Шеърлар

Айтмоқ учун онсон эллик икки кафан

Муаллиф Abduvali

Эллик икки устунидан айрилди юрт,

Ўзга юртдан келди эллик икки тобут,

Юртим узра чўкти мунгли, дардли сукут,

Айтмоқ учун онсон эллик икки кафан.

Бор болангни қайтариб кел Она Ватан.

 

У қандай ўт шунча жонни куйдиргувчи,

Қандай олов фақат Ўзбек ўлдиргувчи,

Не азоб бу тирик жонни куйдиргувчи,

Айтмоқ учун онсон эллик икки кафан.

Бор болангни қайтариб кел Она Ватан.

 

Ўз юртида ўйнаб кулса бўлмасмиди,

Ажал бошқа йўлдан юрса бўлмасмиди,

Кетмаганда шунча акам ўлмасмиди,

Айтмоқ учун онсон эллик икки кафан.

Бор болангни қайтариб кел Она Ватан.

 

Топиб бер деб кимнинг кўнглин муштлай энди,

Оғрийверар қай бармоғим тишлай энди,

Қай хонадон кўнглин бориб хушлай энди,

Айтмоқ учун онсон эллик икки кафан.

Бор болангни қайтариб кел Она Ватан.

 

Оҳ, бу лахат бунча жонга тўймайсан сен,

Кўкси тўлган она дардин билмайсан сен,

Мусофирлар куйиб бўлди куймайсан сен,

Айтмоқ учун онсон эллик икки кафан.

Бор болангни қайтариб кел Она Ватан.

 

Ёшлар оқиб айланмоқда кўлмакларга,

Ака деса ким қарайди мурғакларга,

Ким оталик қилар энди гўдакларга,

Айтмоқ учун онсон эллик икки кафан.

Бор болангни қайтариб кел Она Ватан.

 

Эллик икки устунисиз қолди Ватан,

На иссиқни на совуқни сезмас бу тан,

Мусофирлик буткул кетсин пешонадан,

Айтмоқ учун онсон эллик икки кафан.

Бор болангни қайтариб кел Она Ватан.

 

Кимга ибрат кимнинг кўксин тешди бу ўқ,

Сабрданда бошқа бирор чорамиз йўқ,

Жаннатларга тушар дея кўнглимиз тўқ,

Айтмоқ учун онсон эллик икки кафан.

Бор болангни қайтариб кел Она Ватан.

Қамбарова Наргиза



Муаллиф ҳақида

Abduvali

Leave a Comment