Ҳикоялар

Ҳафта ҳикояси: Генрих Бёлл. Менинг ғамгин юзим (ҳикоя)

Муаллиф Abduvali

Портда турволиб, чағалайларни кузатаётганимда менинг ғамгин юзим шу мавзеда навбатчилик қилаётган миршабнинг эътиборига тушибди. Қушларга маҳлиё бўлиб қолибман. Улар озуқа илинжида гоҳ осмонга ўқдек сапчиб, гоҳ пастга тошдек шувиллаб тушаркан, ҳаракатлари бекор кетарди. Порт бўм-бўш, қорамой тўкилиб, юпқа, яшил парда қоплаганидан қуюқ туюлаётган сувда ҳар бало сузиб юрибди. Биронта пароход кўринмайди, кўтарма кранлар занглаб ётибди, омборлар таназзулга юз тутган, ҳатто каламушлар ҳам портнинг вайроналарида кўринмайди. Шунчалик жимжит эди, бу ер. Ташқи дунё билан алоқа узилганига кўп йиллар бўлган.
Мен битта чағалайни танлаб олдим-да, учишини кузатдим. Ҳурковуч бу қуш момақалдироқни сезган қалдирғоч сингари, кўпинчи сувга яқин учади, онда-сонда қийқириб тепага кўтарилади-да, шерикларига қўшилиб кетади.
Агар шу пайт менга, тила тилагингни, дейишса, бир бурда нон сўраган бўлардим. Уни майдалаб-майдалаб сувга отардим-да, бетартиб учаётган қушларга аниқ йўналиш бериб, қулоқларни қоматга келтираётган чийиллашларни бузиб юборардим, нон бўлаклари ва ушоқлари ёрдамида бу айқаш-уйқаш ҳаракатлару овозларни гўё тараб-тараб, чиройли қилиб қўярдим. Бироқ, ўзим ҳам шу қушлар сингари очман, чарчаганман, ғамгин бўлсам-да, бахтиёрман. Бу ерда қўлларни бўмбўш чўнтакка тиқиб, ғамдан маст бўлганча, чағалайларни кузатиш шунчалик мазза эди-ки!
Қўққисдан, елкамга тўраларга хос қўл келиб тушди ва “Ортимдан юринг!” деган буйруқни эшитдим. Қўл елкамни эзиб, мени ўзига қаратмоқчи бўлди. Мен қайрилиб қарамасдан кўлни елкамдан силикб ташладим-да, хотиржамгина “Эсингиз жойидами?” дедим.
— Миллатдош, — деди ҳалигача менга кўринмай турган одам, — огоҳлантираман!
— Менга қаранг, жаноб!
— Қанақа жаноб?! — қаҳр қилди одам. — Биз ҳаммамиз миллатдошмиз!
У ёнимга турволиб, қиялаб қаради, мен эса осмонда дайдиб юрган нигоҳимни миршабнинг “саҳоватли” кўзларига чўктиришга мажбур бўлдим. Ўн йиллар давомида хизмат бурчидан бошқа нарсани туймаган, буқадек келадиган бу одам ўта жиддий эди.
— Нимага асосан? — дея гап бошладим.
— Асослар етарли, — чўрт кесди у. — Ғамгин юзларингиз.
Кулиб юбордим.
— Куладиган гап эмас!
Унинг қаҳри ростакам эди. Аввалига, бу миршаб зерикканидан менга тиркалаяпти, деб ўйладим, чунки кўзига рўйхатдан ўтмаган биронта фоҳиша, маст денгизчи ёки ўғри ёки ҳарбий қочоқ ташланмаяптики, ушлаволса! Энди, у ҳазиллашмаётганига, ҳақиқатда ҳам мени ҳибсга олмоқчи эканига ишонч ҳосил қилдим.
— Ортимдан юринг!
— Нега энди? — сўрадим босиқлик билан.
Шунда чап билагимни ингичка занжир чирмаб олганини сезиб, “Оҳ, ўлдим!” дедим ичимда. Чарх уриб учаётган чағалайларга, гўзал осмонга охирги марта қарадим ва силтаниб чиқиб, ўзимни сувга отмоқчи бўлдим. Яна панжаралар ортига ташланишдан ёки ёлланган жаллодлар қўли билан бир хилват ерда бўғилиб ўлгандан кўра, мана шу ифлос сувда чўкиб ўлган яхшироқ туюлди менга. Бироқ, миршаб занжирни қаттиқ тортиб, мени ўзига яқинлаштирди, қочиш ҳақида ўйлаш бекор бўлиб чиқди.
— Нега бундай қиляпсиз? — дедим такроран.
— Қонун бор: ҳамма бахтиёр бўлиши керак.
