Мақолалар

Коррупциянинг асл илдизлар қаерда? Қандай иллатлар унинг бутун жамиятни қамраб олишига олиб келади?

Муаллиф Abduvali

Жамиятни ич-ичидан емирувчи, уни муқаррар инқироз сари етакловчи, халқни муҳтожликка гирифтор қилувчи, давлатнинг заифлашишига олиб келувчи энг қудратли иллат бу – коррупция ҳисобланади.

Хўш коррупциянинг асл илдизлар қаерда? Қандай иллатлар унинг бутун жамиятни қамраб олишига олиб келади?

Kun.uz сайтида 2018 йил 2 январ куни эълон қилинган “Қаҳрамон прокурор. Ўзбекистонда порахўрликка қарши кураш учун руминча намуна” (http://kun.uz/82892773) номли мақола менда жуда чуқур таъсирот ўйғотди. Мен ҳам шу Ватаннинг оддий бир фуқароси сифатида ушбу долзарб муаммо юзасидан баъзи мулоҳазаларимни сиз азизлар билан ўртоқлашишга қарор қилдим.

Transparency International ташкилоти томонидан 2017 йилнинг январ ойида эълон қилган маълумотига кўра, 2016 йилги коррупциядан холи 176 та мамлакатлар рўйхатида Ўзбекистон 156 ўринни эгаллаган. Бироқ ушбу рўйхатнинг энг юқори пағоналарини банд қилган мамлакатлар бунга қандай эришдилар? Бу савол мени изланишга ва бир қанча қиёсий таҳлиллар ўтказишга ундади.

Transparency International ташкилотининг рўйхатидаги энг юқори ва қуйи ўриндаги мамлакатлар билан танишинг.

Transparency

Келинг, аввало коррупцияни минимал даражагача камайтира олган ва рўйхатнинг энг юқори ўринларида турган Дания, Янги Зеландия, Финландия, Швеция ва Сингапур каби давлатларининг тажрибасини ўрганайлик.

Дания2016 йилда ўтказилган сўровнома натижаларига кўра Дания фуқароларининг 3% коррупцияга дуч келганини билдиришган. Хўш Дания порахўрликга қандай қилиб барҳам берган?

Сизга бу қанчалик сийқа ва ҳақиқатдан йироқ эшитилмасин, бироқ Данияда жамият онгида коррупцияга нисбатан нафрат шаклланган ва ҳалол амалдор қандай бўлмасин — ҳар қанақасига рағбатлантирилади.

Бундан ташқари, ишга кирмоқчи бўлган киши меҳнат шартномаси билан биргаликда антикоррупцион битимни (ходимга пора бермаслик ва пора олмаслик мажбуриятини юкловчи ҳужжат) имзоламаса бирорта компанияга ишга қабул қилинмайди. Ҳаттоки антикоррупцион битимни бузишга уриниш ҳам ишдан ҳайдалишга олиб келади.

Даниянинг “Халқаро ривожланиш агентлиги” да шошилинч алоқа мавжуд бўлиб, ҳар қандай фуқаро коррупция бўйича унга тезкор мурожаат қилиши ёки шикоят қилиши мумкин. Барча шикоятлар синчиклаб текширилади ва айбдорлар сўзсиз жазоланади.

Дания йилдан-йилга коррупцияга қарши курашда масъулиятни кескин равишда ошириб бормоқда. Масалан, Дания парламентининг 2016 йилда қабул қилган меъёрий ҳужжатига асосан давлат секторида порахўрлик учун жиноий жавобгарлик (жазо) муддати икки мартага оширилди, яъни уч йилдан олти йилгача, хусусий секторда эса эса бир йилдан тўрт йилгача оширилди.

Янги ЗеландияХудди Даниядаги сингари, Янги Зеландияда ҳам давлат сиёсати шундай олиб бориладики, фуқаролар гўдаклигиданоқ коррупцияга қарши тарбияланадилар. Мамлакатда коррупцияни аниқловчи кўплаб муассасалар ташкил қилинган. Шундай ташкилотлардан бири “Коррупцияга қарши курашиш маҳкамаси (SFO)” амалий жиҳатдан чекланмаган ваколатларга эга. Ушбу маҳкаманинг вакиллари исталган фуқародан (фаррошдан тортиб то вазиргача) исталган ҳужжатни талаб қилишга ҳақли ҳисобланадилар.

Яна бир муҳим факт, журналистлар ҳар қандай амалдорлар ва сиёсатчиларнинг ҳисобларидаги ҳар бир долларни кузатиб борадилар. Юқори лавозимли шахсларнинг квартираларга, автомобилга, кийимларга, қимматбаҳо буюмларга, меҳмонхоналарга ва ҳатто ресторанларга харажатлари ҳақидаги нашрлар мунтазам эълон қилиб борилади. Ҳар қандай, ҳатто арзимас коррупцион шов-шув ёки мажоро амалдорнинг ишдан четлаштирилиши билан якунланади.

