга билдирмай, ҳамма мийиғида кулди. Пайтдан фойдаланган Гулмира гап мавзусини совғага бурди.
— Кеча денг, Маматали акам, ранги-рўйлари бир аҳвол уйга кириб келсалар, қўрқиб кетдим. Дабдурустдан, “Машина қани?” деб сўрабман, қаранг! У киши бўлса, “Гулмирахон, менга ўз хоҳишингиз билан турмушга чиққанмисиз ёки ота-онангизнинг раъйини қайтаргингиз келмаганми?” десалар бўладими? “Нималар деяпсиз? Уч йил изимдан эргашиб, ҳоли-жонимга қўймай, ўзига ром қилган сиз эмасми? Ахийри меҳрим тушиб… мана, энди жуфти ҳалолингизман”, дедим. “Демак, мени яхши кўрасиз?” дедилар хотиржам тортиб, cўнг:
— Айтинг-чи, биров эшикдан келиб, сизга “Эрингиз машинаси билан дарёга чўкиб кетди”, деса нима қиласиз? — дедилар. Рангим ўчиб:
— Ҳай, ҳай, нафасингизни иссиқроқ қилинг-е! — дедим.
— Саволимга жавоб беринг, бу жуда муҳим, — дедилар. Шунда мардлигим тутиб:
— Мен бунақа кўргиликка чидолмаган бўлардим! Ўша сиз чўккан жойга бориб, ўзимни сувга ташлардим! — дедим.
— Бордию, кутилмаганда бошқа одам келиб, “эрингиз машинадан ўзини ташлаб омон қолган экан”, деса-чи?
— Хушхабарининг суюнчисига яп-янги машина совға қилардим. Дадамга айтсам, олиб берадилар, худога шукур, мол-давлатлари етарли… — дегандим. Эримдан: “Ундай бўлса, яп-янги машинани менинг ўзимга бераверинг. Бугун машинамиз дарёга тушиб кетди. Мен ўзимни ташлаб, бахтингизга омон қолдим. Дадамизга қўнғироқ қилинг, машина бозорга борайлик. Худога шукур, мол-давлатлари етарли…” деган жавобни олдим!
Аёлларнинг кўпчилиги ичида “Отасининг мол-давлати етарли аёлларга мазза-да…” деб ўйлашди, эҳтимол. Муҳими, ўша эркакка бошқа эркакларнинг ҳаваси келмасин-да. “Яхши хотин — давлат”, деган гапни улар ҳам эшитишгандир, ахир?!

Дилдора НАЗАРОВА

Манба: tasvir.uz



Муаллиф ҳақида

Abduvali

Leave a Comment