Иқтибос

Комилликнинг асоси – илм!

Муаллиф Abduvali

Комил инсон тарбияси ҳамма даврларда муҳим ижтимоий вазифа ҳисобланиб, яхши тарбия кўрган инсонга жамият бойлиги деб қаралган. Инсон зийнати у эгаллаган билимлари билан ўлчанган. Ислом дини таълимотида билимли инсонлар етук деб саналса, мутафаккирларимиз қарашларида комил инсон бўлиш учун кўпгина хусусиятларни эгаллаш лозимлиги ўз аксини топганини кўришимиз мумкин.

Авлонийнинг фикрича, одам туғилишидан ёмон хулқ билан туғилмайди. Муайян бир шароитда ёмон тарбия натижасида уларда ёмон хулқ пайдо бўлади ва шаклланиб боради. Инсондаги қобилиятни камолга етказиш тарбия билан амалга ошади. Агар инсон яхши тарбия топиб, ёмон хулқлардан сақланса, гўзал хулқларга одатланиб, вояга етса, у барчанинг ҳурмати ва эътиборига сазавор бўлади. Аксинча бўлса, ҳар қандай бузуқ ишларни қиладиган, нодон, жоҳил, ёвуз бир одам бўлиб етишади.

* * *

Абу Наср Форобий дейдики, инсон камолотга ёлғиз ўзи эриша олмайди. У бошқалар билан алоқада бўлиш, уларнинг кўмаги ёки муносабатларига муҳтож бўлади. Бунга таълим-тарбияни тўғри йўлга қўйиш орқали ҳам эришиш мумкин. Чунки мақсадга мувофиқ амалга оширилган таълим-тарбия инсонни ҳам ақлий, ҳам аxлоқий жиҳатдан камолга етказади. Натижада инсон табиат ва жамият қонун-қоидаларини тўғри билиб олади,  ҳаётда тўғри йўл тутади, бошқалар билан яхши муносабатда бўлади. Комил инсонни шакллантириш тарбиянинг бир бутун, яхлит икки йўналиши эканлигига урғу беради.

* * *

Абу Райҳон Беруний комилликнинг асосини илмли бўлишда деб ҳисоблайди ва барча иллатларнинг асосий сабаби илмсизликдир, дея урғу беради. Алломанинг фикрича, ахлоқийлик, тўғрилик, одиллик, тадбиркорлик, ўзини вазмин тутиш, камтарлик, инсоф, эҳтиёткорлик, шунингдек, адолатли ва виждонли бўлиш комил   инсон қиёфасида акс этиши зарур бўлган энг асосий сифатлардир.

* * *

Абу Али ибн Сино ҳам камолотга эришишнинг бош мезони сифатида билимли бўлишни алоҳида қайд этади. Билимли инсоннинг адолатли бўлиши эса унинг янада юксалишини таъминлайди, дея баҳолаб, адолат руҳий хотиржамликнинг муҳим  кўрсаткичи эканлигини уқтиради. Болада ахлоқий хусусиятларни меҳнат, жисмоний, ақлий тарбия билан узвий бирликда шакллантириш, уни чин инсон қилиб камол топтиришда асосий омил деб билади.

* * *

Алишер Навоий асарларида комил инсон муаммоси марказий ўринни эгаллайди ва ўз орзусидаги етук шахсни асарларининг қаҳрамонлари тимсолида гавдалантиришга уринади. У комил инсон ақлли, ахлоқли, билимли, ижодкор, қобилиятли, доно, камтар, инсонпарвар, саховатли, сабр-қаноатли, адолатли, мурувватли, соғлом, жисмонан бақувват, мард ва жасур бўлиши лозимлигини таъкидлайди.

Шунингдек, илм ўрганиш машаққатли юмуш бўлиб, уни ўрганишда айрим қийинчиликларни енгиб ўтишга тўғри келиши, бу йўлда чидамли, қаноатли, бардошли бўлиш орқалигина мукаммал билимга эга бўлиш мумкинлигини уқтиради.

* * *

Юсуф Хос Ҳожиб ҳар бир киши жамиятда муносиб бўлиб камол     топмоғи керак, деган қарашни илгари суради. Бунинг учун у туғилган  кунидан бошлаб зарур тарбияни    олмоғи лозим. Оилада қобил қизни тарбиялаш ҳақида фикр юритар экан, энг аввало оналарнинг маърифатли бўлишлари муҳимлигини таъкидлайди. Фарзанд тарбияси қанча эрта бошланса, шундагина уларнинг ноўрин хатти-ҳаракатларга берилишининг олди олинади.

* * *

Ҳусаин Воиз Кошифийнинг уқтиришича, инсонни таълим-тарбия орқали қайта тарбиялаш, ақлий қобилиятини ўстириш мумкин. У ўзининг педагогик қарашларида болаларда мустақил фикрлаш қобилиятини ўстириш масаласига алоҳида эътибор беради. Ота-оналар, муаллимлардан бу масалага жиддий ёндашишларини талаб этади. Бунда оилавий ҳамда ташқи муҳит муҳим ўрин тутади. Боланинг тўғри сўзли, ваъдага вафодор, яхши хулқли бўлиб тарбияланишида ички ва ташқи муҳитнинг аҳамияти катта.

