Ҳажвиялар

Ўсмаётган ёшлар

Муаллиф Abduvali

Бўрини икки оёғи боқади дегандек, Холпарангни икки қўли боқади. У тинмай меҳнат қилса керак, дерсиз. Йўқ, янглишдингиз, унинг икки қўли ҳамиша кўксида.

Масалан, икки қўлида икки жомадон кўтариб келаётган бўлсаю, мабодо хўжайини машинада ўтиб қолгудек бўлса, икки жомадонни «тақ» этиб ерга қўядию, машинанинг қораси ўчгунича икки қўли кўксида таъзимда эгилиб туради. Нега деганда, машинанинг орқани кўрсатадиган кўзгусида хўжайини уни кузатиб кетиши мумкин-да!

Айниқса, мажлисларда жони киради. Хўжайини икки оғиз сўз очса бўлди: икки қўли қаваргунча қарсак чалади. Биринчи бошлаб, охири тугатади. Хўжайини ҳатто радиода гапирса ҳам у ўрнидан туриб, қарсак чалиб юборади. Ўтирганлардан битта-яримта: «Cиз радиода гапирганингизда Холпаранг ўрнидан туриб чапак чалди», деб етказишидан умид қилади.

У ёпиқ сайлов усулини ниҳоятда ёмон кўради, чунки унинг овоз бераётганини ҳеч ким кўрмайди-да. Очиқ овоз беришда яйрайди: хўжайин кўрадиган жойга ўтириб олиб, икки қўлиниям баравар кўтаради. Биров нега икки қўлингни кўтарасан деса, мен хўжайинга асирман, деган ҳазил ҳам топиб қўйган.

Ва ниҳоят, меҳнатлари зое кетмади. Уни хўжайини яқинда бўлим бошлиғи қилиб кўтарди. Холпаранг ҳозир икки қўли билан меҳнат қиладиганларни машинасининг орқани кўрсатадиган кўзгусидан кузатиб юрибди. Баъзан таъзимкор ёшлар ўсмаётганидан нолиб қўяди.

Ҳайдар МУҲАММАД

«Оила даврасида» газетасидан олинди.



Муаллиф ҳақида

Abduvali

Leave a Comment