Қизиқарли

Зарарли фастфуд қандай қилиб ёқимли тамаддига айланди?

Муаллиф Abduvali Qurbanov

Бургерлар, картошка фри ва, умуман, фастфудни ёқтирсангиз, кўп эмас, аҳён-аҳёнда истеъмол қилишингиз мумкин.

 Фастфуд таомларининг фойдаси кам ва калорияси кўплиги ҳақида ҳаммамиз эшитганмиз, ўқиганмиз. Шунга қарамай, негадир тез овқатланиш ошхонасига шошилаверамиз. Бунинг асосий сабабларидан бири — кўпчиликка фастфуднинг таъми ёқади. Нархлари ҳам ҳамёнбоп, яна энг қулай жойларда жойлашган. Яқинлашганингиз сари, қизариб пишаётган котлетларнинг ҳиди димоғингизга уриб, иштаҳангизни очади.

Бу таомларнинг калорияга бойлиги сир эмас, аммо биз буни ҳисобга олмаймиз. Одатда, ёқтирган таомларимизни, масалан, чизбургер, салат, картошка фри, қиёмли кулча ва капучинога буюртма берамиз. Агар ҳисоблайдиган бўлсак, тушлигимизнинг калорияси мингдан ошиб кетади. Биринчидан, бу жуда кўп. Иккинчидан, тез орада яна тамадди қилишни истаб қоламиз, чунки фастфуддан кейин тўқлик ҳисси тезда ўтиб кетади. Қизиқ, нега бундай бўлади?

Жуда ширин

Фастфудда клетчатка ва оқсил кам. Биз оладиган калориянинг катта қисмини ёғ ва оддий углеводлар ташкил қилади. Таомда қанд ва ёғ қанча кўп бўлса, у шунча тўйимсиз бўлади. Бундан ташқари, ширин ва ёғли таомни кўп истеъмол қилиш тобеликни келтириб чиқаради.

Фастфуд таомларидаги қанд нафақат десертлар, жем, газли ичимликлар, музқаймоқда, балки кетчуп ва майонезда ҳам ортиқча миқдорда бўлади. Эътибор берган бўлсангиз, ҳатто сэндвичнинг нони ҳам ширин. Биз юқорида мисол қилиб олган тушликда 27 грамм, яъни 5 чой қошиқ шакар мавжуд.

Жуда ёғли

Деярли ҳар бир тез тайёрланадиган таомда энг арзон гидрогенлаштирилган ҳайвон ёки ўсимлик ёғи бор. Биз танлаб олган тушликда бундай ёғ 50 граммдан ортиқ. Бу биргина тушликнинг ўзи. Оддий ошхона ёки уй таомларининг калорияси эса камроқ ва улар тўйимли. Балки фастфудларни қўйиб, мазали ва фойдали уй таомларига қайтганимиз маъқулдир?

Ортиқча туз

Тузнинг етишмаслиги ҳам, ортиқча миқдори ҳам турли касалликларни келтириб чиқариши мумкин. Фастфудда туз жуда кўп. Масалан, бигмак ва ўртача картошка фри билан тамадди қиладиган бўлсак, бу тузнинг кундалик миқдоридан 5 грамм ортиқ. Демак, кун давомида қолган таомларни тузсиз ейишимизга тўғри келади.

Қошиқ ва санчқиларсиз

Тез овқатланиш ошхоналарида таом порциялари одатда қутига солинади ёки қоғозга ўралади, таомни қўлда олиб ейилади. Таомни ликопчадан қошиқ, санчқи ёрдамида олиб еганда, тўйиш учун тик туриб, қўлда егандан кўра камроқ калория талаб қилиниши парҳезшунослар томонидан исботланган.

Ҳамма учун эмас

Фастфуд таомларидан тўлиқ воз кечишнинг ҳожати йўқ. Севимли тамаддихонада таом буюришдан олдин калориялар ва ўз кучингизни эътиборга олинг. Агар кам ҳаракат қилиб, спорт залига камдан-кам бориб, оғир жисмоний меҳнат қилмай, офисда ўтирсангиз, фастфуд таомларини ҳафтада бир мартадан ортиқ истеъмол қилмаганингиз маъқул.

Биласизми?

Фастфуд АҚШда биринчи марта 1921 йили Канзас штатида Оқ Сарой компанияси очилганида пайдо бўлган. У ерда таомлар мазали, тўйимли ва нисбатан арзон бўлган. Масалан, гамбургер 25 йил давомида 5 цент бўлган. Аммо ҳали ўша пайтлардаёқ одамлар бундай таомнинг соғлиқ учун зарарли эмаслигидан шубҳаланишган. Компания эгаси айёр маркетинг ҳийласини ўйлаб топган. У бир нечта эркакларни ёллаб, улар ўзларини шифокор қилиб кўрсатишлари лозим бўлган. Улар ҳар куни оқ халатларда Оқ Саройда тамадди қилишган. Шунда одамлар фастфуднинг зарарли эмаслигига ишонишган, чунки бу таомлар билан шифокорлар ҳам тамадди қилишган-да.

ДИЛОРОМ тайёрлади.

Манба: tasvir.uz

Муаллиф ҳақида

Abduvali Qurbanov

Жавоб юбориш

Be the First to Comment!

Notify of
avatar