Ҳажвиялар

Майда гап

Муаллиф Abduvali Qurbanov

Ручкасини қулоғига қистириб олган, кўринишидан оғир вазнли курашчиларни эслатадиган бош ҳисобчининг чўт ташлаб туриб,  сирли оҳангда айтаётган гапи телефон жиринглагани учун  бўлиниб қолди. Котибанинг нозли овозидан таниб,

– Ҳа, шу ерда она қизим, ҳозир айтаман, – дея  телефон гўшагини худди  котибанинг қўлига тутқазаётгандек оҳиста жойига қўйди.

– Бошлиқнинг котиба танлашига гап йўқ-да, хақиқий фариштанинг ўзи. Олдингиси эсингиздами?

Бош ҳисобчининг бошқа мавзуга ўтиб кетаётганини кўриб, касаба уюшма раиси тоқатсизланди.

– Қоровулни гапиринг, қоровулни.

– Ҳа, уми, ҳи-ҳи-ҳи. Айтгандай, котиба сизни директор чақираётганини айтди. Шошманг, охиригача эшитинг, кейин борасиз. Шундай қилиб, қоровулга  «фаррош хотин ёнингиздан жилмай қолди», деб тегажоғлик қилдим.   Худди ўйлаганимдек, ўзини йўқотиб қўйса бўладими. Тили калимага келмайди, бечоранинг. Бир оздан сўнг, «етмишга кирган чолман, биров эшитиб қолса яхши эмас»,  деб кўзларини боланинг кўзидай қилиб мўлтиллатганини кўрсангиз. Ўшандан буён фаррош хотин ҳам  қоровулнинг хонасини ўн метрдан четлаб ўтадиган бўлган. Ҳи-ҳи-ҳи.

Хона бурчагида бошини хам қилиб, ёзиш билан овора бўлган жувоннинг дафтарни шашт билан ёпиши ҳисобхонадагиларни ҳушёр тортирди.

– Неварали одамсиз, уялмайсизми? Эрта-индин нафақага чиқадиган аёл қоровулнинг бир пиёла чойини ичиб, дардлашган бўлса, шуни ҳам гап қиласизми. Ҳар икки гапнинг бирида аёлларни майда гапликда  айблайсиз. Ўзингиз улардан қолишмайсиз.

Жувоннинг нафрат сезилиб турган гапи ва шашт билан хонадан чиқиб кетиши бош ҳисобчига заррача таъсир этмаганини  унинг олдингидек хуш кайфиятда  чут ташлаб туришидан билса бўларди.

– Кўрдингизми,  касабақўм. Бу ҳаммаси ўз вақтида эрга тегмасликдан. Унга қолса эртадан-кечгача оғизга мум солиб, жим ишлаш керак.  Ҳе, ўргилдим сендақа қари қиздан.

Касаба уюшма раиси ҳисобхонадан чиқиб, директор хонаси томон йўналди. Йўлакда  ёши ўтиб қолган ҳисобчи қизнинг хомуш турганини кўриб, ўзини гуноҳкордек сезди. Шунинг учун унга далда ҳам беролмай, юзини хам қилганча ёнидан ўтиб кетди.

Қабулхонада киприкларига сурма тортаётган котиба кишини мафтун этадиган хумор кўзлари билан унга  директор хонасига киришга  имо килди.

– Ўзим чақирмасан келмайсиз, – директор уни гина билан қарши олди, –  Гапирингчи,  жамоада нима гаплар.

«Жамоада бўладиган гапларнинг аксарияти ўзи ҳақида эканини билса қандай аҳволга тушар экан бу бошлиқ», ўйлади у. Шундай бўлсада «ҳеч гап йўқ», деб минғирлаб қўйди.

– Жамоада майда гаплар кўпайган, – бошлиқ шундай дея уни ўтиришга таклиф этди, – Бу гаплар менинг қулоғимга ҳам етиб келаяпти. Касаба уюшма раисисиз, чора кўриш керак.

– Хўп бўлади.

– Кадрлар бўлими бошлиғи билан ҳар бир хонага ўтиб, интизомни мустаҳкамлаш, энг асосийси, майда гапларга  чек қўйиш бўйича иш олиб боринглар.

– Илтимос, хўжайин, ўша заҳарга мени қўшманг. «Сен бошлиқ эмассан-ку, нега кўпинча ишда бўлмайсан», деб мени кўпчилик олдида изза қилди.

– Бу нима дегани? – директор асабийлашди, –  Бошлиқ ишда бўлмас эканми?

– Бошлиққа мазза, дейди. Йиғилиш деб эртадан кечгача ишда бўлмаслиги ҳам мумкин, дейди.

– Сизга айтдими шу гапларни?

– Йўқ, эшитдим.

– Ҳм, ҳақиқатан заҳар у. Лекин ишини пухта билади, закончи. Сиз менга бир нарсани айтинг. Ходимларнинг кириб-чиқишини гоҳида деразадан кузатаман. Ҳалиги, лаборант қизимиз эридан чиққан эди, шекилли. Уч-турт кундан буён уни бир қизил “жигули”  олиб кетади.

– Ўшанга иккинчи хотин бўлиб тегиб олган, дейишади.

– Яна нима гаплар?

Касаба уюшма раиси ҳозиргина бош ҳисобчи айтиб берган қоровул чол  воқеасини гапирмоқчи бўлди, лекин  хаёлига  йўлакда турган ҳисобчи қизнинг нафратомуз боққан  нигоҳи келиб, иккиланди. Аммо, барибир кечгача бу гап директорга маълум бўлишини ўйлаб, сир сақлолмаслигига яна бир бор амин бўлди.  Воқеани эшитиб, директорнинг кайфияти кўтарилди. Ҳатто, «вой, чоли тушмагуре» дея, қўлини тиззасига уриб,  мириқиб кулди.

Директор касаба уюшма раисини жавоб бериб, котибани чақирди.

– Лаббай, – котиба оҳуларнинг ҳам ҳавасини келтирадиган даражадаги беозор нигоҳи билан директорга  майин термилди. Лекин директор бу қарашда қандай макр ва манфаат ётганини билгани учунми, амирона гап қотди:

– Қоровул чол билан фаррош хотин ҳақидаги гапни эшитдингми?

Котиба аллақачон бу гапдан хабардор бўлса-да, «йўқ» маъносида бошини қимирлатди.

– Менга бош ҳисобчини чақир. Ўзидан эшитай.

 Хуршид НУРУЛЛАЕВ

Муаллиф ҳақида

Abduvali Qurbanov

Жавоб юбориш

Be the First to Comment!

Notify of
avatar