Кун нафаси

Боласини 3 000 АҚШ долларига сотмоқчи бўлган аёл ушланди…

Муаллиф Abduvali Qurbanov

Баъзан ҳаётда ўз фарзандидан воз кечаётган оналар ҳақида эшитганимизда ҳайратдан ёқа ушлаймиз. Ҳатто, онгсиз жонзот ҳам ўз туққан боласини ҳимоясига олади, уни меҳр билан парваришлайди, бироқ, ҳеч қачон воз кечмайди.

Афсуски, бугун айрим инсонлар яхши яшаш илинжида одамларнинг ишончига кириб, уларни қул сифатида сотиб юбормоқда. Бундай разил кимсалар сафида 9 ой гўдагини вужудида кўтариб, тўлғоқ азобини бошидан ўтказган оналарнинг ҳам борлиги ачинарли ҳол. “Она” деган муқаддас номга доғ тушираётган, мўмай даромад илинжида қонунларни четлаб ўтаётган, фарзандталаб инсонларга чақалоқларни пуллашга ҳаракат қилаётган кимсалар инсонийлигини унутиб қўяётганини кўриб таажжубга тушасиз.

Саида (исм-шарифлар ўзгартирилган) ширин орзулар билан оила қурганди. Икки нафар фарзанди бўлсада, турмушнинг муштларига чидай олмай оиласи билан ажрашди. Ишлай деса, қўлида дипломи ҳам, бирор бир ҳунари ҳам йўқ. Узоқ сарсон-саргардонликлардан сўнг бир амаллаб иш ҳам, бошпана ҳам топди. Шундай кунларнинг бирида у Алишер исмли йигит билан танишиб қолди. Улар биргаликда яшай бошлади. Кўп вақт ўтмай, Саида ҳомиладор бўлди. Бу орада Алишер қаёққадир ғойиб бўлиб қолди. Бир куни у Саидага телефон қилиб, бола ўзиники эканлигини тан олмади. Барча муаммолар шундан кейин бошланди. Саида нима қилиб бўлсада, бу қалтис вазиятдан чиқиш йўлини қидирди.

Бу пайтда унга таниши, мўмай даромадни кўзлаган ҳамтовоғи К. Суюнов “ёрдам”га келди. Туғилажак болани 3500 АҚШ долларига сотиш масаласини у билан келишиб олди. “Харидор”лар ҳам бу нархга рози бўлди. Саида бу қинғир иши ҳақида дугонаси Ж. Раҳимова (исм-шарифлар ўзгартирилган)га гап орасида айтади.

Шундан сўнг дугонаси туман ички ишлар бўлимига жиноят хусусида хабар беради. Тезкор тадбир давомида Тошкент шаҳри перинатал маркази олдида Саида ва унинг жиноий шериги чақалоқни 3500 АҚШ долларига пуллаётган пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимлари томонидан қўлга олинди. Тинтув жараёнида Саиданинг сумкасидан 3500 АҚШ доллари топилди.

Қабиҳ ниятли кимсалар суд жараёнида адашганлигини, ўз қилмишидан пушаймонлигини айтиб, кечирим сўради. Суд барча вазиятларни инобатга олиб, ҳукм чиқарди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар, Юнусобод туман судида кўрилган жиноят ишида судланувчининг қилмишлари ошкор бўлди. Саида ва унинг жиноий шериги Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилиб, уларга жазо тайинланди.

Одам савдоси энг қабиҳ жиноятлардан биридир. Бугунги глобаллашув даврида кенг илдиз отаётган бу иллат дунё жамоатчилигини жиддий ташвишга солмоқда.

Одам савдоси қурбонлари орасида ёшлар, айниқса, гўдакларнинг борлиги ачинарлидир.

Бундай мудҳиш ҳолатларнинг олдини олиш, норасида гўдакларни ғаразли инсонлар домидан асраш эса ҳаммамизнинг инсоний бурчимиздир.

М. НОРМЕТОВА,

Юнусобод туман прокурори катта ёрдамчиси

Манба: soglom.uz

Муаллиф ҳақида

Abduvali Qurbanov

Жавоб юбориш

Be the First to Comment!

Notify of
avatar