Қизиқарли

Лермонтов ва Мартинов дуэли: Ҳалол баҳс бўлганми ёки қотиллик?

Муаллиф Abduvali Qurbanov

1841 йилнинг 27 июли соат тунги еттилар чамаси Кавказдаги Машук тоғи яқинида даҳшатли момақалдироқ остида Тенгинск пиёда аскарлар полкининг 26 ёшли поручиги (чор армиясида – подпоручикдан юқори офицерлик унвони; ҳозирги катта лейтенант), рус адабиётининг атоқли намояндаси Михаил Лермонтов отиб ўлдирилди.

У яқин таниши Николай Мартинов томонидан ўн қадамча оралиқ масофадан тўғридан-тўғри кўксига йўналтирилган ўқ билан яшашга имкон қолдирилмайдиган даражада ўлдирилди (ўша пайтларда дуэль шартлари ниҳоятда қаттиқ, бундай вақтда ўлимдан омон қолишнинг имкони бўлмасди). “Кўксимда қўрғошин билан жонсиз ётардим, жароҳатларим қонга беланган, танамдан томчилаб қон оқарди”, дея ёзган эди у машъум кунга бир ой қолганида.

Ғоят аниқ ва тўғри режалаштирилган мазкур қотилликда тақдир туҳфаси ёки ғайритабиий башорат аломатлари ҳам кўзга ташланади. Лермонтов 15 ёшида ўзи ҳақида қисқача ёзган “Менинг васиятим” тўртлигида шундай деганди: “қабримга ёлғиз қабртош қўйинг ва унга ҳеч нарсани ёзманг, агарда исмимнинг ўзиёқ менга умрбоқийлик бахш эта олмаса”. Афсуски, шоирнинг васияти амалга ошди. Унинг қисқа ҳаёти кўплаб тақдирларга муносиб намуна бўла олади. Айниқса, қалби дарёлиги, ундаги “Яратган ато этган бениҳоя зийраклик” эътиборга моликдир.

Онаси вафот этганида Миша (Лермонтов) бор йўғи икки ёшда эди. Умри давомида атиги бир бора кўрган отаси ўлганида болакай 17 ёшга қадам қўйганди. Яна бир яқини – амакиси эса Лермонтов туғилгунига қадар бахтсиз севги туфайли ўз жонига қасд қилганди. Кучли, маълум ҳокимиятга эга, бой, зукко ва бир умр аёллик бахти не эканини билмай умр кечирган биргина бувисининг Лермонтовга бўлган меҳр-муҳаббати ғоят баланд эди. Буви набирасининг сўнгги кунларигача у билан бирга бўлди, ғамхўрлик қилди. Набираси дуэлдаги отишмада ўлгач, у Лермонтовнинг жасадини Пятигорскдан қадрдон Тархан заминига қайта дафн этиш мақсадида император Николай I нинг олий даражадаги рухсатини олиш учун тўққиз ой вақт сарфлади, елиб-югурди.

ШОИРМИ Ё ЁЗУВЧИ?

“Бу дуэль эмас, қотиллик эди”, деб ёзганди Лев Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” асаридаги Долохов образининг прототипи, Лермонтовнинг яқин дўсти, уруш қаҳрамони Руфин Дорохов. Шоирнинг ўлимидан сўнг бу воқеани унинг атрофидагилари ҳам тасдиқлашди. Уларнинг айтишича, Лермонтов дуэль вақтида намойишкорана тарзда рақибига ўқ узишдан бош тортганча тўппончани юқорига кўтаради, бироқ рақиб мазкур ҳаракатни баҳоламай, Лермонтовга ўқ узади. Аслида бу дуэль Верзилинлар оиласи уюштирган кечада дўстларнинг гиж-гижлашидан бошланганди. Лекин бу баҳсни ҳеч ким жиддий қабул қилмаганди. Ҳатто Лермонтовнинг ўзи ҳам бунга ишонмаганди. Негаки, у Мартинов билан қарийб тенгдош, таниш эди, Петергбургдаги юнкерлар мактабидаёқ дўстлашишганди. Қолаверса, Мартинов довюраклик борасида ҳам, тўппончада мўлжалга аниқ уриш жиҳатидан ҳам ажралиб турмасди. Лермонтов эса дуэль олдидан қувноқ дўстлари даврасида тушлик қилади, ҳатто секундантларига аниқ вазифа ҳам бермайди. Негадир унинг кўксини ўқ тешганида табиб топишнинг имкони бўлмади. Бундан кўриниб турибдики, Лермонтов ва унинг дўстлари дуэлни жиддий қабул қилишмаганди. Улар Мартинов билан Лермонтов яна ярашиб кетишларига ишонишганидан ўзлари билан шампан тўла яшикни ҳам олишганди.

