Мақолалар

Кўп қаватли уйлар: ХИЗМАТ СИФАТИ ВА ЯХШИ ШАРОИТ ЯРАТИШ КИМНИНГ ҚЎЛИДА?

Муаллиф Abduvali Qurbanov

Вилоятимизда 1665 та кўп қаватли уй-жой бўлиб, уларга 153 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан хизмат кўрсатилади. Табиийки, барча ширкатлар бир хил вазифани бажаради ва бундан 11 йил олдин қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги қонуни асосида фаолият кўрсатади. Аммо шундай бўлгани ҳолда ширкатларда ҳар хил ҳолатга гувоҳ бўламиз.

Хўш, ширкатлар бир хил вазифани бажарса, бир хил ҳуқуқий ҳужжатга амал қилса, нима сабабдан уларнинг айримларидаги уйларда камчиликлар йўқ, бошқасида муаммоларнинг охири кўринмайди? Ўтган ой уй-жой мулкдорлари ширкатлари ўртасида ўтказилган кўрик-танловда энг яхши деб тан олинган ва танловнинг қуйи поғонасидан ўрин олган ширкатлар мисолида шу саволга жавоб изладик.

Самарқанд шаҳридаги «Али Қушчи» уй-жой мулкдорлари ширкати юқоридаги танловда иккинчи ўринни қўлга киритган эди. 12 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатувчи ушбу ширкат танлов шартлари – уйлар томидан чакка ўтмаслиги, ертўладаги коммуникация тармоқлари, кириш йўлаклари ҳолати, ҳовлиларда болалар ўйингоҳи ва гулхоналар мавжудлиги каби барча йўналишларда юқори балл олган. Ушбу шартларда кўрсатилган вазифаларнинг аксарияти уй-жой мулкдорларининг ойлик бадаллари эвазига, айримлари эса ширкат раисининг ташаббускорлиги, аҳолининг саъй-ҳаракати билан амалга оширилиши кўзда тутилган. Масалан, ширкатга аҳолидан тушадиган тўловларни уйни сақлаш учун ишлатиш лозим. Аммо гулхоналар ташкил этиш учун бу маблағни сарфлаш мумкин эмас. Шундай бўлгани ҳолда ширкат ҳудудидаги уйларнинг ҳар бири атрофида ихчам гулзорлар, ҳатто чиройли шакл берилган дарахтлар остида аҳоли дам олиши учун каравоту стол-стулларгача ўрнатилган. Ҳатто ҳовлидаги стол-стуллар олдида дарахтларга қандил ҳам осилган.

– Ширкатимиз хизмат кўрсатадиган уйларнинг қурилганига ярим аср бўлган, – дейди ширкат раиси Шодиёр Тожиев. – Бошқа уйлардаги каби бизда ҳам гоҳ канализация, гоҳ бошқа муаммолар юзага келади. Аммо ҳар бир камчилик ўз вақтида бартараф этилгани учун уйларни бекаму кўст сақлаб келяпмиз. Ушбу соҳада аҳоли билан тўғри ишлаш, ҳар бир ишни уй-жой мулкдорлари билан маслаҳатлашган ҳолда бошлаган тақдирдагина охирига етказиш мумкин. Мисол учун, гулхоналар ёки аҳоли дам олиши учун шароитларни ширкат маблағи билан эмас, айнан мулкдорлар ҳисобидан ташкил этганмиз. Биз фақат аҳолига ташаббус билан чиқамиз, агар мулкдорлар тўғри қабул қилса, ўзлари давом эттиришади.
Дарҳақиқат, ушбу ширкат ҳудудига кириб борганимизда 7-уйда яшовчи Фарҳод Облоқулов гул кўчатларини экиш учун тайёрлаётганига гувоҳ бўлдик. Шу уй ёнидаги ёғоч каравотни Ҳасан Сафаров олиб келган экан.

– Ширкатимиз ҳудудида фақат кабоб пиширадиган жиҳозлар йўқ эди, – дейди 7-уйда яшовчи Фарҳод Ҳасанов. – Ана, кўриб турганингиздек, уни ҳам ташкил этдик. Ҳар бир байрамни барчамиз шу ернинг ўзида уюшган ҳолда, аҳилликда ўтказамиз. Ширкатдаги ҳар бир муаммони ўзимизники деб қабул қиламиз.
Энди иккинчи ширкат, «Обод уйим – обод юртим» кўрик-танловида афсуснома билан «тақдирланган» «Амиршоҳ мир Ализода» ширкатидаги ҳолат билан танишамиз. Гарчи ширкат раиси янги бўлса-да, бу ердаги муаммолар анча эски. Уйларнинг ташқи кўриниши бир аҳволда, атрофидаги дов-дарахтларга шакл берилмаган, уйларнинг орқа томони хазонлар билан қопланган. Ширкат раиси эса йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни ечишни қай биридан бошлашга ҳайрон. Чунки ҳаммаси ҳам долзарб.

– Албатта, кўп қаватли уйлар учун биринчи масала бу – томдан чакка ўтмаслиги, – дейди ширкат раиси Ражаб Эрматов. – Халқ банки Темирйўл филиалидан 160 миллион сўм кредит олиб бешта уйнинг том қисмини таъмирладик, акфа фрамугалар ўрнатдик. Айни вақтда томидан сув ўтадиган ёки ертўласида сув оқадиган уйимиз йўқ. Аммо навбатдаги муаммо бизни қийнаб турибди. Ширкат ходимларига ойлик бериш, уйларга хизмат кўрсатиш учун аҳолидан тушадиган тўлов камлиги муаммо бўлиб турган бир пайтда ҳадемай кредитнинг асосий тўловини ҳам амалга ошириш вақти келади. Ойлик бадалларни бир квадрат метр учун 500 сўм этиб белгилаганмиз. Аммо бу пул сарф-харажат ва кредит тўловларига етмайди. Айрим банклар ширкатларга кредит муддатини ўн йил этиб белгилаган. Аммо биз Халқ банкига қайта-қайта мурожаат қилсак-да, муддат беш йил бўлиб қолмоқда. Бундай вазиятда ширкатга янада қийин бўлиши шубҳасиз.

Дарвоқе, биз намуна қилиб кўрсатган ширкатда ойлик бадал 450 сўм бўлгани ҳолда кредитни тўлашда ҳам, хизмат кўрсатиш ва ойликлар учун ҳам муаммо юзага келган эмас. Аммо иккинчи ширкатда ўзингиз гувоҳ бўлган ҳолат. Назаримизда бунинг учун барча айбни ширкат раисига ҳам юклаб бўлмайди. Чунки ширкат раисини сайлаш аҳолининг ваколатига киради. Бизни ажаблантирган ҳолат шуки, биринчи ширкатда аҳоли ойлик бадалларни муттасил тўлабгина қолмасдан уй ободлиги учун ташаббусларни ҳам қўллаб-қувватлаб келмоқда. Иккинчи уйда эса аҳоли бадалнинг ўзини тўлиқ амалга оширмайди. Хўш, битта шаҳардаги иккита ширкатда умуман бошқа-бошқа дунёқарашдаги одамлар яшайдими ёки бу ерда қандайдир сир борми? Шуниси аниқки, аҳоли ўз мулкига нисбатан муносабатини ўзгартирмас экан, муаммолар юзага келаверади.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ

«Зарафшон» газетасидан олинди.

Муаллиф ҳақида

Abduvali Qurbanov

Жавоб юбориш

Be the First to Comment!

Notify of
avatar