Мақолалар

Кўчада ётган одам ким у? Қизиқдингизми, эътибор бердингизми?

Муаллиф Abduvali

Шаҳримизнинг Мирзо Улуғбек тумани, Зиёлилар кўчаси, биринчи муюлиш. Йўл чеккасида, кексароқ бир дарахт тагида 30-35 ёшлар атрофидаги бир йигит ерга юзтубан йиқилиб ётибди. Бир қарашда маст аҳволда ағаниб ётган ароқхўрга ўхшайди (Ҳар ҳолда ўтган-қайтганлар шундай фикрга боришяпти). Аммо яхшилаб эътибор берилса эгни-боши тузуккина, одатий иш кийимидаги фуқаро. Унда нега бу аҳволда ётибди ­экан?

Кўча бўйлаб енгил автомобиллар, автобуслар мунтазам қатнаб турибди. Кун очиқ бўлса-да, изғиринтоб шамол этни чимчилаб, қулоқларни беаёв қизартирмоқда.

“Ичкилик роса меъёридан ­ошиб кетибди, шекилли. Хурмачасига сиқса ичмайдими, а? Тавба, кўчада  чўзилиб ётишини қаранг”. Бу шу муюлишдан ўтиб қайтаётган аксарият  одамларнинг фикри.  Шу томонга сал бурилса ҳаққи кетиб қоладигандай, ғоз юриш қилиб ўтиб кетаётган одамлар кўз қирини ўша томонга ташлаб ўтади. Чамаси 18-20 ёшлардаги, нигоҳларидан беғуборлик ёғилиб турган бир қиз “Шундай қилсам бўлармикин?”, дея ижозат сўрагандай теваракка бир қараб олади-да, сал ҳадик билан ерда ётган кишига яқинлашади. Уни туртиб кўради…

Бу бир қарашда оддий ҳодисага ўхшаб кўринади. Тан олайлик, чиндан-да, баъзан кўча-кўйда худди шундай ҳолат устидан чиқамиз. Хўш, нима қиламиз? Виждонимизга савол бериб кўрайлик. Қандай йўл тутамиз? Яширишнинг сира ҳожати йўқ. Кўп ҳолларда жимгина оғримаган бошимизнинг омонлигини ўйлаб, кўрмаганга олиб ўтиб кетаверамиз. Хаёлимизда тағин ўша фикр: “бир ароқхўр-да!”. Нега энди фақат уни маст ҳолда тасаввур қилишимиз керак, балки у касалдир. Юрак хуружи тутиб йиқилган, қон босими тушиб, ҳушини йўқотган бўлса-чи? Шулар ҳақида ҳам бирор марта ўйлаб кўрдикми?  Хўп, балки у ростдан ҳам ичкиликнинг зўридан шундай  аҳволда ётгандир. Аммо ароқхўр бўлса нима? Барибир у инсонку. Нега энди бундайларга ёрдамлашишни ўзимизга ор билиб қолдик. Қачондан бери ёрдамга муҳтож инсоннинг олдидан лоқайдларча ўтиб кетадиган бўлдик ўзи? Ахир, қаҳатчилик замонларида бир бурда нонни қирқ бўлиб еган, уруш йилларида қанчадан-қанча миллат вакилларини меҳр билан бағрига олган, ўз боласи оғзидаги ризқнинг ярмини мушфиқларга тутган халқ биз эмасми?!

Оқибат деган тушунчани  ҳамма тилга ҳам ўгириб бўлмайди. Ер юзининг қанча жойларида, балки бундай тушунчанинг ўзи ҳам мутлақо йўқдир. Бизда эса оқибатсиз одамлар борлигини, эътиборсиз одамлар борлигини тасаввур этишнинг ўзи оғир. Агар бундай ҳолатни юз йил олдин ­яшаган бирор аждодимиз келиб кўрганда бизни уятсизликда айб­лаб кетган бўларди, эҳтимол.