Айтиш жоиз, Лермонтов ва Мартинов дуэлини 30 йил давомида ёритиш тақиқланди. Кейинроқ бу ҳақда кўплаб, том-том тадқиқот ишлари ёзилди, лекин бугунга қадар ўша дуэль борасида ҳеч бир аниқ маълумот йўқ. Масалан, дуэлнинг аниқ жойи маълум эмас, шунга қарамай, шартли равишда эсдалик белгиси ўрнатилган. Шунингдек, эски Пятигорскда жойлашган Лермонтовнинг илк дафн қилинган жойи ҳам номаълум. Бу ерда фақатгина шоир Арнольднинг Лермонтовга атаб чизган сурати сақланиб қолган холос.

Ўз навбатида, рус адабиётини кўкларга кўтарган Михаил Лермонтовнинг ўлими Россиянинг зиёли қатлами томонидан улкан жудолик сифатида қабул қилинади. Чунки шоирнинг яккаю-ягона шеърлар тўплами унинг ўлимидан бор-йўғи бир йил аввал нашр этилган, машҳур “Замонамиз қаҳрамони” асари эса баҳор арафасида дунё юзини кўрган ва шу заҳотиёқ сотиб тугатилади. Ўз даврида Гоголь Лермонтов-шоирдан кўра Лермонтов-ёзувчини юқорига қўйишини таъкидлаган бўлса, ҳар жойда уни нуқул мақтайверадиган рус адабий танқидчиси Белинский Лермонтовни фавқулодда кучли истеъдод эгаси, “Буюк Иван қўнғироғидек жарангдор шоир”, “зукко инсон, нафис қалб эгаси”, дея таъриф беради. Иккала ижодкорнинг ўртасида самимий муносабат шаклланади. Лермонтовнинг ҳассос танқидчи билан бўлган илк учрашувида шоир ғоят ўнғайсиз аҳволга тушиб, хижолат чекади. Яна бир шоирнинг дўсти, графиня Евдокия Ростопчина шундай эслайди: “У ўта қувноқ, ақлли, орзу-ҳавасларга берилувчан ва самимий бўлиш билан бирга, дўстлари даврасида бўлишни севарди”. Лермонтовни дўстлари қадрларди, ёқтирарди.

Дўстлари қувноқ ва ўткир ақл эгаси Михаил Лермонтовни 1841 йилнинг қишида Петербургда кўришганини яхши эслашади. У шу вақтлар ижод оғушида эди. Ўшанда “Миллий қайдномалар” журнали шундай ёзганди: “Рус адабиёти ҳали шоирдан бебаҳо совғаларни кутмоқда”. Ҳатто шоирни унчалик хушламайдиган Николай I у ҳақда шундай деганди: “У Пушкиннинг ўрнини босиши мумкин”. Бироқ шоирнинг “Замонамиз қаҳрамони” асари ортидан келган оламшумул мувафаққиятдан сўнг подшоҳ Лермонтов ижодида фақатгина салбий жиҳатларни кўради ва унинг асарларини кўпчилик учун қизиқмас деб ҳисоблайди. Шу воқеалардан сўнг у Лермонтовни Кавказга “миясини бироз шамоллатиш учун” юборади.

