Шеърлар

Наманганга қайтолмаган қардошларим…

Муаллиф Abduvali

Ўйлаб юрак оғрийверар, оғрийди жон,

Бедор тунлар бўғзимгача тиқилар қон.

Ризқ дардида юртдан кетиб соғу омон-

Наманганга қайтолмаган қардошларим…

 

Тирикчилик юкин ортиб елкасига,

Кетишганди мусофирлар ўлкасига.

Уч тўрт «танга» солиб тешик киссасига-

Наманганга қайтолмаган қардошларим…

 

Балки, кетган бир укамни ўқитай деб,

Чакки томган эски томим тузатай деб.

Бўйи етган сингилларим узатай деб-

Наманганга қайтолмаган қардошларим…

 

Кенг дунёлар ҳовлисидек- кўриниб тор,

Бугун-эрта келар дея ўксиниб зор.

Тунлар бедор кутганида Онаизор-

Наманганга қайтолмаган қардошларим…

 

Фарзандларин дийдорига хумор бўлиб,

Суратларин кўксидаги тумор билиб.

«Довонлардан ўтиб бир жуфт Патир олиб»-

Наманганга қайтолмаган қардошларим…

 

Соғинчларни енга олган сабрингизга,

Қадрингизга йиғлаймизда, қадрингизга.

Қай юз билан борайлик биз қабрингизга?!

Наманганга қайтолмаган қардошларим…

 

Дуоларга очилганда қўлларингиз,

Олис эди, узоқ эди йўлларингиз.

«Учар қушга» етмадида пулларингиз-

Наманганга қайтолмаган қардошларим…

 

Йигирмага етмай сизга ажал етди,

Чимилдиқ ҳам кўрмай кетган тенгдошларим…

Сизлар билан миллион диллар куйиб кетди-

Наманганга қайтолмаган қардошларим…

 

Дуодамиз, холис тангри гувоҳида,

Мусофирни асрасин ўз паноҳида.

Шаҳид деган унвон берсин даргоҳида-

Наманганга қайтолмаган қардошларим…

Жасур РАҲМОН



Муаллиф ҳақида

Abduvali

Leave a Comment