Давлат миқёсида коррупцияга қарши ўқув курслари ўтказиб турилади. Янги Зеландияликларга, агар улар порахўрлик ёки фрибгарлик ҳолатини қайд этсалар қаерга ва қай тарзда шикоят қилиш зарурлиги батафсил тушунтирилади.

ФинляндияБу мамлакатда коррупцияга қарши ёки коррупциячилар устидан назорат бўйича ҳеч қандай қонун, ҳеч қанақа махсус давлат хизмати мавжуд эмас. Бироқ коррупция ҳам йўқ. Хўш қандай қилиб бундай бўлиши мумкин?

Айнан шундай ва фуқароларнинг асосий қисмида тўғри менталитет тарбияланган. Фуқаролар пора бермайдилар – амалдорлар эса пора олмайдилар ва пора талаб қилмайдилар. Қани талаб қилиб кўрчи. Ушбу факт дарҳол оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади. Журналистлар эса айнан ушбу ҳолатда энг самарали фуқаролик назоратининг кафолати ҳисобланадилар. Уларга қулоқ тутадилар, улар томонидан келтирилган барча фактлар қайта текширилади.

Финландияда халқ депутатлари, вазирлар, судялар, прокурорлар даҳлсизлик мандатига эга эмаслар ва коррупцияга дахлдорлиги тасдиқланган ҳар қандай ҳолатда, бир лаҳзадаёқ суд қаршисида сўроқ берадилар. Бундай ҳолатлар кўплаб юз берган ва охирги беш йил мобайнида олти нафар вазирлар ва 23 нафар юксак лавозимли ҳукумат амалдорлари ишдан четлаштирилганлар.

Ҳатто мамлакат президенти ҳам судланувчининг қора курсисида ўтиришдан ҳимояланмаган.

ШвецияБу мамлакат коррупцияни енгиш учун фуқароларнинг давлат ҳужжатлари билан танишишлари, уни ўрганишлари ва таҳлил қилишлари учун имкониятни максимал даражада соддалаштирди. Тақиқлар, “мураккаб” рухсат бериш жараёнлари ва лицензиялар ўрнига янги солиқлар, имтиёзлар ва ёрдамга бериладиган пул, маблағлар (субсидиялар) жорий қилинди. Ҳукумат адолатли ҳалоллик тизими сари дадил қадам қўйди. Барча амалдорлар ахлоқий синовлардан ўтказилди. Жамоатчилик ташкилотлари томонидан, расмий ишлаб топганига нисбатан кўп харажат қиладиган амалдор амалий жиҳатдан ҳалол бўлиши мумкин эмаслигини фуқаролар онгига сингдирилди ва бу ўз натижасини берди. Шубҳали амалдор жуда тез ишдан ҳайдалишга олиб келинади ва қора рўйхатга киритилади.

Сингапур. Сингапур республикасининг биринчи премьер министри, сингапур “иқтисодий мўъжизаси” бунёдкорларидан бири Ли Куан Ю (Lee Kuan Yew) томонидан коррупцияни таг-туги билан йўқ қилиш учун оз эмас, кўп эмас нақ 40 йил керак бўлди. Ҳолбуки коррупцияга қарши олиб борилаётган ислоҳотларнинг иккинчи йилиданоқ дастлабки натижалар яққол кўрина бошлаган. Сингапурда коррупцияга қарши ўтказилган ислоҳотлар пухта ўйланган қуйидаги бешта қадамлардан иборат бўлган.

Биринчи – коррупцияни текшириш (тафтиш қилиш, тергов қилиш) бўйича кучли ва таъсирчан буюро яратилган.

Иккинчи – барча амалдорлар, судялар ва уларнинг оила аъзолари даҳлсизлиги бекор қилинди (тўғрироғи бундай имтиёздан маҳрум қилинди). Бу шуни англатадики, улар қонун олдида ҳимоясиз бўлиб қолдилар, яъни қонунга хилоф ҳаракатларни содир этган тақдирларида ҳуқуқий ваколатлари остига беркиниш имкониятидан маҳрум қилинди.

Учинчи – амалдорлар, уларнинг қариндошлари (деярли бешинчи авлод қариндошлигигача), дўстларининг банклардаги ҳисоб рақамлари доимий назорат остига олинди. Кимнинг-ки қонун доирасидан ташқари даромадлари аниқланса автоматик тарзда жиноий иш қўзғатилди. Қонундан ташқари даромад – бу нима? Айтайлик амалдор бир ойда 20 минг доллар ойлик олади, демак у ҳар қандай ҳолатда ҳам 1 миллион долларлик уй сотиб олиш имконига эга эмас.

