Ҳикоялар

Юрак дарди

Муаллиф Abduvali Qurbanov

Хизмат сафаридан қайтган Мадина қўл остидаги ходимлар билан бир-бир кўришиб ўз хонасига йўналди. Қабулхонада  компьютер қаршисида ўтирган ёрдамчи қиз тезгина ўрнидан туриб раҳбарини қаршилади:

– Ассалому алайкум, Мадина опа! Яхши келдингизми?

– Ваалайкум ассалом, Дилнозахон! — Мадина яқин келиб, сўрашиш учун қўл узатди.

– Сафарингиз яхши ўтдими?

– Шукур, яхши ўтди. Натижалари ҳам биз кутгандек самарали бўлсин ишқилиб…

– Мадина опа, сиз йўғингизда бир аёл сизни сўраб уч-тўрт марта қўнғироқ қилди.

– Нима иши бор экан?

– Билмадим… Овози аллақандай ташвишли эди. Қачон келишингизни, қаердалигингизни, телефон рақамингизни сўради. Бермадим. Менимча, у эски танишларингиздан бўлса керак…

– Рақамини олганмидингиз? — Мадина ўйчанлик билан сўради.

– Ҳа, ёзиб қўйгандим. Ҳозир олиб кираман.

Ёрдамчи қиз чаққонлик билан коридорга чиқиб, бир парча қоғоз олиб кирди.

– Мана…

– Раҳмат, Дилнозахон.

Ёрдамчи қиз хонани тарк этди. Мадина қоғозга ёзилган рақамларга қараб ўйга толди. Нотаниш рақам. Бирор битмаётган ишида ёрдам сўрамоқчидир-да. Ишлари юришиб, номи танилганидан бери бунақалар кўпайиб кетган-ку. Беш-олти йил илгари газетада ишлаб юрганида ёши улуғроқ ҳамкасб аёл Мадинанинг шу кунларини башорат қилганди.

– Бу дунёда инсоний муносабатларнинг ҳаммаси моддий манфаатга тақалади. Қачонки, сиз ҳар томонлама таъминланган, ҳеч кимга моддий-маънавий жиҳатдан қарам бўлмасангиз, инсонларнинг корига ярасангиз ҳамма сизни излаб топади. Шунинг учун йиғлаб-сиқтаб, ўзингизни айбдор ҳис қилиб юрманг-да, сидқидилдан меҳнат қилинг. Мартабангиз ошади. Ана шунда сиздан кечганларнинг ҳаммаси истаса-истамаса сизни излаб келаверишади…

Шу хаёлларда турганда, эшик тақиллаб, ёрдамчи қиз кўринди:

– Мадина опа, телефонни оласизми? Бояги аёл…

Мадина боши билан тасдиқ ишорасини бериб, стол устидаги телефон гўшагини кўтарди:

– Лаббай, ассалому алайкум!

– Ваалайкум ассалом…

– Эшитаман?

– Мадина опа, мен Азизаман… Ҳалиги… Ўткир аканинг аёли…

– Айбга буюрмайсиз, синглим, лекин ҳеч эслолмаяпман.

– Ҳалиги… Нима десаммикан… — Гўшакнинг нарёғидаги аёл чайналди. — Ўткир ака билан сизлар…

Мадинанинг юраги бир қалқиб кетди. Ўткирнинг хотини нега уни излаяпти? Орадан неча йил ўтиб кетди. Жароҳатлар ўрни битган бўлса-да, хотиралар буткул унутилмаган, эсига тушганда қалбининг тубидан дуоибадга ўхшаган “оҳ” сизиб кечарди.

– Хўш? — бир зумда ўзини йиғиштириб, овозига жиддий тус берди у.

– Хўжайиним бетоб… — Аёлнинг овози титраб кетди. — Оғир хаста… — аёлнинг бағри тўлиб, хўнграб йиғлаб юборди.

– Мендан нима ёрдам истайсиз? — гарчи кўнгли бузилган бўлса-да, Мадина аёлга сир бой бермасликка уринди.

– Опажон, — аёлнинг овози илтижоли чиқди. — У киши сизни сўраяптилар. Илтимос, бир мартагина келинг. Сизни кўриб қолсинлар, балки… — гўшакдан йиғи эшитилиб турар, Мадина аёлга нима жавоб қилишни билмай, ўйга ботган эди.

– Боришдан олдин ўзим сизга қўнғироқ қиламан. Ёрдамчимда рақамингиз бор экан…

Ўкириб йиғламаслик учун лабларини қаттиқ тишлаб олган Мадина кўзларини катта-катта очган кўйи қаршисидаги компьютер мониторига термулиб қолди. Охири излаб қолибди-да! Хор қилган одамингга бир куни зор бўласан, деганлари чин экан. Қай аҳволда ташлаб кетган эди, қай аҳволга тушганида излабди. “Ҳеч қачон йўлим сен билан кесишмайди!” деб керилиб кетганди-ку? Бормаса нима бўлади? Борса-чи?..

