Ҳажвиялар

«Ноёб ҳунар»

Муаллиф Abduvali Qurbanov

Кишига қирқ ҳунар ҳам оз дейишади. Рост гап! Аммо биз айтмоқчи бўлган ҳунар унча-мунча тоифага кирмайди. У «совсем» бошқача, ўта «ноёб»!

Қани-қани, эшитайлик, қандай ҳунар экан, деб қизиқишингиз табиий. Бизнинг бу «ноёб ҳунар»имиз лаганбардорликдир. Ие, лаганбардорлик ҳам ҳунар бўларканми? Ҳа, бўлади! Аммо бу ҳунарни ҳамма ҳам эгаллай олавермайди. Бу ҳам худога «хуш ёққан» одамга берилади. Энди мен сизга айтсам, лаганбардорликни эгаллаш учун ҳеч қандай иш қуроли керакмас. Фақат бунинг учун бетингиз қалин, юзсиз, ғурурини йўқотган одам бўлиш кифоя. Қолганини тезда ўрганиб оласиз.

Ҳар бир ҳунарнинг сир-асрори бўлганидек, лаганбардорликнинг ҳам қирралари кўп. Улар ўз-ўзидан очилмайди. Кечаси билан мижжа қоқмай бошлиққа ёқиш усулларини «кашф» этишингиз керак.

Агар идорангизга янги бошлиқ тайинланса, унга соядек эргашиб юришни бошланг. Доимо эшик олдида кутиб туринг! Машинаси тўхтаганида югуриб бориб, эшикни очинг! Қаддингизни букиб, бош эгиб тураверинг! Аввалига сизни ёқтирмай юриши мумкин. «Ҳой, қанақа одамсан ўзи, оёғим тагида нимага ўралашиб юрибсан?» деса ҳам сира парво қилманг. Ахири бошлиққа ёқиб қолганингизни билмай қоласиз.

Шундан кейин асосий  ишларни бошлаб юборасиз. Агар бошлиғи­нгизнинг маслаҳати керак бўлмасаям оддий ишларни маслаҳатлашиш учун олдига тез-тез кириб чиқаверинг. Мажлисларда мақтанг! Бошлиғи­нгизнинг мавқеи ошгани сизнинг ҳам обрўингиз ошгани. Бошлиғингиз кимни ёқтирса, уларни ўзингизга яқин тутинг! Улардан саломингизни канда қилманг! Бола-чақаси, қариндош-туққанлари яқин кишингизга айлансин! Уларнинг туғилган кунларини махсус ён дафтарингизга ёзиб боринг. Ахир, бирортасининг туғилган куни ёки тўйи эсдан чиқса, фақат ўзингиз афсусланасиз.

Бошлиғингизга ким ёмон гап айтса, мушт билан жавоб қайтаринг! «Садоқатингиз»ни ана шундай намоён этиб туришингиз бошлиғингизнинг сизга бўлган меҳрини оширади.

Биз лаганбардорларга ҳам осон эмас. Доимо бошлиқнинг қош-қовоғига қараб, агар бир оғиз гапирмасалар, жилмайиб қарамасалар, кечаси билан уйқимиз келмайди. Бундан ташқари, бошлиғимизни бошқалардан қизғаниб, азият ҳам чекамиз. Бу кундошлик жафосидан кам эмас. Ўрнимизни эгаллаётганларга жой бермаслик учун янги нағмалар ўйлаб топамиз.

Яқинда бошлиғимиз олдида набирасини кўтариб олдим-да, рўмолчам билан бурнини артиб, музқаймоқ ейсан деб, қўлига битта мингталик тутқазиб, ўпдим. Бошлиғимиз мени ўз оила аъзосидек ҳис қилди шекилли, менга жилмайиб қаради. Бундай пайтда ўзингизни осмонда ҳис қилиб, на кекса, на ёшни назарга илмайсиз.

Эй, эсим қурсин, энг асосий гапни айтмабман. Бошлиғингиз душманларини ўзингизнинг душманингиз деб билинг! Улар билан бошлиғингиз муносабатларни узса, сиз ҳам уларга қайрилиб боқманг. Бўлмаса, бошлиғингиз сиздан ранжиб қолиши тайин.

Яна нима демоқчи эдим, ҳа, хўжайинларга ёқиш учун туфлисига чўтка, имзо чекса ручка, қўл артса сочиқ бўлгимиз келади.

Баъзилар лаганбардорликни бедаво касаллик дейишади. Бу гапни бизни кўролмайдиганлар ўйлаб топган. Аслида бу «ноёб ҳунар» ҳақида гапираман десангиз, адо бўлмайди. Яхшиси, ким лаганбардорликни эгалламоқчи бўлса, бизга учрашсин! Тажрибамизни ўртоқлашамиз. Биздек сувда чўкмас, ўтда ёнмас лаганбардор бўлиб етишасиз.

Ҳа, айтгандай, маслаҳатимиз текин.

Ҳажвий монологни оққа кўчирувчи

Барди ЖУМАНИЁЗОВ

«Оила даврасида» газетаси



Муаллиф ҳақида

Abduvali Qurbanov

Leave a Comment