Мақолалар

Тирикчиликнинг айби йўқ, аммо…

Муаллиф Abduvali

Бир куни ишдан қайтаётганимда бекатда автобус кутиб бироз туриб қолдим. Мен чиққан автобус жуда тиқилинч эди. Бир амаллаб олди эшикдан чиқиб олдим. Автобусдаги паттачи аёл эътиборимни тортди. Эгнида узун кўйлак, бошида рўмол, белида катмонли сумка, бир қўлида пул, бирида эса чипта. Ёши 30-35 ёшлардаги эркакшода аёл эди у. Бекатлардан бирида тўхтаб, автобусга яна одам чиқди. Ўзи эса орқа томондан чиқаётиб, бир амакига юзланди:

– Амаки, кетасизми? Чиқинг…

У эса аёлга қараб:

– Синглим, олди томондан чиқинг! Аёллар олдидан чиқади, – деди.

Паттачи аёл эса юқорига талпинаркан, бироз дағал оҳангда:

– Ие, мен кассирман, амаки! Бўлинг, кўтарилинг! – деди.

Бояги киши жеркиб берди:

– Э, кассир бўлсангиз ҳам аёллар тарафдан чиқинг!

Шундан кейин паттачи аёл бир “уф” тортди-да, автобуснинг олд тарафидаги эшик томондан чиқишга йўналди.

Сўнг чипта сотишда давом этди. Шу пайт бир ёшроқ йигит:

– Опа, менга чипта бермайсизми, кира ҳақини тўладим… – деди.

– Шошилмай туринг, ё тушиб кетяпсизми?! – деб тўнғиллади паттачи.

…Дарвоқе, тирикчилик – меҳнатнинг айби йўқ. Аммо ҳар қандай соҳада биринчи навбатда инсондан сўзлашиш маданияти талаб этилади.

Паттачи аёл ҳам кимнингдир онаси, опаси, синглиси бўлиши керак. Муҳими у – Аёл. Демак, аёл киши ҳар қандай вазиятда ўзида мужассам бўлган ибо-ҳаё, андишани сақлаши лозим. Айниқса, жамоат жойларида аёл киши одоби билан барчага намуна бўлиши жоиз. Токи, у қаерда ва қандай вазифада хизмат қилмасин, аёл кишига мурожаат қилаётганлар, аввало, унинг чиройли тарбияси ва хулқ-атворидан андоза олишсин.

Зотан, аёлларимиз фақат ҳурмат ва эъзозга муносиб…

Ирода ХЎЖАЕВА



Муаллиф ҳақида

Abduvali

Leave a Comment