Қизиқарли

Чапақайларнинг миясида фарқ борми?

Муаллиф Abduvali Qurbanov

Табиатнинг мўъжизалари бисёр. Одамзод яралибдики, бу мўъжизаларнинг сабаб ва ечимини ахтаради. Уларнинг нима учун деган саволининг  якуни йўқ…

Олимлар шу саволларга жавоб топиш мақсадида улкан ишларни амалга оширишади.

Шу жумладан, одам мияси каби сирли аъзо ҳақида кўплаб қизиқарли ҳолатлар аниқланган. Масалан, чапақайлар мияси ўнақайларникига нисбатан фарқи борми, деган савол кўпчиликни қизиқтиради. Келинг, бугун чапақайларга хос жиҳатлар ва унинг сабаблари ҳақидаги суҳбатлашамиз.

Бош мия иккита, яъни чап ва ўнг ярим шардан иборат. Бош миянинг чап ярим шарида нутқ марказлари жойлашган. Шунинг учун ҳам бош миянинг чап ярим шарида сўз билан боғлиқ барча тафаккур операциялари бажарилади. Бош миянинг ўнг ярим шари объектларнинг фазовий жойлашувини таҳлил қилиш учун жавоб беради. Масалан, атроф-муҳитдаги уйлар, дарахтлар, машиналар, ҳайкаллар ва борингки, ҳар қандай шаклга эга бўлган объектларнинг шакл-шамойилини таҳлил қилади. Демак, бош миянинг ўнг ярим шари дунёни сўз иштирокисиз қабул қилади ва бу ерда, асосан, кўриш анализаторининг аҳамияти катта. Чап ярим шар эса сўз билан ифодаланган маълумотларни қабул қилади ва таҳлил қилади. Образли қилиб айтганда, чап ярим шар, асосан, сўз билан, ўнг ярим шар эса кўз билан дунёни идрок этади. Бу уйғунлик сақланган бўлса, инсоннинг хотираси ҳам  мустаҳкам бўлади.

Китобдаги сиз кўраётган геометрик шаклларни қабул қилиб олиш ҳам ўнг ярим шарнинг вазифаси. Бироқ ҳар қандай фазовий жисмлар ёки геометрик шаклларни сўз билан ифодалаб бериш талаб қилинса, бу ерда чап ярим шар ёрдамга келади. Демак, чап ярим шарнинг тили бор.

Бироқ ҳозир мен келтириб ўтган маълумотлар ўнақайлар учун хос. Чапақайларда эса нутқ марказлари бош миянинг ўнг ярим шарида жойлашган. Демак, чапақайларда чап ярим шар бажарадиган аксарият функциялар ўнг ярим шар зиммасига юклатилган. Бундан ташқари, амбидекстрлар, яъни олий руҳий функ-цияларни бажаришда миянинг иккала ярим шари бир хилда иштирок этади. Бундайлар иккала қўли билан ҳам бир хил ишлай оладиганлар. Бироқ бу дегани иккала қўли билан ҳам ёза олади, дегани эмас. Масалан, амбидекстр ёзганда, ўнг қўли билан ручкани ушлайди, нонни кесганда, пичоқни чап қўли билан ушлайди. «Тоза» чапақайлар 15 % дан ошмайди. Бизнинг орамизда амбидекстрлар ва ўнақайлар кўп. Амбидекстрларда нутқ функциясини бажаришда бош мия-нинг иккала ярим шари ҳам иштирок этади. Шунинг учун ҳам амбидекстрларда инсульт сабабли нутқ бузилса, у тез тикланади.

Кўпчилик доҳийлар чапақай бўлишган деган гаплар ҳақиқатми ёки тасодиф?

Шу нарса аниқки, чапақайлар мияси ҳиссиётга кўпроқ бурканган. Шунинг учун ҳам чапақайлар ўнақайларга қараганда ҳиссиётга кўпроқ берилувчан бўлишади. Чапақайлардан буюк композиторлар, рассомлар ва табиатшунос олимлар чиқишига сабаб, уларда миянинг ўнг ярим шари фаоллиги билан боғлиқ. Нима учун чапақайлардан буюк футболчилар чиқади ва улар голни аниқ ҳамда кўп уришади, деб сўрашади. Бунинг асосий сабаби — геометрик фигуралар учун жавоб берадиган ўнг ярим шарнинг устунлиги билан боғлиқ. Бироқ чапақайларнинг ожиз томони — уларни  хафа қилиш осон. Балки шунинг учундир, уларда бировлардан устунлик қилишга интилиш юқори. Бунга ўнг ярим шардаги «шижоят» ҳам ёрдам беради. Бироқ чапақайлардан яхши ёзувчилар чиқмайди. Бу хусусият ўнақайлар учун хос.

Чапақайлар қарорларни қабул қилишда ўнг қўллилардан кўра чаққонроқ бўлади, деган қарашларни нима билан изоҳлаш мумкин?

Юқорида бу саволга қисқа жавоб бериб ўтдим. Агар яна унга қўшимча қиладиган бўлсак, чапақайлар кўпроқ амалиётчи, ўнақайлар эса назариётчи бўлишади. Чунки миянинг чап ярим шари (яъни сўз марказлари жойлашган ярим шар) устунлик қиладиган ўнақайлар нарса ва воқеаларни таҳлил қилиб ўтиргунча, миянинг ўнг ярим шари устунлик қиладиган чапақайлар (амалиётни яхши кўрадиган ўнг ярим шар) ишни дарров амалга оширади-қўйишади. Чапақайларнинг тезроқ қарор қабул қилиб, ишга киришиб кетишига сабаб — улар узоқ фикр юргизишни ёқтиришмайди, бунинг уддасидан ҳам чиқишмайди. Шу боис, улар маслаҳатлашиб иш кўришни маъқул кўришади. Маслаҳатлашган одам эса кам хато қилади.

Агар бола чапақай бўлса, уни мажбурлаб ўнг қўлда ёзишга ва овқатланишга ўргатилганда, қандай психик ўзгаришлар юз бериши мумкин?

Юқорида мен кўрсатиб ўтган хусусиятлар йўққа чиқади, боланинг кейинги ҳаётида иккала ярим шар бир-бири билан келиша олмай яшашади. Бу билан ота-оналар келажакда композиторлар, рассомлар, футболчилар етишиб чиқишига тўсқинлик қилишади.

Хулоса: Чапақайлар ўнақайларга қараганда ақлли ва уддабурон бўлишади, деган фикрдан мутлақ четда юриш керак. Чапақайлар жуда камчиликни, яъни бор йўғи 10-15 % ни ташкил қилгани учун, яъни ўнақайлардан 7-8 баробар  оз бўлгани учун  улар орасидаги машҳур одамлар дарров кўзга ташланади. Ўнақайлар 85-90 % ни ташкил қилгани учун улар орасидаги машҳур одамлар 7-8 баробар оздек кўринади.

Зарифбой Ибодуллаев,  профессор

Манба: www.shifo-info.uz

Муаллиф ҳақида

Abduvali Qurbanov

Жавоб юбориш

Be the First to Comment!

Notify of
avatar