— Мен бахтиёрман! — ҳайқириб юбордим.
— Ғамгин юзларингиз айтиб турибди, — кесатди миршаб ва бошини чайқаб қўйди.
— Бу янги қонун бўлса керак?
— Эълон қилинганидан буён ўттиз олти соат ўтди. Сиз эса, ҳар қандай қонун матбуотда чиққандан кейин йигирма тўрт соат ўтгач, кучга киришини билишингиз керак.
— Мен бунақа қонунни билмайман.
— Қонунни билмаслик жазодан халос қилмайди. У ҳамма овозкарнайлардан эшиттирилди, ҳамма газеталарда босилди, тараққиётнинг бунақа воситаларидан фойдаланмайдиганлар учун эса, — дея миршаб менга нафрат билан қараб қўйди, — бутун империя бўйлаб варақалар тарқатилди. Шунинг учун кейинги ўттиз олти соатни қаерларда ўтказганингизни ҳам аниқлашга тўғри келади.
У мени тезроқ судрай кетди. Шундагина эгнимда пальто йўқлигини, совуқ эканини сезибман, шундагина қорним очликдан қулдираётганини эшитибман, шундан кейингина соқолларим ўсиб кетганини, ювинмаганимни, жулдурвоқи эканимни, ҳамма миллатдошлар соқолларини қиртишлаб, ювиниб-тараниб юришлари, бахтиёр ва тўқ бўлишлари кераклиги ҳақида қонунлар борлигини эслабман. Миршаб мени олдига солиб, туртиб борарди, гўё мен ўғирлик қилиб, қўлга тушган қўриқчи тасқараману, энди ширин хаёллар билан қўққайиб турадиган полиз ва томорқаларни тарк этишим керак.
Кўчаларда одам кўринмайди, полиция идораси узоқ эмас. Мени озодликдан маҳрум қилишлари турган гап, бунга баҳонани бир пасда топадилар. Миршаб мени ёшлигимдан қадрдон бўлиб қолган кўчаларда етаклаб бораётганидан дилгир бўлдим. Мен бу ерлардан портдан қайтишда ўтардим, айқаш-уйқаш бўлса-да, чиройли, қуюқ буталар билан қопланган боғларда, ўт босган йўлларда шунчаки тентирардим. Афсус, буларнинг ҳаммаси бўлиб-бўлиб ташланган, ўрилган, қайчиланган, чорси-чорси бўлакларга ажратилиб, содиқ фуқароларнинг турли уюшмалари душанба, чоршанба ва шанба кунлари ҳарбий машқлар ўтказиши учун мослаштирилган. Фақат, осмону ҳаво илгари — юрак орзуларга, ширин хаёлларга тўла вақтларда қандай бўлса, шундайлигича қолган.
Йўл-йўлакай ишқий эрмакларга мўлжалланган баъзи казармалар тепасига, кимлардир чоршанба кунлари ҳирсий завқ-шавқ олишга навбати келишини эслатиб турадиган расмий нишон илиб қўйилганига кўзим тушди. Баъзи қовоқхоналарга ичкилик нишонини илиб қўйиш ҳуқуқи берилган шекилли, кўндаланг тортилган иккита оч жигарранг ва битта тўқ жигарранг тасмали давлат рамзи туширилган кружкалар кўзга ташланади. Бу кунда пивохўрлик роҳати насиб этганларнинг расмий рўйхатига киритилган миллатдошларнинг юраги шодликка тўлиб-тошгани шубҳасиз.
Рўпарамиздан чиқиб қоладиган ўткинчиларнинг юзларида ғоятда тиришқоқлик акс этади, улардан уфуриб турган ғайрат-шижоат миршабга кўзлари тушган заҳоти янада кучайиб, қадамларини тезлатадилар, юзларида мажбуриятни бажо келтирганлик ифодаси кўринади. Дўконлардан чиқаётган аёллар эса, уларга лозим бўлганидек, теварак-атрофга бахтдан кўзлари чақнаб қарашга ҳаракат қиладилар. Аёллар яхши овқатлар билан давлат ходимларининг куч-қувватини тиклашга даъват этилган уй бекаси бўлганлари учун ҳам қонун, улар шод, қувноқ ва тетик-бардам бўлишларини талаб қилади.
