Кун нафаси

ИИБ ходимлари томонидан пойтахтимизга пул топиш мақсадида келган республикамиз фуқароларига нисбатан қўпол муомалада бўлаётганлиги ҳақидаги хабарга ойдинлик киритилди

Муаллиф Abduvali

Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси томонидан 2017 йил 11 октябрь куни “Sputniknews-uz.com” Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкилотининг ижтимоий аккаунтида ҳамда 2017 йил 26 декабрь куни “Xabar.uz” ахборот таҳлилий порталида “Тошкент шаҳрида жойлашган бир қанча Вақтинчалик, бир марталик иш билан таъминлаш бюролари бўйича, хусусан, Яшнобод туманида жойлашган бюрода Яшнобод тумани ИИБ ходимлари томонидан фуқароларга нисбатан ноўрин хатти-ҳаракатлар содир этилаётганлиги” ҳақида мақолалар чоп этилган.

Ушбу маълумотларда кўрсатилган ҳолатлар юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси томонидан хизмат текшируви ўтказилди.

Бу борада таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2016 йил 26 февраль кунидаги 54-қарори билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2001 йил 18 майдаги “Вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш марказларини ташкил этиш тўғрисида”ги 223-сонли Қарорига тегишли ўзгартиришлар киритилган бўлиб, унга кўра:вақтинчалик бир марталик иш билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома олишга ариза беришда фуқаролар вақтинчалик ёки доимий рўйхатдан ўтган ёҳуд турган жойи бўйича ҳисобга олинган бўлишлари, қонун ҳужжатларида белгиланган паспорт режимига ва жамоат тартибига риоя этишлари шартлиги белгиланган.

Шу билан бирга, фуқаролар томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг “Паспорт тизими қоидаларини бузиш” тўғрисидаги 223-моддаси талабларига риоя этишлари белгиланган.

Юқорида қайд этилган икки интернет нашрдаги хабарлар бўйича Тошкент шаҳар Бектемир ва Яшнабод тумани ИИБ ходимлари томонидан пойтахтимизга пул топиш мақсадида келган республикамиз фуқароларига нисбатан ички ишлар идоралари ходимлари томонидан гўёки ўтказилаётган тазйиқ ҳамда фуқароларга нисбатан қўпол муомалада бўлиш каби ҳолатлар ўз тасдиғини топмади.

Шунингдек, мавжуд бўлган 3 та видеоёзувларда сўзлаган барча фуқароларнинг шахси аниқланиб, улар билан Ўз хавфсизлик хизмати ходимлари суҳбатлашди. Ўтказилган суҳбат давомида, видео ёзувлардаги аёл киши ўз интервьюсида баён этган ички ишлар органлари ходимларининг ноўрин хатти-ҳаракатлари бевосита унга нисбатан содир этилмаганлиги, бу каби ҳолатларни кўрмаганлиги, ушбу маълумотларни фақатгина бошқа фуқаролардан эшитганлиги маълум бўлди.

Шу билан бирга, видео ёзувлардаги эркак киши келтириб ўтган ҳолатлардаги ички ишлар органлари ходимининг шахси аниқланиб, суриштирув давомида фуқаро ва ходимнинг важларида қарама-қаршиликлар мавжудлиги сабабли, ҳолатга қонуний баҳо берилишини таъминлаш мақсадида, тўпланган ҳужжатлар прокуратура идораларига юборилди.

Мамлакатимиз раҳбари пайшанба куни профилактика куни деб белгилаб берган даврдан бошлаб ўтган йил мобайнида Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси ходимлари ва ОАВ ходимлари томонидан муттасил брифинглар ўтказилиб келинмоқда.

Мазкур тадбирларда ОАВ ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишмоқда.

Ички ишлар идоралари ходимлари фуқароларга нисбатан куч ишлатиш ҳолатига келадиган бўлсак, 2016 йилнинг 16 сентябрь кунидаги “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонунга кўра, ҳар бир ички ишлар идоралари ходими ўз хизматига сидқидилдан ёндашиб, халқ ва жамият учун хизмат қилиши керак. Зеро, уларга баҳони халқнинг ўзи беради. Агарда қайси бир ички ишлар идоралари ходими ўз хизмат мансабини суистеъмол қилиб, фуқароларга нисбатан ноқонуний ҳаракатларни амалга оширган бўлса, у ҳолда Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси қабулхонасига ёзма ёки оғзаки мурожаат қилиши мумкин. Биз холатни ўрганиб чиқиб, агарда ходим айбдор бўлса, унга нисбатан маъмурий, керак бўлса жиноий жавобгарлик ҳам қўллашга тайёрмиз. Зеро, Қонун ҳамма учун баробардир.

Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, интернет тармоғидаги ахборот порталларида ички ишлар органлари ходимлари томонидан содир этилган қонун бузилиши ҳолатлари тўғрисида берилган маълумотлар юзасидан холисона текширувлар ўтказилишини, ҳар бир хабарнинг ҳаққонийлигини, хабар бераётган фуқароларнинг шахси атрофлича ўрганиб чиқилишини ва якунида қонуний баҳо берилишини кафолатлайди.

Тошкент шаҳар ИИББ



Муаллиф ҳақида

Abduvali

Leave a Comment