Иқтибос

Қозоқ мақоллари (68 та)

Муаллиф Abduvali

• Болта билан чопилган дарахт қайта ўсиб чиқади, қилич яралаган жароҳат битади, лекин тил етказган яра тузалмайди ва унинг давоси йўқ.
• Боши оғримаганнинг Худо билан нима иши бор?
• Кимдир очликдан сакрайди, кимдир — тўқликдан.
• Агар ёмондан яхши туғилса, унинг ўхшаши йўқ, яхшидан ёмон туғилса, унинг давоси йўқ.
• Ёмон одамга яхшилик қилсанг — менсимайди, яхши одамга ёмонлик қилсанг — унутмайди.
• Кўз кўради, юз уялади.
• Ёмонликсиз хайр йўқ, хайрсиз ёмонлик йўқ.
• Касаллик ботмонлаб кириб, мисқоллаб чиқади.
• Кўрнинг йўлдоши бўлсанг бир кўзингни юмиб ол.
• Биз олти биродар эдик, ўлдик, ўлдик, еттита бўлдик.
• Таниш жойда инсонни, нотаниш жойда кийимини ҳурмат қиладилар.
• Бир қозонга икки қўй сиғмайди.
• Ўзга юртда шоҳ бўлгунча, ўз юртингда қашшоқ бўл.
• Мулойимликни қўрс инсондан ўрган.
• Отилган ўқ орқага қайтмайди.
• Эркаклар кўп жойда ўтин, хотинлар кўп жойда сув танқис бўлади.
• Берсанг — оласан, эксанг — йиғасан.
• Бир пой этикка икки оёқ сиғмайди.
• Болали уй — бозор, боласиз уй — мозор.
• Қизим, сенга айтаман, келиним, сен эшит.
• Дўстлар иккита, душман саккизта.
• Озғин сигирни боқсанг оғзи бурнинг мой бўлади, озғин одамни боқсанг оғзи бурнинг қон бўлади.
• «Асал, асал» деганинг билан оғзинг ширин бўлиб қолмайди.
• Отангни ҳурмат қилсанг, ўғлингни ҳам сев, хўжайинни ҳурмат қилсанг, унинг итини ҳам боқ.
• Тойчоқ бир кун от бўлади.
• Бир кун туз еган жойингга қирқ кун салом бер.
• Кўп яшаган эмас, кўп кўрган кўп билади.
• Бир отадан туғилган фарзандлар ҳар хил.
• Сассиқ оғиздан хунук сўзлар чиқади.
• Бир дона дондан овқат пишириб бўлмайди.
• Бургут қариса сичқон тутаркан.
• Итлар йўқ жойда чўчқалар увиллайди.
• Чўпон кўп бўлса қўйлар ҳаром ўлади.
• Қанот — учишда, дум — қўнишда.
• Яқинларига ёрдам бермайдиганларнинг қўли синсин.
• Ўзи йиқилган бола йиғламайди.
• Тинч юрган узоққа боради.
• Араванинг олди қаерга юрса, орқаси ҳам ўша ерга юради.
• Яхши одамнинг оти ориқламайди.
• Ўғлим, сенга айтаман, келиним, сен эшит.
• Ўзингни кучли санама, сендан кучлилар ҳам бор.
• Оловсиз тутун бўлмайди.
• Сўз куюги олов куюгидан кучли.
• Узумни эслаш билан оғзинг тотли бўлиб қолмайди.
• Мингта ит егандан, майли, битта бўри есин.
• Ҳўкизнинг доғи ташида, ёмоннинг доғи ичида.
• Ғознинг ўлими — қарғалар учун байрам.
• Тиғ яраси битади, тил яраси битмайди.
• Бугунги тухум эртанги товуқдан афзал.
• Онанинг кўнгли болада, боланинг кўнгли даштда.
• Кўр товуққа ҳамма нарса дон бўлиб туюлади.
• Сўздан сўз туғилади.
• Шамнинг ёруғи ўзига тушмайди, одамнинг яхшилигини яқинлари билмайди.
• Сўз яхши, агар у қисқа бўлса.
• Ит ҳам ўз ерида қаҳрамон.
• Ит ҳурар, бўри ўтар.
• Кўп яшагандан эмас, кўп кўргандан маслаҳат ол.
• Йўқолган пичоқнинг сопи олтин.
• Бўйдоқнинг ақли унинг кўзида.
• Ёмон қариндошдан яхши душман афзал.
• Яхши одамнинг қадри у ўлганда билинади.
• Қозонга солганинг қошиққа чиқади.
• Бошлиқ бўлиш осон, бошламоқ қийин.
• Кўз ёши тўкиб ариқ қазисанг, кулиб-кулиб сув ичасан.
• Яхши одам қартайса — ёзиб қўйган хатдай, ёмон одам қартайса — биқсиб ётган ўтдай.
• Фасод сўзлар сассиқ оғиздан чиқади.
• Қўрқоққа ҳам ҳокимият керак, ҳам шуҳрат.
• Қалинсиз қиз бўлса ҳам, қадрсиз қиз бўлмас.

Давронбек Тожиалиев таржима қилди.

Манба: ziyouz.uz



Муаллиф ҳақида

Abduvali

Leave a Comment