Мақолалар

Баҳсли мавзу. Босма нашрларнинг даври ўтдими?

Муаллиф Abduvali

Лутфулло Турсунов: ҲА!

Дастлаб радио кашф этилганида, кейинчалик телевидение пайдо бўлганида ҳам шундай саволлар туғилган. Орадан йиллар ўтса ҳамки, газета ва журналлар ҳамон «яшаб» келмоқда. Аммо, интернетнинг саҳнага чиқиб келиши вазиятни бутунлай ўзгартириб юборди. Ахборот бозори учун курашда мутлақ тенгсизлик юзага келди. Интернет билан курашишга босма нашрларнинг «вазн тоифаси» умуман мос келмай қолди.

Оммавий ахборот воситалари асосан ахборот сотиш (обуна шаклида) ва реклама ҳисобига яшайди. Интернет нашрлар ўзининг тезкорлиги, қулайлиги, қисқа вақт ичида катта аудиторияни қамрай олиши билан реклама бозорини эгаллаб олмоқда. Бу эса уларга, босма нашрлардан фарқли ўлароқ, ахборотни текин тарқатиш имконини беради. Бу жуда катта устунлик. Мижоз олдида пулли ахборот билан бепулини танлаш имкони турганида, табиийки, у иккинчисини (аслида ахборотга эга бўлиш учун интернетга пул тўласа-да) маъқул кўради. Босма нашрларнинг шу зайлда аудиторияси қисқариб бораверар экан, унинг реклама бозоридаги улуши ҳам камайиб кетаверади. Бу ҳолат газета ва журналларнинг келгусида анъанавий — қоғоз шаклида чиқарилиши тарихга айланишидан далолат беради. Ахир, яшаб қолиш учун қандайдир восита бўлиши керак-ку…

Реклама бозоридаги улуш бўйича радио ва босма нашрлар интернетга аллақачон имкониятни бой бериб бўлган. Ҳозирда энг катта улушга эга телевидение ҳам бу «жанг»да енгилишни бошлади. Интернет нафақат босма нашрларни, аналог ва FM-радиоларни, ҳатто телевидениени ҳам ўз домига тортиб кетяпти.

Рақамли технологиялар «вируси» бирин-кетин анъанавий воситаларни аввал рақамли кўринишга, энди онлайн шаклга ўтишга мажбур қилмоқда. Аналог ТВ ва радио кўп давлатларда тарихга айланиб бўлган. Бизда ҳам 2018 йилнинг охирига бориб тўхтатилади. Яқин уч-тўрт йил ичида бутун дунёда ундан ном-нишон қолмайди. Тизим тўлиқ рақамли шаклга ўтади. Аммо, бу билан ҳам «ахборот эволюцияси» тўхтамайди. Радио ҳам, телевидение ҳам ҳали рақамли кўринишга ўтиб улгурмай, энди интернет аудиториясига мослашишга мажбур бўляпти.

Газета ва журналлар ҳали узоқ яшаб қолиши мумкин, лекин у бизнес лойиҳа сифатида ўз ўрнини ушлаб тура олмайди.

Мавжуд радио ва телевидение каналларининг интернетдаги талқинидан ташқари мустақил интернет ТВ ва радиолар юзага келяпти. Телевидениедек катта тармоқнинг анъанавийлигини сақлаб қолишига кучи етмаётган экан, босма нашрларда бу борада имконият деярли йўқ. Газета ва журналлар ҳали узоқ яшаб қолиши мумкин, лекин у бизнес лойиҳа сифатида ўз ўрнини ушлаб тура олмайди. У кўпроқ маънавий ва мафкуравий восита сифатида яшайди, холос. Бизнес лойиҳа шаклидаги ОАВ эса тўлиқ «интернетлашади».

Глобал тармоқ ва технологиялар ҳозир бизнес шаклларини шунчалик тез ўзгартирмоқдаки, қайсидир турдаги маҳсулот ёки хизматларнинг «умри»ни аниқ чамалаб бўлмай қолди. Бугун «Youtube» каналидаги биргина видеоблогернинг йиллик даромади номдор нашрларникидан каттароқ. Ёки қизиқроқ телеграм каналини ташкил қилган ёш боланинг ўқувчилари сони кўпгина нашрларнинг обуначилари сонидан зиёд. Албатта, улар оммавий ахборот воситаси ролини бажара олмайди, аммо бизнес жиҳатидан устунликка эгалар. Иқтисодиётда оддий қоида бор — фойда ва харажатлар ўртасидаги баланс йўқолса, ишлаб чиқариш ўз-ўзидан тўхтайди. Босма ОАВларнинг асосий муаммоси шу жиҳатга бориб тақалади.

