Мақолалар

Инсон – азиз ва мукаррамдир

Муаллиф Abduvali Qurbanov

Аллоҳ таоло инсонни Ўзи яратган барча махлуқотлар ичида энг мукаррам ва азиз қилиб яратди. Бу ҳақда Қуръони каримнинг “Исро” сураси 70-оятида бундай марҳамат қилинади:

وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آَدَمَ وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَرَزَقْنَاهُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَفَضَّلْنَاهُمْ عَلَى كَثِيرٍ مِمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلًا

“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”.

Бу оятда Аллоҳ таоло ўз бандаларига ато этган беҳисоб неъматларини ёд этиш билан бирга, инсоннинг нақадар улуғ бир мавжудод эканини таъкидлайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида: “Мўмин киши Аллоҳ таоло наздида фаришталардан ҳам мукаррам ва афзалдир”, – деганлар (Имом Байҳақий ривояти). Ушбу ҳадиснинг шарҳида шундай дейилади: Фаришталарни Аллоҳ таоло фақат тоат-ибодат ва баъзи махсус вазифаларни адо этиш учунгина яратган. Шунинг учун уларда ақл бор, лекин нафсу шаҳват йўқ. Ҳайвонотда эса нафсу шаҳват бор, лекин ақл йўқ. Аммо одамда ақл ҳам бор, нафсу шаҳват ҳам бор.

Ақл уни тўғри йўлга, савобли ишларга бошласа, нафсу шаҳват фақат нафсни қондириш, шаҳвоний ҳирсни қониқтиришга ва бунинг учун ҳар қандай гуноҳ-маъсият ишларидан қайтмасликка бошлайди. Бинобарин, агар инсоннинг ақли нафсу шаҳватидан ғолиб келиб, унинг амрига мувофиқ ҳаракат қилса, демак, у фаришталардан ҳам улуғ мақомда юрган бўлади.

Юқоридаги “Инсонни азиз ва мукаррам қилиб яратдик” ояти борасида тафсир китобларида инсоннинг қайси неъматлар туфайли мукаррам эканлиги тўғрисида кўпгина мисоллар келтирилган. Баъзи муфассирлар мазкур оятни шарҳлаб, инсонга ато этилган неъматларни иккига тақсим қилганлар:

  1. Жисмоний неъматлар. Масалан, сиҳат-саломатлик, яхши таом, чиройли либос, фаровон турмуш кабилардан иборат бўлиб, бу неъматлар барча бандаларга баробар берилаверадиган нарсалардир.
  2. Руҳоний ёки маънавий неъматлар. Мисол учун, иймон, ислом каби неъматлар фақат Аллоҳ таолонинг иноятига мушарраф бўлган бандаларигагина насиб бўлади.

Муқаддас Ислом дини ирқи, насаби, миллати, бойлиги, мансаби ва жамиятдаги тутган ўрнидан қатъи назар, барча инсонларга тенглик, ҳурлик, ўзаро бир-бирлари билан ҳамжиҳатликни таъминловчи ягона эътиқодий таълимотдир. Бу мазмунни баён қилувчи оят, ҳадислар жуда ҳам кўпдир.

Бугунги кунда бутун дунё аҳолисининг 1 миллиарддан ортиғида, яъни етти кишидан камида бирида муайян турдаги ногиронлик мавжуд бўлиб, барча ногиронларнинг 100 миллиондан ортиғини болалар ташкил этади. Ўзбекистонда ҳам ногиронлиги бўлган шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси эканликларини кўрсатиш мақсадида турли тадбир ва ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, 2017 йил давомида Тошкент шаҳридаги “Мирза Юсуф” (Бодомзор) жоме масжиди раҳбарияти ва ходимлари томонидан, ҳомийлар кўмагида Ўзбекистон Республикасининг турли вилоятлари ва чекка ҳудудларидан 287 нафар фуқаролар ногиронлар аравачаси билан, 33 нафари эшитиш мосламаси билан, 58 нафари қўлтиқ таёқ билан ҳамда, 54 нафари ҳасса билан таъминланди бу ҳайрли ишлар давом этади.

Ногиронларга қулай ҳаётни таъминлаш учун қўшимча шароитлар яратишни, шунингдек, бир қатор янгиликларни назарда тутувчи  Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 1 августдаги Ф-5006-сонли Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони қабул қилиниши олиб борилган ишларнинг мантиқий якуни бўлди.

