Ҳажвиялар

Зуккола (Пародия)

Муаллиф Abduvali Qurbanov

 

– Ҳурматли иштирокчилар! Мана сизлар биринчи турдан эсон-омон ўтиб, иккинчи турга етиб келдингиз. Бу жуда катта ғалаба, албатта. Энди иккинчи тур саволларини диққат билан эшитинглар. Уни бутун ер шари одамлари ейишади. Ерга экиб, йиғиштириб олинади, сўнг тайёрланади. Тегирмонда тортилиб, ўтда пиширилади. Ўзи уч ҳарфдан иборат, биринчи ва охирги ҳарфлари «Н». Вақт кетди, ўйлаш учун 10 дақиқа.

Саҳнада шивир-шивир. Иштирокчилар гоҳ шифтга, гоҳ деразага карашади, лунжларини шишириб, қўлларини икки ёнга ёзишади, залдагиларга умид билан тикилишади.

– Айтиб бериш, имо-ишора қилиш йўқ! – деди бошловчи. – Буни учинчи рақамли иштирокчи билса керак, аммо жамоадошларига имконият беряпти – камтарлик қиляпти, шекилли. Бу иштирокчимиз қандолатчилик университетининг энг аълочи талабаси, «Новвот» степендияти. 6-рақамли иштирокчимиз ғаллачилик илмий текшириш институти ходими, халқаро танлов ғолиби ҳам бу савол қаршисида қийин аҳволда қолди. Савол ҳақиқатан ҳам қийин, аммо иштирокчиларимизнинг билимлари ҳам чакки эмас.

– Вариантлар борми?

– Бор, албатта. Уни ҳамма, ҳамма ерда ейди. Унинг увоғи ерга тушса, боболаримиз олиб кўзига суртади.

– Топдим!!! – қичқиришди бараварига.

– Марҳамат!

– Китоб!!!

Залда қарсаклар. «Урра» садолари.

– Тўғри… ие, сал адашдиларинг, шекилли, – деди бошловчи жавоблар ёзилган дафтарига қараб. Шартимизда уч ҳарфдан иборат дейилган экан. Ким айтади?

– Нок!!!

– Ҳа, азиз иштирокчилар, телетомошабинлар, мухлислар. Баҳсимиз ниҳоятда қизғин тус оляпти. Яна вариантлар айтамиз: уни уйда ҳам еса бўлади, жамоат жойларида ҳам. Руслар пичоқда кесиб ейишади.

– Колбаса.

– Яна вариантлар айтамиз. Уни юмшоғида еймиз, қотса талқон қиламиз.

– Тут майиз.

– Ҳа, азизлар, шу билан бизга ажратилган вақт ниҳоясига етди. Баҳсимиз кейинги кўрсатувимизда давом этади. Ўйлаймизки, бизнинг бундай мусобақаларимиз фанимиз ривожига улкан ҳисса қўшиш билан бирга, халқимиз ичидан талантларни топишга катта ёрдам беради.

2007 йил

 

Муҳаммад Содиқ

Муаллиф ҳақида

Abduvali Qurbanov