Бир неча йил аввал гуркираган соҳалар, ҳеч қанча вақт ўтмасидан ном-нишонсиз йўқолмоқда. Ҳали бизни олдинда робототехника ва сунъий интеллект даври кутиб турибди. Бизни қарши олаётган у оламда янада глобал эволюция ва инқилобий ўзгаришлар рўй беради. Турли соҳалар ва касбларнинг ўзгариши, йўқолиб кетиши табиий ҳолга айланади. Асрлар давомида шаклланган анъаналар ўзгара бошлайди.

Босма нашрларнинг яна қанча яшаб қолиши авлодлар алмашинувига ҳам боғлиқ. Ўтган асрнинг 80-йилларигача туғилганлар оилавий обуна нималигини яхши эслашади. Шу авлодгача бўлганлар қоғоз шаклидаги нашрларни ўқишга кўникишган, ўрганишган. Технологиялар ҳатто уларни ҳам «трансформациялашиш»га мажбур қилмоқда. 90-йиллардан кейинги авлод эса тўлиқ технологиялар даври вакиллари. Табиийки, бу авлодларнинг алмашинуви анъаналарнинг ўзгаришига олиб келади. Шундан чамалаб олаверинг, босма нашрларнинг яна қанча «умри» қолганини.

Усмонжон Йўлдошев: ЙЎҚ!

Мабодо, ушбу қатъий фикрим кимларнингдир энсасини қотирса ёхуд ғашини келтирса, майли, фикримни сал юмшатаман: Бунга йўл қўймаслик керак!

Аввало, даврий нашрлар — газета ва журналлар ҳам инсоният тафаккури маҳсули эканлигини унутмаслик лозим. Техникалар, алоқа воситалари ривожланмаган даврларда одамлар сиёсий онгини ўстиришда, уларни қолоқлик ботқоғидан чиқариб, маърифат сари ундашда, турли истибдодларга қарши курашиш йўлида халқни бирлаштиришда айнан матбуотнинг ўрни беқиёс бўлган.

Шукрки, ота-боболаримиз орзулаган, шу йўлда ўз азиз жонларини қурбон қилган дориломон кунларда яшаяпмиз. Истиқлол аталмиш бебаҳо неъматнинг барча имкониятларидан баҳрамандмиз. Хусусан, ахборот-коммуникация технологиялари имкониятлари, ютуқлари, афзалликларидан ҳам.

Европанинг биринчи ношири Иоганн Гутенберг ўн бешинчи асрда ихтиро қилган тошбосма дастгоҳи нафақат китоблар чоп этиш, балки даврий нашрлар ишида ҳам инқилобий ўзгаришларни бошлаб берди. Ўша даврлардан бошлаб бутун дунёда газета ва журналлар фаолияти гуллаб-яшнади, одамларнинг асосий ахборот олиш манбаига айланди. Албатта, ҳаёт бир жойда тўхтаб турмаганидек, янги-янги кашфиётлар, ихтиролар инсоният манфаатларига хизмат қилишга киришди. Интернетнинг пайдо бўлиши эса ахборот олиш ва тарқатиш масаласида даврий нашрларга том маънода рақобатчига айланди. Бугун эса интернет бу борада нафақат рақобатчи, балки яккаҳокимлик даъвосини қилиб турибди. Афсусланарлиси, ушбу даъвонинг ўринли эканли айримлар (бундай фикрловчилар кўпайиб боряпти) томонидан ҳам бот-бот эътироф этилмоқда.

Замонавий дунёқарашга эга инсон сифатида интернетнинг мислсиз имкониятларини инкор этмайман, албатта. Интернет — чексиз ахборотлар уммони ва бу уммонда хоҳлаганча сузиш мумкин. Фақат ўша уммон остидаги кўзга кўринмас, аммо ҳар лаҳза домига тортиб туришга шай лойқалар — ғараз мақсадлардан жуда эҳтиёт бўлиш керак. АКТ вазири Ш.Шерматов биз — журналистлар билан бўлган бир учрашувда шундай деган эди: «Интернет дастлаб пайдо бўлган вақтларда унда бирор бир жўялироқ ахборотни топиш мушкул эди. Ҳозир эса информациялар шу даражада кўпайиб кетдики, қайси бири росту қай бири ёлғон ёки иғво эканлигини ажратиб олиш қийин бўлиб қолди. Шу боис, даврий нашрлар зиммасига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ масъулият юкланади».

