Ҳажвиялар

Баҳор ҳавоси

Муаллиф Abduvali Qurbanov

– Салом, азизлар!

– Жоним, ойноной! Яхши дам олиб келдингизм! Жиянчангизнинг тишлари оғримай қолдими?

– Привет, Любаша! Сен кетдингу туни билан переживат қилиб чикдим. Транспорт камайиб қолганди, етиб келдингми, йўқми деб.

– Раҳмат, жоним. Меҳрибонларимдан ўргилай… Ишни бошладикми? Кечикиб келганим учун барчангиздан тиз чўкиб узр сўрайман.

– Ничего! Анави йўқ, бугун мириқиб чойхўрлик қиламиз. Одил акам Самарқанддан индийский чой олиб келганлар. Раисбоб қилиб дамлайман.

– Севара, бугун ишга келмайман дегандай бўлганмидинг?

– Шунақа гаплар бор эди. Аммо бугун ишларим кўпайиб кетди. Маникюрга боришим керак, ЦУМга палто келди дейишди, профсоюз колбаса бераркан, чеварим чақирган, қизимнинг боғчасида утренник бўлади… Ишга келмасам бўладими, шундй кунда.

– Нази, этикдан олдингми? Роса кўзим куйди-ю, боғчага кечикаман деб кетиб қолдим-да.

– Қаёқда, етай деганимда соб бўлди. Биза қачон бир нарсани магазиндан ўз нархига олиб кийибмиза?

– Қизлар, танса қимаймизми! Янги диск олиб келганман.

– Бугун маза қилиб тушлик қиламиз. Норин олиб келганман.

– Ҳеч саёҳатга чиқмаётиммиза, қизлар. Шу оддих бир Чимёнга чиқайлик…

Эшик очилиб бошлиқ киради.

– … лом алайкум.

– с… с… малайкум.

– Салом алайкум.

Ҳамма менинг хонамга кирсин.

Ўртоқлар, мен сизларга тушунолмай қолдим… Ё тузукроқ ишлайлик ё кўлимдан келмаяпти, деб ариза берайлик-да кетайлик. Уддалайдиган кишилар келиб ишласин. Саводимиз бунчалик ғовлаб кетганидан бехабар эканман. Тайёрлаган ҳисоботларингни бошқармага олиб бориб, бўлганимча бўлдим. Ҳисобот ҳам шунақа бўладими? Назира, мен сизга минг марталаб айтдим, ҳисоб-китобни тўғри юритинг деб… Ана энди оласизлар виговорни!

– Нега нотўғри юритарканман! Малика берган справка, копировка эски бўлгани учун хира чиқибди, ўқий олмадим, ўшанда адашган бўлишим мумкин.

– Нима, мен нотўғри қилибманми? Ўқиёлмаган бўлсангиз бир оғиз сўрасангиз бўлмайдими, қочиб кетганим йўқ-қу, ахир!

– Йўқ бўлсангиз қаердан топаман? Юрайми хонама-хона энди?

– Нега йўқ бўларканман?! Мен сенга ўхшаб магазинма-магазин юрганим йўқ!

– Минг йилда бир дорихонага тушиб, магазинма-магазин юрган бўлиб қолдимми? Сенларни айтса бўлади, бекорчи хотиндай қатнайсанлар «ГУМ» билан “ЦУМ”га.

– Биз нима қилдик, нега бизга осиласанлар? Хато қилган бўлсанг, ўзинг жавоб бер! Виговорнинг дарагини эшитиб бизга осилдингми?!

– Бас қилинглар, – деди бошлиқ тўхтовсиз жиринглаётган оқ телефон трубкасига қўл чўзиб. – Алло, эшитаман. Ҳа-ҳа… Хайрият! Жуда қўрқитиб юбординглар. Шундоқ бўлсин. Раҳмат! Келинглар, бизлар томонларга. –Бошлиқ ходимларга деди: – Бошқармадан телефон қилишяпти. Англашилмовчилик юз берибди. Узр сўрашяпти. Хафа бўлмайсизлар, мен ҳам қизишиб кетиб…

1982 йил

 

Муҳаммад СОДИҚ

 

 



Муаллиф ҳақида

Abduvali Qurbanov