* * *

 Саъдий Шерозий фикрича, оила, ота-она боланинг бахти, келажаги учун замин яратувчидир. Оиланинг таянчи отадир. У масъулиятли тарбиячидир. Ўз болаларини тарбиялаши, ўқитиши, ҳунарга ўргатиши, жисмонан чиниқтириши керак. Бола қобилиятли ва камқобилиятли бўлиши мумкин. Қобилият ўз-ўзидан ривожланмайди. Унинг ривожланиши учун болани тарбиялаш керак, тарбия бўлмаса, боладаги қобилият сўнади. Мутафаккир тарбияни учта асосий турга: ақлий, нафосат ва жисмоний меҳнат тарбиясига бўлади. Адиб бола тарбиясида ота-онага, яъни оилавий тарбияга катта эътибор беради.

* * *

Комил Хоразмий эса илм-ҳунар, илм-маърифат инсон ахлоқий камолоти, ижтимоий-маънавий ҳаётнинг ривожи учун хизмат қилишини таъкидлайди. У инсондаги камтарликни эскирмайдиган, энг гўзал инсоний фазилат деб билади. Бу фазилатларга эга бўлганлар обрў-эътиборли, комил инсонлардир. Чунки камтарлик инсонни турли нохушлик ва хижолатдан сақлайди ҳамда обрўсини оширади.

* * *

Шоир, тарихшунос, таржимон ва хаттот Шермуҳаммад Мунис Хоразмий тилга кўп эрк бермасликни маслаҳат беради. Унинг таъкидлашича, ортиқча сўзамоллик киши бошига қаттиқ тош бўлиб тегиши мумкин. Шоир  ўз асарларида халқни адолатли, онгли, билимли бўлишга, жаҳолатдан йироқ туришга даъват этади. Унинг фикрича, адолат шараф кўрки, осойишталик, хушнудликдир. У ёшларни катталар билан мулоқотда камтарликка, уларни ҳурмат қилиб эъзозлашга чорлайди.

* * *

Моҳларойим (Нодира)нинг инсон ва табиатга нисбатан қарашларида фақат шахсий туйғу эмас, балки ёшлар тарбиясида миллий анъаналарнинг роли ҳақидаги фикрлари ҳам намоёндир. У тарбияни инсонпарварлик ғоялари – адолат, инсоф, халқ манфаати билан боғлайди. Нодира ҳаётнинг туб моҳиятини яхшилик биносини барпо этишдан иборат деб билади. Унинг фикрича, кимки тириклик чоғида яхшилик бунёд этган бўлса, ўзининг бу эзгу ишлари билан ўзидан кейин ҳаётда ёрқин хотира қолдиради.

* * *

Муҳаммад Ризо Огаҳийнинг ижодий қарашларида нафосат тарбияси ҳам юқори баҳоланади. Огаҳий миллий анъаналаримиздан меҳмондўстликни гўзал фазилат деб ҳисоблайди. Меҳмонга чуқур ҳурмат билан қараш, меҳмон кутиш, кузатиш одоби Огаҳий ижодида ўз ифодасини топди, одамларни бу фазилатни эгаллашга даъват этди. Инсонга дўст ва душманни ажратиб олиш, ҳаётда ўз ўрнини топиб олишда ғоят муҳимлигини айтади. Унинг фикрича, тўғрисўз кишилар ҳаётда қийинчилик билан яшасалар-да, дунёнинг мавжудлигини сақлаб турадилар, мангу яшайдилар. У илмларни мукаммал эгаллаш ва тил билиш, гўзал хислатларни ўзлаштириш инсонни камолотга элтувчи йўл деб билади.

* * *

Бердимурод Бердақ ижодини кузатар экансиз, шоир инсоннинг шахсий бахтини халқ бахти билан боғлиқ деб билишини англайсиз. Бердақнинг фикрича, инсон олий ахлоқий сифатларга, чунончи, беғаразлик, олижаноблик, виждонийлик, меҳнатсеварлик, мардлик каби фазилатларга эга бўлиши лозим. У ёшларнинг ақлий тарбиясида мактабнинг ўрни катта эканлигини таъкидлайди. Мактабда болани яхши хулқ-атворли қилиб тарбиялаш лозим. Айниқса, дарс берувчи муаллим ўз хушмуомалалиги, пок қалблилиги, ҳақгўйлиги, ўз фанини пухта билиши билан болаларга ўрнак бўлиши керак. У инсон туғилган куниданоқ тарбияга муҳтождир, унинг илк тарбиячилари, албатта ота-онадир, деб билади.

* * *

Мирзо Улуғбек Марказий Осиё  халқлари илм-фани ва маданиятини жаҳон миқёсига олиб чиққан, педагогик фикр тараққиётига муносиб ҳисса қўшган улуғ сиймолардан бири. У аввало ёш авлоднинг ақлий ва маърифий тарбиясига катта аҳамият бериб, уларни дунёвий билимларни эгаллашга даъват этади. Фақат ривожланган фан ва маданият инсон тафаккурининг камол топишини таъминлашига ишонади. Алломанинг уқтиришича, боланинг билим олишга бўлган қизиқиши, ҳавасини оширишда у тарбияланаётган муҳит муҳим ўрин эгаллайди. Оилада ота-она айниқса, ўқимишли ота-она ўз фарзандларининг ҳақиқий инсон бўлиб камол топишига алоҳида эътибор бериши лозим.

СОЖИДА тўплади

«Қашқадарё» газетасидан олинди.



Муаллиф ҳақида

Abduvali

Жавоб юбориш

Be the First to Comment!

Notify of
avatar