Шеърлар

Февраль кунлари

Муаллиф Abduvali

Баҳорни туш кўрар февраль кунлари
Беозор ёғиши ёқимли ёмғир.
Осмонга қайтади юлдуз тунлари,
Ой юкли келиндек судралар оғир.

Кун, қуёш, кўк тиниқ, сокин қир, дала,
Тоғ оқ тўн ўранган – посбонга тимсол.
Ғўзапоя ердан ўрилган чала
Ғалла майсалари титрайди беҳол.

Кунлар бахт, ҳолбуки омонат дилга,
Лекин қор қиш учун беқиёс чирой.
Февралку – иккинчи фарзандир йилга,
Навоий, Бобурдан обрў топган ой,

Ҳали кўп изғирин қиш бисотида,
Қуёшнинг порлаши саналмас баҳор.
Ёмғирни ҳайдаган шамол ортидан
Февралга зеб бериб ёға бошлар қор.

Кичкина чиллада мавсумлар баҳси,
Айрим кун қиш ғолиб,баъзида баҳор.
Ошар гоҳ ҳаддидан шамолнинг нафси,
Гоҳ кўкда камалак – рангин эгик дор.

Йилнинг ой кунлари мудом улгуржи,
Вақтга бегонадир асрлик, қамал.
Ўрнида собитдир юлдузлар буржи,
Далв, ҳут ортидан эргашар ҳамал.

Бир-бирин қайтармас февралнинг тонги,
Қаҳратон муқуммас – мисоли жазман.
Йил қисқа, кабиса эмас қачонги ,
Баҳор бир кун олдин келади расман.

Бизни шод этай деб кунлар эврилар,
Гарчи ўзгартирмас улар дунёни.
Арафа даврига ўхшайди февраль,
Йигирма саккиз кун интиқлик они.

Хуршид НУРУЛЛАЕВ



Муаллиф ҳақида

Abduvali

Leave a Comment