Тўртинчи – судларга қонундан ташқари йўл билан топилган даромадларни давлат ҳисобига мусодара қилиш ҳуқуқи берилди. Коррупция учун жуда улкан миқдордаги жарималар жорий қилинди, яъни ўртача 100 минг сингапур доллари миқдорида (600 миллион сўмдан кўпроқ). Агар амалдор пора олиш пайтида қўлга тушса унинг барча мол-мулки мусодара қилинган, ўзи узоқ муддатга панжара ортига равона бўлган, оила аъзолари эса қора рўйхатга киритилган, яъни яхши ишда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Бунинг устига давлат хизматидаги ходимлар қарзлари йўқлиги ҳақидаги махсус деклорацияни тўлдириб топширишга мажбур бўлишган. Негаки, агар амалдорнинг қарзлари бўлса, у албатта пора олишга мойил бўлади ва бировнинг ҳаққига кўз олайтиради деб ҳисобланган. Коррупцияга қарши курашда оммавий ахборот воситаларига улкан масъулият юкланган. Агар журналистлар порахўрлик фактини аниқлашса, уларга албатта қулоқ солишган.

Бешинчи – амалдорларга юқори иш ҳаққи белгиланган. Ҳукумат шу йўл билан хусусий сектордаги тажрибали мутахассисларни давлат хизматига ўтишларига эришган. Шунингдек бу пора олмаслик учун рағбат ҳам бўлган.

Ҳурматли президентимиз томонидан мамлакатимизда коррупцияни бартараф қилиш бўйича кескин чора-тадбирлар амалга оширилаяпти, муҳим қарор ва фармонлар қабул қилинган. Бу албатта ўз самарасини кўрсатади. Мен бунга ишонаман ва умид қиламан. Бироқ ҳаётимизга сингиб кетган ва бизни ажаблантирмай қўйган шундай “хавфли” иллатлар мавжудки, улар охир-оқибатда жамиятимизда коррупциянинг “болалаб” кетишига олиб келаверади (Финлар тажрибасини ўқиб кўринг). Келинг гапни чўзиб ўтирмасдан улар ҳақидаги мулоҳазаларни баён қиламан.

Дабдабага (ҳашамат, ҳашам) мойиллик. Дабдаба бу — ўрта аср шарқидаги зоти, насли бузилган, жисмоний ёки руҳий жиҳатдан айниганлар учун эрмак бўлган. Олтин унитазда ҳожат қилиш фақат зоти бузилган, жисмоний ёки руҳий жиҳатдан айниганларгагина хос иллат!

Ўз халқинг вакилларини талаш ҳисобига ўз оилангни боқишинг, бойлик орттиришинг бу – ўз халқинга нафратингдир. Бундай ишни фақатгина зоти бузуқ, разил ва иблис кимсалар қиладилар!

Бюджет (яъни халқнинг) маблағларини ўғирлаш, ўзлаштириш. Бу – ўз фарзандларинга, невараларинга нафратингдир, чунки бу “йўллардан” улар юрадилар ва бу “мактабларда” улар таълим оладилар. Ўз фарзандларидан, невараларидан фақатгина бадбахт, аблаҳ ва ярамас кимсаларгина нафратланадилар!

Ўғри бу — қўрқоқ ва олчоқ кимсадир. У фош бўлиш ва адолатли қасосдан доим қўрқиб яшайди. Бундай кимса озод ва эркин бўлиши мумкин эмас. Агар сен шундай кимса бўлсанг ўз халқинг боласи эмассан. Сен дарахт танасидаги қурт каби зараркунанда ва ҳашоратсан!

Фарзандларингни ишга, ўқишга “жойлаштириб қўйишинг” уларга тузатиб бўлмас даражада зарар етказади. Агар инсон барчасига ўзи эришмаса ёки ҳеч бўлмаганда билими ва ўзининг ютуқлари орқали аждодлари меъросини қонуний давом эттира олмаса, унга жуда қийин бўлади. Ўз болаларининг келажагини муаммоларга тўлдириш, уни хавф остига қўйиш, фақатгина тентакларга хос иллат!

Коррупцияни таг-томири билан суғуриб олиб, бартараф этган жамиятгина фаровонликка эриша олади, фақат шундай жамиятгина чексиз ҳурматга ва гўзал истиқболга лойиқ. Буни ҳар бир ақл расо инсон идрок этиши зарур.

Бу иллатни йўқотишга ҳар биримиз масъулмиз ва унга қарши муросасиз курашни ҳозироқ бошлаш керак, эртага эмас. Мен аниқ биламан эртага кеч бўлади. Агар биз бу иллатдан тезроқ қутила олмасак, барча ислоҳотлар бекор кетади, энг ёмони Ватан, Миллат истиқболи хавф остида қолади, келажак авлодларимизнинг насли бузилади, халқ ва миллат сифатида поракандаликка юз тутамиз!

Муаллиф: usm.uz

Муаллиф ҳақида

Abduvali

Жавоб юбориш

Be the First to Comment!

Notify of
avatar