Бироқ, одамлар бизга рўпара келишдан ўзларини усталик билан олиб қочардилар: кўчадаги жонзотнинг ҳар қандай кўриниши биздан йигирма қадам наридаёқ кўздан ғойиб бўлар, ҳар ким йўлида биринчи учраган дўконга ёки муюлиш ортига ўзини уриб кетишга ҳаракат қиларди, айримлар бегона уйларга кириб кетиб, эшик ортида қалтираб, бизнинг қадам товушимиз тингунча кутарди. Фақат, бир марта, биз чорраҳани кесиб ўтган дақиқада қарияга рўпара келдик. Унинг кўкрагида мактаб ўқитувчисининг нишони бор экан. Қария бизга дуч келишдан ўзини обқочолмади, беихтиёр, бурчини бажаришдан бошқа иложи қолмади: қоидага мувофиқ даставвал, итоаткорлик белгиси сифатида кафтини пешонасига уч марта уриб, миршабга салом берди, кейин, менинг бетимга уч марта тупурди ва бундай ҳолатларда айтилиши шарт бўлган “Ифлос! Сотқин!” деган ҳақоратларни айтди. Туфлаётганда у мўлжални аниқ олдию, лекин исиб кетганидан оғзи қуриб қолганми, ҳар ҳолда, менга майда томчилар келиб тегди. Мен бўлсам, қонунга хилоф қилиб, тупукни енгим билан, беихтиёр артибман. Бунинг учун миршаб кетимга бир тепди, икки курагим ўртасига мушт туширди ва хотиржамлик билан “Биринчи босқич” деб тушунтирган бўлди. Яъни, полициянинг ҳар қандай мансабдори қўллайдиган энг биринчи ва енгил жазо чораси, демоқчи.
Ўқитувчи биздан шоша-пиша узоқлашди. Бошқа ўткинчилар ўз вақтида бурилиб кетишга улгуриб қолдилар. Ишқий казарма олдида, шарт бўлган кечки сайрни бажариб юрган, шишинқираган аёл ҳаво орқали менга ўпич юборди ва мен миннатдор жилмайиш билан жавоб қайтардим. Миршаб ўзини билмаганга солди. У бошқа ҳар қандай одамни жазолаши мумкин, лекин бунақа аёллар ўзбошимчалик қилиши тақиқланмаган. Кўкларга кўтариб мақталган қонун бундай аёлларга тааллуқли эмас, чунки давлат ходимларининг иш қобилиятини кўтаришда ҳеч ким уларчалик ёрдам беролмайди. Аммо, бундай имтиёзни давлат фалсафаси фанининг уч карра дўхтири Бляйгёт расмий, умуммажбурий фалсафа журналида қоралаб чиққан. Мен бу ҳақда кечагина, пойтахтга келаётиб, бир деҳқоннинг ҳовлисидаги хожатхонага  кирганимда, газета парчаларидан ўқувдим. Қайсидир бир талаба, эҳтимол, ўша деҳқоннинг ўғлидир, уч карра дўхтирнинг мулоҳазаларини чуқур маъноли сўзлар билан “шарҳлаб”, газета четига ёзиб ташлабди.
Бахтимга, сирена товуши увиллаган пайтда биз полиция маҳкамасига етган эдик. Демак, бир неча дақиқадан сўнг кўчаларга юзида сокин бахт уфуриб турадиган одамлар (ҳа, ҳа, айнан сокин бахт, чунки иш кунининг охирида бахтни жўшқин ифодалаш иш оғир бўлганини англатади; шод-ҳуррамлик эса, иш кунининг бошланишида ҳамроҳ бўлиши керак) тўлиб кетади ва уларнинг ҳар бири менга туфлаб ўтиши лозим. Шундай бўлармиди ё бошқача, ҳар ҳолда, сиренанинг увлаши ўн дақиқадан кейин иш куни тугашини билдиради, ишловчиларнинг бари шу ўн минут ичида ҳозирги олий ҳукмдорнинг “Бахт ва совун!” деган шиорига мувофиқ яхшилаб ювиниши талаб этилади.
Полициянинг бетон харсангни эслатадиган маҳкамаси эшигини иккита миршаб қўриқлаяпти, мен ўтаётганда улар тайинланган “тан жазоси чораси”ни қўллаб, қўндоқ билан бошимга қаттиқ уришди ва тўппончани кўкрагимга нуқишди, чунки давлат чиқариб қўйган биринчи рақамли қонуннинг преамбуласида бундай дейилган: “Полициянинг ҳар бир мансабдори ўз лавозимига яраша ушланганнинг (ҳибсга олинган одамни шундай аташади) танасида ҳужжатли из қолдириши керак; жиноятчини тутиб олган мансабдор бундан мустасно, чунки у тан жазоси бериш имкониятларидан сўроқ пайтида фойдаланиш ҳуқуқига эга.”