Дарҳақиқат, бугун интернетдан ҳар ким ўз мақсади йўлида фойдаланмоқда: дунёга эгалик қилмоқчи бўлаётганлар ҳам, турли сиёсий кучлар, биз учун ғайриинсоний ҳисобланган уюшмалару бирлашмалар ва ҳатто террорчилар ҳам. Чунки улар интернетдан фойдаланувчилар асосан ёшлар эканлигини жуда яхши билган ҳолда кўринмас қармоқларини ташлаганча пусиб ётишибди. Айтишингиз мумкин, интернетдан фойдаланиш маданияти бўлган, миллий ғояга содиқ ёшлар учун булар таҳдид қилолмайди, деб. Сиз ҳақсиз. Аммо, глобал тармоқда миллийлик, миллий менталитет, миллий ғоя сингари тушунчалар хираланиб қолиши ҳеч гапмас. Сабаби-ки, ғаразли ниятини айнан миллийлик чопонига ўраб-чирмаб тақдим этаётганлар исталганча топилади.

Биз гўё уммондан ижарага фойдаланиб тургандекмиз.

Интернетни юқорида уммонга қиёсладим, афсуски, ўша уммон бошида ўз эгалари бор, улар истаган пайтда уммон йўлини тўсиб қўйиши ёки лойқалатиши мумкин. Биз гўё уммондан ижарага фойдаланиб тургандекмиз. Гап шундаки, нафақат бизнинг, дунё ёшларининг ҳам даврий нашрлар ўқимай қўйиши, интернетпараст бўлиб бориши уларга фойда. Тасаввур қилинг, бугун биз, ҳа энди бу давр талабида, ёшлар шуни исташяпти, дея зарур чораларни кўрмасак, бир авлод ўтиб матбуот бутунлай эсдан чиқади, бора-бора ҳатто тармоқдаги матнли хабарларни ҳам ўқимай қўядиган (фақат аудио орқали тинглайдиган) ёшлар пайдо бўлади. Мия фақат эшитганинигина қабул қиляптими, демак, унинг ўқиш орқали қабул қилувчи сезгилари камайиб боради. Аста-секин ёшларни қуруқ даъватлар билан чалғитиш, ортидан эргаштириш осонлашиб боради. Иккинчи томондан эса интернет мамлакатга хавф туғилган вақтларда одамларни янада жунбушга келтирувчи қуролга айланади. Бундай пайтда ҳукумат интернетни чеклашга мажбур (яқинда Эронда бўлган ҳодисаларни эсланг) бўлади.

Даврий нашрлар вазифаси фақат ахборот етказиш эмас, бугунги кун нафасини ёки бирор соҳани маънавий-маърифий, таҳлилий жиҳатдан очиб берувчи қудратли восита. Фақат унинг замонга мослашиши учун ҳаракат қилиш даркор. Марказий нашрлар бўладими, тармоқ нашрларими, жойлардаги ҳокимлик газеталарими, қатъи назар, ҳар бир муассис ўз соҳавий сиёсатини оммага, ҳукуматга етказиб бераётган нашрларига эътиборлироқ бўлишлари керак. Нашрларнинг моддий-техник жиҳатдан бақувват бўлиши, уларда ишлаётган журналистларнинг ҳар томонлама таъминланганлиги нашрларнинг ададига боғлиқ (дунёдаги ҳеч бир даврий нашр муассисга моддий даромад келтирмайди, йирик-йирик концернлар, сиёсий кучлар, партиялар ўз нашрларини оммалаштиришга интилади — чунки уларни ўз позициясини ҳимоя қилувчи майдон деб билади). Бунда мен, кўпчиликнинг (балки кўпчилик эмасдир) пешонасини тириштираётган мажбурий обуна ҳақида эмас, тўғри маънодаги тарғибот-ташвиқот борасида гапиряпман. Одамларимиз маърифатга ташна, Президентимиз ҳам мутолаани тарғиб қилиш муҳимлиги борасида қатъий фикрига эга. Биз нафақат демократик, балки маънавий-маърифий жамият қуриш йўлини танлаганмиз. Шундай экан, ёшларни — фарзандларимизни мутолаага, маърифатга ошно қилайлик!

Манба: xabar.uz

Муаллиф ҳақида

Abduvali

Жавоб юбориш

Be the First to Comment!

Notify of
avatar