Мадина шу хаёллар билан икки кунни ўтказди. Ишхонада ҳам, уйида ҳам қўли ишга бормас, ўйчан, камгап бўлиб қолганди. Учинчи кун юрак ютиб, Ўткирнинг хотини берган манзилга, онкология диспансерига йўл олди. Ўзини мажбурлаб, деярли судралиб ичкарига кираётганида, таниш овоздан чўчиб тушди:

– Мадина опа!.. — Ўгирилиб қарамаса-да таниди — ишхонасига қўнғироқ қилган аёл. Яъни Ўткирнинг хотини. Турган жойида тўхтади.

– Раҳмат, опажон!

Мадина истар-истамай аёл билан салом-алик қилди. Сўнг индамай аёлнинг орқасидан юриб кетди. Ичкарига киргач, аёл сўз қотди:

– 32-хона, Мадина опа. Ҳу, ана, йўлакнинг охиридаги эшик. Ўзингиз бора қолинг…

Мадина аёлга бир қур кўз ташлаб, навбатчи ҳамширага юзланди:

– Кечирасиз, синглим, менга халат берасизми?

Хонага яқинлашгани сари юраги увишар, қалбидаги тушунарсиз ҳиссиётлар: бир пайтлари жонидан ортиқ кўрган инсонидан нафратми, ижирғанишми ё шафқатгами ўхшаш алланечук туйғулардан вужуди титрарди. Эшик олдида бир муддат туриб, ўзини ўнглаб ичкарига қадам қўйди.

Оппоқ чойшабда, бир тутам бўлиб ётган, сочлари, қош-киприклари тўкилиб, афт-ангори ялтираб турган эркакнинг кўзларини айтмаса, ҳеч қаери Ўткирга ўхшамасди. Мадина алам устида Ўткирни қарғаган, уни абгор, хароб ҳолатда кўришни орзу қилган бўлса-да, ҳеч қачон ҳозирги қиёфада кўришни тасаввур қилмаган эди. Салом бериш, ҳол сўрашни ҳам унутиб, тошдай қотиб турарди. Ўткир нурсиз кўзлари билан қаршисидаги сулув аёлга тикиларкан, хасталик сарғайтирган юзларига ёш думалади…

— Аллоҳ шифо берсин! — Мадина салом-аликдан сўнг зарурат юзасидан саломатлик тилади. — Мени йўқлаган экансиз, тинчликми?!

Овозидаги кескинлик оҳанги ўзига ғалати туюлди, чоғи, чуқур “уҳ” тортиб беморнинг боши ёнидаги курсига омонат ўтирди.

– Ўзинг нима деб ўйлаяпсан?… — беморнинг хаста товуши инграгандек чиқди.

– Топишмоқ ўйнаб ўтиришга вақтим йўқ, Ўткир! — Мадина яна кескин оҳангда унинг сўзини кесди.

– Ҳа, биламан… — бемор синиқ жилмайди. — Сенга қойил, Мадина… Таниқли тадбиркор аёлсан. Бир пайтлар орзу қилардинг шуни… Орзуларингга эришдинг, лекин менсиз…

– Шуни айтмоқчи бўлиб чақиртирганмидингиз?

– Мадина, бунча қаҳринг қаттиқ бўлмаса? Ҳеч бўлмаса, хаста ҳолимга раҳм қилгин…

Гарчи қаршисидаги эркак сўнгги кунларини яшаётганини сезиб турса-да, Мадина унга нафрат билан қаттиқ тикилди. Нигоҳидан: “Сен мендан шафқат тиланаяпсанми?! Бир пайтлар бу дунё қайтар дунёлигини, хор қилганингга зор бўлишингни айтганимда, нималар дегандинг?! Бошинг ёстиққа тегиб, инсоф битиб қолдими сенга?! Балки касал бўлмаганингда, ҳеч қачон эсламасдинг мени?!” деган маъно сезиларди.

– Мендан нима ёрдам?! — кутилмаганда Мадинанинг овози кибрли янгради. — Сиз учун нима қилишим мумкин?

– Менга энг катта ёрдаминг — узримни қабул қилишинг ва мендан рози бўлишинг, Мадина… — Ўткирнинг овози қалтираб, охирги сўзларини зўрға гапирди. Орага бир муддат совуқ сукунат чўкди. Мадина ноқулай аҳволда қолган, қаршисидаги инсонни кечирай деса, қалби истамас, кечирмай деса, инсонийликдан бўлмасди. Кўз олдида бир тутам бўлиб ётган шу одамни деб кўнгли бир умрга чил-чил синди. Ишончи, меҳр-муҳаббати, ҳурматига таҳқир билан жавоб берган, бутун умрини барбод қилган, эркак, инсон зотига бўлган ишончини поймол қилган бу кимса бошқача ҳолатда унга рўпара келганида юзига тупуриб юборишдан ҳам тоймасди. Лекин ҳозир…

— Мендан рози бўлгин, Мадина. Биламан, турмуш қилмадинг. Номардлигим сенга қимматга тушди. Аммо чорасиз эдим, чорасиз! Бир томонда муҳаббатим, бир томонда оқ сут берган онам турганида, мен она розилигини танладим.

