Шеърлар

Дилимда мотам, элимда мотам. Қозоғистонда ҳалок бўлган юртдошларимга бағишлов

Муаллиф Abduvali

18 январь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида йўловчи автобуси ёниб кетиши оқибатида 52 ватандошим фожиали ҳалок бўлди. Бу хабарни эшитган онимдан кўз ўнгимда ёш йигитлар, ҳали энди ҳаёт ва турмуш йўлларининг бошида катта орзулар, умидлар, режалар қуриб турган йигитлар қиёфаси келаверади… келаверади. Мана икки кунки уларнинг бундай даҳшатли ўлим топишларидан юрагим мотамда. Мен уларни — ўша олис Россияга бораётган ва борган ёш йигитчаларимизни Москва аэропортида тўп-тўп бўлиб, атрофга олазарак боқиб турганларини ўз кўзим билан кўрганман. Кўриб қийналганман. Уларнинг пешаналарига қандай тақдир ёзиқлари битилганини билганим учун қийналганман.

Эълон қилинган қурбонлар рўйхатидаги исм-фамилиялар ёнидаги туғилган йил саналарига эътибор беринг: асосан 20-30 ёшлилар. Уларнинг кўпи оила ҳам қурмагани аниқ. Ўша даҳшатли кун автобусда фақат улар эмас, уларнинг орзу ва умидлари эмас, уларнинг оилалари, туғилмаган фарзандлари ҳам ҳалок бўлганини тасввур қилинг. Улар билан экмаган дарахтлари-ю боғлари, улар энг яқин одамларига беришга улгурмаган меҳру муҳаббатлари ҳам кетганини унутманг.

Улар билан ота-онанинг
Ушалмаган орзу-армони,
Туғилмаган набиралару
Белидаги дармони кетди.

Улар билан илк севгининг
бўй чўзмаган дарахти кетди,
Бир чеккада унсиз бўзлаган
Келинларнинг ёш бахти кетди.

Улар билан айтилмаган Сўз,
Меҳр билан чарақлаган Кўз,
Ҳали бўса таъмин тотимаган Лаб,
Ҳали дунё танимаган Қалб

Кетди…

Устоз шоир бир пайтлар армон билан битган эди:

Куй авжида узилмасин тор,
Шеър авжида синмасин калам.
Яшаб булмай умрини зинхор
Бу дунёдан кетмасин одам.

Аммо, ҳаёт ҳақиқати шундан иборатки, умрини яшаб бўлмай одам бу дунёдан кетар экан. Аммо, ҳаёт ҳақиқати қанчалик аччиқ бўлмасин, инсон ўлими алалоқибат кичик бир оламнинг: ўша одам орзулари, қилмоқчи бўлган ишлари, ниятлари оламининг ўлими ҳамдир. Биз Аллоҳ ҳукмини олдида бош эгганда, мана шу олам ҳақидаям ўйлашни унутмайлик.

Бугун кечагина катта умидлар билан фарзандини чет элга кузатган ўнлаб хонадонларга мотам кириб келди. Бобо-ю момолар, ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, фарзандлар юрагига мотам кириб келди. Қаердадир севган йигитининг ҳалок бўлганини эшитган бир қиз ҳаммадан бекиниб, ушалмаган орзулари учун йиғлайди. Уларнинг ҳаммасига ҳамдард бўлайлик. Қурбон бўлганлар ҳақига Қуръон тиловат қилайлик. Уларни меҳрибон Аллоҳ ўз раҳматига олсин. Инна лиллаҳи ва илаҳи рожиун

Хуршид Даврон



Муаллиф ҳақида

Abduvali

Leave a Comment