Қонунда яна бундай дейилади: “Полициянинг ҳар бир мансабдори қонун олдида айбдор бўлган ҳар қандай одамни шахсан ўзи жазолаши мумкин ва зарур. Жазо беришда навбат кутиш шарт эмас, шундай навбат юзага келиш эҳтимоли бор, холос.”
Биз узу-ун, икки томонида кўплаб, катта-катта деразалари бор, деворлари бўм-бўш йўлакдан ўтдик, олдимизда пайдо бўлган эшик ўз-ўзидан очилди. Кираверишдаги посбон биз ҳақимизда хабар берди. Ҳамма бахтли, қонун олдида итоаткор ва батартиб, ҳар куни тайинланган ярим кило совунни кўпиртириш билан банд бўлаверганидан, ушланган (ҳибсга олинган)нинг пайдо бўлиши бир воқеа эди.
Биз кириб борган яримяланғоч хонада битта ёзув столи, телефони билан, ва иккита оромкурси бор, мен хонанинг ўртасида туришим керак, миршаб дубулғасини ечиб, ўтирди.
Бошланишига сукунат ҳукм сурди, ҳеч нима бўлмади. Доим шунақа қилишади, ва бу — энг ёмони. Вақт ўтган сайин юзимда бахтсизлик аломатлари кучайиб бораётганини сезиб турибман. Бунинг устига ўлгудек чарчаганман, очман, ҳалок бўлишим муқаррар.
Бир неча сониядан кейин кичик терговчининг оч жигарранг формасини кийган, ранги ўчган, новча бир одам кириб келди ва ҳеч нима демасдан оромкурсига ўтирди-да, менга синчиклаб қаради.
— Ҳунар?!
— Оддий миллатдош.
— Туғилган йил?!
— Биринчи, биринчи,… йигирма биринчи йил.
— Машғулот?!
— Маҳбус.
Терговчи миршаб билан кўз уриштириб олишди.
— Қачон ва қаердан озод этилган?!
— Кеча, ўн иккинчи корпус, ўн учинчи камера.
— Қаёққа йўлланган?!
— Пойтахтга.
— Ҳужжат!
Чўнтагимдан озодлик ҳақидаги гувоҳномани чиқариб, терговчига узатдим. У гувоҳномани кўрсатмаларим ёзилаётган қалин, яшил қоғозга тўғнаб қўйди.
— Нима учун қамалган?!
— Бахтиёр юзим учун.
Терговчи ва миршаб яна бир-бирига қараб олишди.
— Аниқроқ! — деди терговчи.
— Олий хукмдор вафотининг йиллиги — умумий мотам кунида юзим бахтиёр экани миршаблар эътиборини ўзига тортган.
— Муддат?!
— Беш.
— Хулқ?!
— Ёмон.
— Аниқроқ?!
— Хизмат бурчларидан бош тортиш.
— Сўроқ тугади.
Кичик терговчи ўрнидан туриб келди-да, бир мушт уриб, олдинги учта тишимни синдирди. Бу — мен ўта хавфли жиноятчи сифатида махсус тамғаланишим кераклигини билдиради. Бунақа қаттиқ жазо чорасига йўлиқаман, деб ўйламагандим. Кичик терговчи чиқиб кетгандан кейин хонага тўқ жигарранг форма кийган барзанги терговчи кириб келди.
Терговчи, катта терговчи, судья, бош судья, ора-чора мени тутиб келтирган миршаб, ҳаммалари қонун кўзда тутган жазоларни беришди. Бир вақтлар юзим бахтли кўрингани учун беш йилга қамалган бўлсам, энди, ғамгин юзим учун ўн йилга ҳукм қилишди.
Умумий бахтиёрлик ва совундек кўпирган роҳат-фароғатга ғарқ бўлган шу ўн йилдан ўлмай қутулиб олсам, юзимда ҳеч қандай ифодалар бўлмаслигига ҳаракат қиламан.

1950.

Русчадан Қудрат Дўстмуҳаммад таржимаси.
“Шарқ юлдузи” журнали, 1999 йил, 6-сон.

Манба: ziyouz.uz

Муаллиф ҳақида

Abduvali

Жавоб юбориш

Be the First to Comment!

Notify of
avatar