Мустақил юртимизда ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, ҳаёт сифатини яхшилаш тизимини такомиллаштириш, уларга таълим олиш ва ишга жойлашишда ҳар томонлама кўмаклашиш чоралари кўрилмоқда. Давлат томонидан халқимизга хос бўлган меҳр-шафқат ҳамда эзгулик туйғуларини ҳисобга олган ҳолда ногиронларнинг муҳим эҳтиёж ва талабларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

1992 йилда БМТ томонидан ногиронларга оид долзарб масалаларга жамоатчилик эътиборини қаратиш, шунингдек, уларни ижтимоий ҳаётга ва ривожланиш жараёнларига мослаштириш мақсадида 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни деб эълон қилинди.

Бугунги кунда дунёда тахминан бир миллиард, жумладан Ўзбекистонда 600 мингдан ортиқ ногиронлар ҳаёт кечирмоқда. Кўпчилик ногиронлар кундалик турмушда турли қийинчиликларга дуч келиб, бу уларнинг мамлакат сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётида фаол иштирок этишига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Ҳар йили 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни сифатида нишонланиши халқимизнинг қалби меҳр ва саховатга тўла эканлигидан далолат беради. Юртимизда ногиронлар давлатимиз томонидан муҳофазага олинган, уларга доимо ғамхўрлик кўрсатилади. Ўзгалар меҳри ва ёрдамга муҳтожларнинг уйларига бориб, ҳолидан хабар олинади, моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилади.

Инсоннинг жисмоний ҳолати қандайлигидан қатъи назар, унинг қалби ҳамиша соҳир туйғулар ва гўзал ҳисларга ошно бўлади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1992 йил 14 октябрда бўлиб ўтган 47-сессияси махсус қарори билан ҳар йилнинг 3 декабрь куни “Халқаро ногиронлар куни” деб эълон қилинган. Шу куни дунё бўйлаб ногиронларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаётда, жамиятда ўз ўринларини топишларига имконият яратишга қаратилган кўплаб тадбирлар бўлиб ўтади. Республикамизда ҳам ушбу тадбирни нишонлаш гўзал анъанага айланган ва йил сайин нуфузи ортиб бормоқда.

Юртимизда нишонланадиган барча байрам кунлари кишиларни бир-бирига меҳр-оқибатли бўлишга чақириш билан бирга, ўзаро иззат-ҳурмат, саховат кўрсатишга ундайди. Байрамларда ота-онаси, яқинларининг, шунингдек, кексалар, беморлар, ногиронлар, етимлар ҳолидан хабар олиш энг яхши амаллардандир.

Меҳрибонлик, Мурувват ва Саховат уйларига моддий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Бундай хайрли амаллар юртдошларимиз ўртасида меҳр-мурувват ришталарининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилаяпти.

Бош қомусимизнинг 45-моддасида таъкидланганидек: «Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳақуқлари давлат ҳимоясидадир».

Шу каби инсон манфаатларини ҳимоя қилишига ҳизмат қилувчи қонунлар натижасида Республикамизда Аллоҳ таолонинг илоҳий тақдирига кўра, отаси ёки онасидан ажралиб қолган норасида етим-есирларни қўллаб-қувватлаш, уларни тарбиялаш, ҳаётда ўз ўрнини топишларига кўмаклашиш, туғма ногирон ёки кейинчалик мажруҳ бўлиб қолган кимсаларга нисбатан меҳр-шафқат кўрсатиш азалий диний қадриятларимизга мос хайрли амаллардандир.

Давлатимиз томонидан мустақиллик йилларида турли шаҳар ва қишлоқларда очилган меҳрибонлик ва ногиронлар уйларининг шароитини яхшилаш, хатто юра олмай ўз уйларида яшаб келадиган ногирон болаларни тарбиялашда юксак малакали устоз ва муаллимларнинг жалб қилиш ишлари олий даражада ташкил этилган.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, яхшиликлар, савобли амаллар бардавом бўлган эл-юрт янада тараққий этади. Бундай диёрда инсонлар бир-бирига меҳрли, мурувватли бўлади.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

 



Муаллиф ҳақида

Abduvali Qurbanov

Leave a Comment