Иқтибос

Қрим-татар мақоллари (89 та)

Муаллиф Abduvali

• Қуёш ботиш учун чиқади, инсон ўлиш учун туғилади.
• Қулоқ ― иккита, оғиз ― битта. Бас, икки марта эшитиб, бир марта сўзла.
• Ёмон хабарнинг қаноти бор, хушхабарнинг ― оёғи оқсоқ.
• Қуён тоққа аччиқ қилибди, тоғ сезмабди ҳам.
• Илон пўстини ташлайди, феълини ташламайди.
• Калнинг олдида ошқовоқ ҳақида гапирма.
• Билганга чивин ҳам дутор, билмаганга доим нимадир кам.
• Дўстинг сенга таъна қилса, душманинг куларкан.
• Шерни тирноғидан биладилар.
• Айиқ ўрмондан хафа бўлди, ўрмон хабарсиз қолди.
• Гўштни тирноқ билан кесиб бўлмайди.
• Сендан бирон нарса сўрашса шафқатсиз бўлма, сени эзғилашса мулойим турма.
• Қўтир эчки подани булғайди.
• Нодоннинг боши оғримайди.
• Оқ билан қора бир жойда чиқишмайди.
• Бўйдоқнинг бўйнида бит бор, унинг даромадини ит еб битиради.
• Кўзсиз яшаш мумкин, Ватансиз яшаб бўлмайди.
• Ишсизлик ― камбағаллик калити.
• Қисқа суҳбатда катта маъно.
• Туя пашша тутмайди.
• Тўпга ўрганган туя дўмбирадан чўчмайди.
• Чўпонга бўри керак эмас.
• Барча тирик жонзотлар ўлимга маҳкум.
• Ҳамма нарса бўлиши мумкин, лекин соқоли йўқнинг соқоли ўсмайди.
• Қорнинг ҳаммаси оқ, лекин ҳамма оқ нарса қор эмас.
• Мих тақани асрайди, тақа ― отни, от ― мардни, мард Ватанни асрайди.
• Қаерда хўроз кўп бўлса, тонг эрта отади.
• Аҳмоқ кундуз куни чироқ ёқади.
• Тувак тувакка “сенинг юзинг қора” деган экан.
• Дарахт ниҳоллигида эгилади.
• Агар туянинг қаноти бўлганида биронта ҳам том омон қолмасди.
• Йиғласа онам йиғлар, қолганлар ёлғон йиғлар.
• Пиёла пиёлага урилса, иккиси ҳам синади.
• Темир ишлатилмаса, занг босади.
• Ишлаётган темир ярқирайди.
• Уйланмоқчимисан ― кўзингга эмас, қулоғингга ишон.
• Мингта хола битта она бўлолмайди.
• Югурган ҳам, қувган ҳам Худо дейди.
• Қўйни ўз оёғидан боғлайдилар.
• Ҳар бахтсизликнинг яхши тарафи ҳам бўлади.
• Кўза ҳар куни сувга боради, кун келиб унинг дастаси қўлда қолади.
• Аждодлар қандай бўлса, авлодлар ҳам шундай бўлади.
• Пулинг бўлса, нарҳини билмайсан, нарҳини билганингда излаганингни тополмайсан.
• Чирой ― кўз учун, ақл ― қалб учун.
• Қон қон билан эмас, сув билан ювилади.
• Кўпга югурган, оздан ҳам қолади.
• Оз берган ― кўнгилдан берар, кўп берган ― бойликдан.
• Кўп гапирган кўп адашади.
• Атиргул терган тикандан қўрқмас.
• Ўт қаерга тушса, ўша ерни куйдиради.
• Ортиқча яхшилик бошни ёрмайди.
• Сигир болалагандан сўнггина бузоқ ҳақида гапириш мумкин.
• Ўнта ҳунарни чала билгандан биттасини тўлиқ ўрган.
• Ўзга боғдаги атиргулдан боғингдаги тикан афзал.
• Севги севгини келтиради.
• Ёш ўсади, қари қолади.
• Иштонни кўтармасдан балиқ тутолмайсан.
• Юзи гўзал гўзал эмас, севимли бўлгани гўзал.
• Оломон олдида эшагинингнинг думини кесма, биров узун деса, бошқаси калта дейди.
• Қарилар сўзини олмаганнинг қаригунча бири икки бўлмас.
• Меҳнат қилмай, қийинчилик кўрмай ― бахтга эришмайсан.
• Бировнинг эшигини қоқсанг, сеникини ҳам тақиллатишади.
• Бахтсизлик қўш келади.
• Харидор йўқ бўлса сотувчи не қилсин? Сотувчи йўқ бўлса ― харидор.
• Битта лайлак билан баҳор келиб қолмайди.
• Ёлғиз фарзанд ― душмандан баттар.
• Ёлғиз фарзанд ― фарзанд эмас, қўш фарзанд ― фарзанд.
• Эгизак бир онадан, икковининг феъли ҳар хил.
• Ёмон хабар ― узун оёқ, ғийбатчи ― узун қулоқ.
• Темир ишлаб турса, зангламайди.
• Даромад ва буромад ― дўст.
• Даромад ва буромад бир аравада юради.
• Сўраб-сўраб Истанбулни топасан.
• Ака укага ўлим ҳам тиламайди, омад ҳам.
• Балиқ бошдан сасийди.
• Одамнинг юраги тарвуз эмас, сўйиб томоша қилгани.
• Саримсоқнинг ширини бўлмайди.
• Фил чумчуқ туғибди.
• Филни тишидан билиш мумкин.
• Ажал ёшга қарамайди.
• Эски дўст душман бўлолмас.
• Дастурхон меҳмон билан файзли, уй ― бола билан.
• Яхшилик қилган яхшилик топади, ёмонлик қилган ― ёмонлик.
• Боланг бўлмаса бир ташвиш, боланг кўп бўлса ― мингта.
• Тарбияни тарбиясиздан ўрган.
• Яхши одам тезда бойиб кетмайди.
• Яхши сўз ― асал, ёмон сўз ― касал.
• Қозонга нима солсанг, қошиққа ҳам ўша чиқади.
• Олманинг тагига олма тўкилади.

Давронбек Тожиалиев таржима қилди.

Манба: ziyouz.uz

Муаллиф ҳақида

Abduvali

Жавоб юбориш

Be the First to Comment!

Notify of
avatar