Аслида халқимизни ўта бе­фарқ­ликда қоралаб ҳам бўл­майди. Ўтиб кетаётган одамларнинг кўзлари зимдан ўша ерда ётган одамга қадалгани, нигоҳларида “Нима бўлди экан?” деган хавотир зоҳирлиги сезилиб турибди. Қизиқувчан, куюнчак халқмиз. Аммо нимадир энгашиб йўлакда ағанаб ётган одамни турғизишимизга ҳалал бераяпти. Нима у? Дийдамиз қотдимикан? Ҳар хил воқеа-ҳодисаларни ижтимоий тармоқларда кўравериб кўзларимиз пишиб кетдими? Кўп нарсаларга одатий ҳол сифатида қарайдиган бўлиб қолдикми?

“Эзгулик — илм эмас, у фаолиятдир”, деган эди Р. Роллан. Эзгулик, умуминсоний қад­риятлар, инсонпарварлик ҳақида ҳамма жойда тўлиб-тошиб гапирамиз. Телевидение, радио, матбуотда бонг урамиз. Адабиётга, илм-маърифатга дахлдор одамларнинг бари бу мавзуда соатлаб маъруза қилиши мумкин. Чинакамига кимгадир кўмак керак бўлган пайтда эса нега ҳеч ким топилмай қолаяпти.

Эл ғуссасини сингурмагинг мақсуд эт,

Бу шева билан оқибатинг  маҳмуд эт.

Ҳазрат Навоий ўз замонида эл ғами билан яшаш чин инсоний фазилат эканлигини, оқибатнинг азалий ҳикматини бот-бот таъкидлаган эди. Бугун эл ғами билан яшаш ҳаммага ҳам эмас. Ўзимиздан орт­май қолгандекмиз. Аммо биттагина инсонга қилган яхшилигимиз, биргина иложсизнинг қўлидан тутганимиз ўз ҳаётимизни ҳам нурга тўлдирган бўларди. Бу ҳақда Қобусномада шундай фикр келтирилади: “Бирор бир кимсага яхшилик қилсанг, шуни билки, сенинг саховатингдан у беҳад шод бўлгани каби, сенга ҳам шунчалик завқ насиб этади”.

Ўзбекмиз. Буюк халқнинг, буюк миллатнинг авлодларимиз. Лоқайдлик, бефарқлик бизга асло ярашмайди. Балки ўша йўлакда ётган кимса ҳам кимнингдир жондай азиз жигари, бировнинг отаси, бировнинг дилбанди, бировнинг ёлғизидир?!

Мадҳия АВАЗОВА,

“Инсон ва қонун” мухбири



Муаллиф ҳақида

Abduvali

1 Билдирилган фикр

  • Bu holatga ko’p yillar bo’ldi. Shoshilinch tibbiy yordam Travmotologiya bo’limiga bir xolat sabab borgan edim. odam ko’p. har xil xolatlar yuzasidan bemorlar, vrachlar shoshilinch yordam ko’rsatishga harakat qilishmoqda. Lekin u yerda 2 ta xuquqni muxofaqa qilish organi xodimlari ham bir ayolni so’roq qilishardi, beixtiyor ularni suxbatini tinglab turdik. Ma’lum bo’lishicha Bu rusizabon ayol, ko’chada yo’l chetida yotgan bir yigitni ko’rib qolib, tez tibbiy yordamga qo’ng’iroq qilgani va tez tibbiy yordam xodimlari uni ham guvoxlikka olib kegani, Militsiya xodimlari u ayolni asosiy aybdor sifatida gumon qilishib joyida tez tergov qilishayotgani bo’ldi. Hammaning ko’z o’ngida ko’chada yotgan bir odam bolasiga yordam bermoqchi bo’lib lekin bunga rosa pushaymon qilayotgani ayol turgan juda g’alati xolat tasvirlangan edi.

Leave a Comment