Ҳикоялар

Ҳорун Рашиднинг кўз ёши

Муаллиф Abduvali Qurbanov

Ривоят қилишларича, Ҳорун-Ар-Рашид ҳукмронлик қилган даврда бир тақводор йигит йиғин ва маъракаларда амри маъруф ва наҳйи мункар қилар эди. У ўз ваъзида Ҳорун Рашиднинг баъзи камчиликларини баён қила бошлади. Халифа Ҳорун Рашид уни ҳибс қилишни буюрди. Уни ҳалок қилиш учун бир маконга қамаб, эшик ва ҳаво кирадиган туйнукларини маҳкам ёпиб ташлашди.

Орадан беш кун ўтиб бир киши Ҳорун Рашидга хабар қилди: «Сиз зиндонбанд қилдирган ўша йигит фалон боғда сайр қилиб юрибди».

Ҳорун Рашид уни ҳузурига келтиришларини буюрди. Ва у йигит халифа ҳузурида ҳозир қилинди. Ҳорун Рашид ундан сўради:

– Сени зиндондан ким чиқарди?

Йигит жавоб берди:

– Боққа киргизган Зот.

Ҳорун Рашид сўради:

– Боққа ким киргизди?

Йигит жавоб берди:

– Зиндондан чиқарган Зот.

Ҳорун Рашид бу сўзни эшитиб бир зум тафаккур қилди… ва йиғлади.

Сўнгра йигитга ҳадя инъом қилди ва буюрди:

-Буни подшоҳ отига миндириб, шаҳарни айлантиринглар. Бир жарчи у билан бирга бўлсин. «Бу бандага Аллоҳ таъоло иззат берганлиги учун Ҳорун Рашид уни хор ва залил қилолмади. Охири Ҳорун Рашид ҳам уни иззат-ҳурмат қила бошлади»,- деб тўрт тарафга жар солинсин.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби



Муаллиф ҳақида

Abduvali Qurbanov

Leave a Comment