Иқтибос

Бамбара мақоллари (46 та)

Муаллиф Abduvali

• Ёғоч ҳар қанча сувда турса ҳам у ҳеч қачон тимсоҳга айланиб қолмайди.
• Дунё қанча ўзгарса ҳам шер тухум қўймайди.
• Жангда қўрқоқлик қилиш зарар эмас, энг катта хавф — «Ҳаммаси тугади» деб ишонишдир.
• «Йўқ» — ёқимсиз, лекин хушомад ва ёлғондан кўра яхши.
• Соф кўнгил «бугуноқ» дейди, муғомбирнинг «эрта»си кўп.
• Ҳақиқатга қийинчилик билангина эришилади.
• Яхшилик уруғини экавер, мевасини сен емасанг болаларинг ейди.
• Яширин ҳасаддан очиқ душманлик афзал.
• Ёмон акадан яхши ўртоқ афзал.
• Осмондан тош ёғса, ҳамма ўз бошини беркитади.
• Ҳамма ҳақиқатни ҳам айтаверма — ёқтиришмайди.
• Жинни алдамайди — у ҳақни бузиб кўрсатишни билмайди.
• Дунёдаги ҳеч қайси зот ўз онангдек бўлолмайди.
• Агар отанг илонга айланиб қолса ҳам уни қўлингда асраб авайла.
• Агар бир аёлни бахтли дейишса, билки, унинг эри — жасоратли.
• Арини уяга қамаб қўйсанг қайдан асал берсин?
• Агар султон билан тенг бўлмасанг, унинг жойига ўтирма.
• Ҳар ҳукмдорнинг ўз замони бор.
• Исноддан кўра ўлим афзал.
• Кўпни ваъда қилгандан озни берган афзал.
• Бировга ёрдам берсанг, сенга ҳам ёрдам беришади.
• Сенга бир парча ер ҳадя қилишса, уни ҳадя берганнинг ҳисобидан кенгайтиришга уринма.
• Ўзингга ёқмайдиган ишни биров учун ҳам қилма.
• Итнинг боши акиллашдан ғовламайди.
• Кучли оёқ юришдан синмайди.
• Суварак хўрозга таъзим қилмайди.
• Топиш осон, сақлаб қолиш қийин.
• Қариганингда ёшликда ёрган ўтининг билан исинасан.
• Оёғинг остида ярқираган балиқни тутаман деб қўлингдагини ташлаб юборма.
• Уйни бир кунда қуриб бўлмайди.
• Инсон ўлади, яхши номи қолади.
• Тўкилган сувни йиғиб бўлмайди.
• Олов керак бўлса, тутунига ҳам чида.
• Агар Ерда яшаш ёмон эмаслигини англаган бўлсанг, демак ўзингни топибсан.
• Дунёда ақлдан устун ҳеч нарса йўқ.
• Моллар тўдасини бошқариш учун битта таёқ етади, одамларни бошқариш учун ҳар бирига бир таёқ зарур.
• Инсоннинг думи бўлмаса, уни қаеридан тутиш мумкин? — Оғзидан чиққан сўздан.
• Шер инидаги эчкидан эҳтиёт бўл.
• Агар қуён сенинг душманинг бўлса, унинг тез югуришини кўздан қочирма.
• Қуён ва фил биргаликда мароқли саёҳат қилолмайди.
• Кўрнинг ишини худо ўнглайди.
• Поклик — ён қўшнимиз, чунки биз кирлик билан яшолмаймиз.
• Ошхона масжиддан кўра қадимийроқ.
• Бир бармоқ билан оғир тошни кўтариб бўлмайди.
• Узун соқол ва тасбеҳ билангина авлиё бўлиб қолмайсан.
• Илоннинг бошини олиб ташлаганингдан сўнг қўлингда қолгани арқон холос.

Давронбек Тожиалиев таржима қилди.

Манба: ziyouz.uz



Муаллиф ҳақида

Abduvali

Leave a Comment