– Онангиз менга уйланишингизга рози бўлмаслигини қалбимга киришдан олдин билмасмидингиз? Сизга осилиб олмагандим, кўнглимга йўл топгунингизча ўлиб бўлгандингиз. Мен аҳмоқнинг бир хатоим — сизга ишонганим ва энг катта хатоим ўша тунда ижара уйимга сизни киритганим… Бу гуноҳим учун ўзимни ҳеч қачон кечирмайман, аммо Аллоҳдан ҳар тун йиғлаб авф сўрайман. Сиз эса… — Мадина Ўткирга нафрат билан тикилди: — ҳануз номардлигингизча қолибсиз! Шу аҳволингизда ҳам ўзингизни эмас, онангизни айбдор қиляпсиз.

– Мадина… — Ўткир кўзларини юмиб куч тўплаб олгандек ютинди: — Азиза — холамнинг қизи. Холам эрта вафот этган, поччам уйланган аёл холаваччаларимга кун бермасди. Азиза холамнинг биттаю битта қизи эди. Ўгай онаси поччамнинг бошини айлантириб, Азизани холасининг касалманд ўғлига келин қилмоқчи бўлганди. Онам, “Мен тирик бўла туриб, уйланадиган ўғлим бўла туриб синглимнинг қизини хор қилиб қўяманми?!” деб йиғладилар. Сен ҳақингда айтдим, лекин… — Эркак аввал чайналиб, сўнг чуқур “уҳ” тортди: — Сен билан муносабатим қай даражага борганини айта олмадим, Мадина. Қўрқдимми, уялдимми, хуллас…

– Нега менга бу гапларни ўшанда айтмадингиз?! Мендан ўзингизни олиб қочдингиз. Қўнғироқларимга жавоб бермадингиз. Охири “Сен покиза эмасдинг, ким билади нечтасини уйингга чақириб, қўйнига кириб-чиққансан?! Сендан қолган сассиқ ҳид бурнимдан нари кетмаяпти!” деб, ҳақорат қилдингиз!..

Мен бир умр ўзимдан нафратланиб яшадим. Биласизми, ўзимни бахтга, муҳаббатга лойиқ кўрмадим! Атрофимда мени севганлар, турмуш қуриш таклифини қилганлар кўп эди. Лекин мен истамадим. Чунки турмуш қурсам бир умр тилим қисиқ, эрим, яқинларим олдида юзим шувит  яшашим керак эди. Тунлари ухлаб қолгунимча йиғлаб, тонгда уйқудан кўз очган заҳотим кўз ёш тўкардим…

— Умрим бўйи сени севдим… — Ўткир ёш боладек ҳиқиллаб йиғлай бошлади. — Ўшанда сени ўзимдан совитиш учун қаттиқ гапиришга мажбур бўлгандим. Сени бир лаҳза унутганим йўқ. Қизимнинг исми Мадина. Ўн беш йилдан бери юрагим ҳар тепишида исмингни айтиб чинқиради. Мадина, илтимос, турмуш қургин. Ҳали ҳам кеч эмас, ўттиз саккиз ёш фарзанд кўриш учун кеч эмас-ку?! Ўлим остонасида сендан илтижо қилиб сўрайман, турмушга чиқ! Мени осон жон берсин, қабрида тинч ётсин десанг, сен бахтли бўлгин, Мадина, турмуш қургин!

Мадина оғир тин олди. Сўнг оҳиста:

– Қаддар Аллоҳ! — деди. — Тақдиримда битилган бўлса турмушга чиқаман. — Шу онда у бемор, эҳтимол, умрининг сўнги дамларини яшаётганини ҳис қилиб, юраги увишди. Ва беихтиёр кўнглининг туб-тубидан сас чиқди: — Хотиржам бўлинг, сиздан розиман!..

Мадина оҳиста хонани тарк этди. Бир сўз демай эгнидаги халатини Азизага ечиб берди-да, қадамини тезлатиб юриб кетди. Кайфияти нохуш, аммо юрагидаги оғир юкдан халос бўлган, руҳи енгил эди. Машинасига ўтириб енгил тин олди, касалхона томонга бир кўз ташлади-да, уловини ўт олдирди…

 Умида АДИЗОВА

Муаллиф ҳақида

Abduvali Qurbanov

Жавоб юбориш

Be the First to Comment!

Notify of
avatar