ДАНТЕСНИНГ ИЗДОШИ

Таъкидлаш жоиз, Лермонтовнинг 22 ёшида Гусарск полки лейб-гвардия (монархия давлатларида: имтиёзли махсус гвардия қўшини)си корнети (революциядан илгариги Россияда: отлиқ аскар офицерларининг энг кичик унвони) бўлиб юрган даврларда ёзган “Шоирнинг ўлими” шеърини ўқиган киши муаллифнинг ўлими сабабини илғагандек бўлади. Уни дуэлда ўлдирган Мартиновни замондошларидан бири “Дантеснинг ҳақиқий издоши” дея атайди (Маълумки, Дантес буюк рус шоири Пушкинни дуэлда отиб ўлдирганди). Ҳатто кўриниши ҳам ўхшаш бўлган: узун бўйли, хушбичим, сарғиш соч. Лермонтов ўзининг тугалланмаган эсдаликларида ўзини “илоҳий тақдирнинг сўқир қуроли” деб атаганди.

Лермонтов 26 йиллик умри давомида уч бор дуэлга дуч келган ва ҳар сафар уни бу ниятидан қайтаришган. У буюк ижодкор бўлиш билан бирга жанговар офицер ҳам эди. Ўқотар қуролга эҳтиёж сезмай, уруш ўчоғига биринчилардан бўлиб ўзини отарди, қиличбозлик ҳадисини олганди, рақибларининг додини берарди… Бундан ташқари, у разведка отрядининг бошлиғи эди (бу ҳозирги замонда махсус қўшинга тўғри келади). Бу отрядни “лермонтовчилар” дея аташарди. Отряд довюрак, ҳеч нарсадан тап тортмайдиган сара аскарлардан таркиб топганди. Валерек дарёси яқинида кечган жангда Лермонтов жасорат кўрсатади, шундан сўнг уни олий мукофот – олтин шамшир ҳамда кейинчалик Владимир орденига алмаштирилган Святослав орденига тавсия этишади. Лекин барча тавсиялар, тақдимномалар юқоридан рад этилади. Бироқ ўша жанг осон кечмаган эди, ҳар икки томон ҳам қонли жангга кирганди. У 26 ёшидаёқ ўзи ва душманлари қонига ботганди. Буни ўзи ҳам сезиб борар, ўлимидан бир неча ой аввал эса шундай ёзганди: “уруш мазасига ғарқ бўлдим”.

… Дуэль соатларида тоғлар узра даҳшатли момақалдироқ чақнарди. Айримлар шаҳарга табиб излаб кетишади, бошқалар жасадни Пятигорск шаҳрига олиб кетиш учун киракаш аравага югуради. Бу орада Лермонтовнинг танаси ёмғир остида бир неча соат қолиб кетади. Дуэлда Лермонтовнинг секунданти бўлган Васильчиков ўша тунни шундай эслайди: “Хизмати эътироф этилмаган, Яратганнинг осий бандаси Михаилнинг абадий хотирасига момақалдироқнинг баланд товуши чақнарди”. Шоирнинг замондоши ҳақ эди. Лермонтов қанчалик фожиали ўлим топмасин у ўз ўлимини ўзи севмаган Петербургда эмас, балки унга қадрдон “Кавказнинг муқаддас тоғлари”да, момақалдироқ ашъорлари остида кутиб олади.

Николай Мартинов эса 60 ёшгача бой-бадавлат умргузаронлик қилади, лекин у бир умр жазо беришларидан чўчиб яшади. Лекин негадир унга нисбатан жазо юмшатилади.

Муаллиф: Марина Мурзина

Рус тилидан Азизбек НОРОВ таржимаси.

“Аргументы и факты” газетаси сайтидан олинди.



Муаллиф ҳақида

Abduvali Qurbanov

Leave a Comment