Қизиқарли

Қўрқув ва хавотирни қандай енгиш мумкин?

Муаллиф Abduvali Qurbanov

Шундай касалликлар борки, бемор бу ҳақда нафақат шифокорга, ҳатто ўз яқинларига айтишга ҳам истиҳола қилади. Аммо касални яширсанг, иситмаси ошкор қилганидек, ўз вақтида даволанмаган, чораси кўрилмаган хасталик бора-бора оғир босқичларга ўтиши, ҳатто вазият аянчли оқибатлар билан тугаши мумкин. Шифокор ва бемор ўртасида ҳеч қандай девор бўлмагани ҳар икки томонга ҳам фойдали. Қуйидаги касалликлар тарихи айнан беморни хижолатга қўядиган нозик хасталиклар ҳақида эканлиги билан эътиборга молик.

Табиий ўзгаришлар кечикди

1987 йилда туғилган бемор Т.И. клиникамизга илк бор 2010 йилда мурожаат қилган. Унинг шикояти жинсий ривожланишда орқада қолиш билан боғлиқ эди.

Бемор шифокор кўригидан ўтказилганида, қўллари гавдага нисбатан узунлиги, бўйлари ўсган бўлса-да, соқол-мўйлаби чиқмагани, овози ҳам ҳали ингичка эканлиги — ўсмирлик давридаги табиий ўзгаришлар кузатилмагани аниқланди. Бемор йигитда иккиламчи жинсий белгилар ривожланмаган эди. Текширувлардан сўнг унга кляйнфельтер синдроми, мояклар гипоплазияси, гипергонадонтроп гипогонадизм, бирламчи мояклар етишмовчилиги, жинсий ривожланишда орқада қолиш ташхиси қўйилди.

Маълумки, андрогенлар (эркаклар гормонлари) эркак организми ривожланишининг ҳамма босқичларида — она қорнидалигидан бошлаб қарилик даврида ҳам муҳим аҳамиятга эга. Гипогонадизм эркаклар организмининг жуда кўп тизимига ўз таъсирини ўтказувчи тестостерон миқдорининг камайиши билан боғлиқ касаллик саналади. Тестостерон камайиши касалликлар ва тананинг физиологик улғайиши оқибатида кузатилади. Европалик урологларнинг кузатувларига кўра, жинсий ривожланишнинг секинлашиши ёки тўхташи, мояклар ҳажми кичиклиги, бепуштлик, соч-соқол ўсишининг секинлашиши ва тўкилиши, кўкрак безларининг бир оз катталашиши, мушаклар ҳажмининг камайиши ва жисмоний толиқиш, суяклар мўртлашиши ва синиши, жинсий майл ва фаолликнинг сусайиши, қизиш, кайфиятнинг ўзгарувчанлиги, чарчаш, ғазаб, модда алмашинувининг бузилиши, қандли диабет кабилар гипогонадизм белгилари ҳисобланади.

Бемор Т.И. га ҳам умрбод гормон алмашинуви терапияси ва ҳар 3 ойда андролог кўригидан ўтиш тавсия этилди. У уч йил давомида узайтирилган тестостерон моддасини олганидан сўнг овози дағаллашди, соқол-мўйлаби ўсди, танада ижобий ўзгаришлар кузатилди. Энг муҳими, унда ўзига ишонч пайдо бўлди. Гормонлар кўрсаткичи деярли нормага келди. Йигит оила қурди, ҳозирги кунда иккита қиз фарзанди бор.

Андроген алмашинув терапиясини бошлаган беморлар албатта шифокор назоратида бўлишлари ва махсус мониторингдан ўтиб туришлари керак. Бу текширувлар давомида қондаги гемоглабин ва гематокрит кўрсаткичлари, ПСА миқдори, простата бези ва кўкрак безлари ҳажми текшириб борилади.

Қўрқув сабаб оила қурмади

Б. исмли  1989 йилда туғилган бемор узоқ йиллар қийнаб келган касаллик туфайли ҳатто ўз жонига қасд қилишга уринишгача борган. Уни қабулимизга онаси бирга олиб келганди. Сўровлар давомида йигит тортинчоқлик билан саволларга жавоб бергиси келмади. Шифокорнинг саволларига асосан унинг онаси жавоб берди. Аммо бемор она жавоб бераётган вақтда жаҳл билан унинг гапларини бўлиб, эътироз билдирди. Охири аёлдан бизни бемор билан ёлғиз қолдиришини сўрадик. Бемор саволларга бошида истамайгина жавоб берса-да, аста-секин унда шифокорга ишонч пайдо бўлганини сездик.

Йигитнинг шикояти асосан қориннинг пастидаги оғриқ ва ноқулайликдан, чот орасидаги доимий ачишишдан эди. Шунингдек, унда жинсий фаолликнинг сусайиши, жиззакилик, тез чарчаш, кайфиятининг тезда тушиб кетиши, жинсий муваффақиятсизликдан хавотир кузатилди. Шикоятлар анча йиллардан бери мавжуд бўлган.

Йигит оилада иккинчи фарзанд бўлиб, шамоллаш касалликларига тез-тез чалинган. Онасининг сўзларига кўра, болалигида чап мояги билан боғлиқ муаммо аниқланган. Кейинроқ бир неча йил давомида сурункали простатит ва сурункали тос суяги оғриқларига қарши даволанган. Тинимсиз антибиотиклар ва уқалаш муолажаларини олган. Аммо ижобий ўзгаришларни сезмаган. Йилдан йилга аҳволи ёмонлашавергач, ўта тушкунликка тушиб қолган. У тиббий кўрикдан ўтиш учун ҳатто Ҳиндистонга борган. У ерда ҳам простатит бўйича бир оз муддат даволанган. Кейин бир йил мутахассислиги бўйича Англияда ўқиган. Қорин пастидаги оғриқ уни доимий қийнаган.  Хориждан қайтгач, ота-онаси уни уйлантирмоқчи бўлишади, аммо йигит ўзининг жинсий ожизлигидан хавотири ва қўрқуви туфайли рад этади. Шу сабабдан у ҳатто жонига қасд қилишга ҳам уринади. Беморда тушкунлик, ўзига ва шифокорларга ишончсизлик кузатилди.

Бу йигитга ҳам гипогонадизм ташхиси қўйилди. Касаллик сабаблари ўрганилгач, беморга руҳий ва гипнотерапия муолажалари буюрилди. 10та сеансдан ҳар ойда тўрт курс гормонал коррекция ҳамда простатага электро муолажалар қилинди. Муолажалардан сўнг бемор ижобий ўзгаришларни сезди. Унда ўзига ишонч пайдо бўлди, спорт билан шуғуллана бошлади. Вақти-вақти билан ноқулайликни сезаётган бўлса-да, қорин пастидаги оғриқлар тўхтади.

Ушбу беморни даволаш жараёнида Гиппократнинг “Тўғри ташхис — тўғри даво” деган сўзларига яна бир бор амин бўлдик.

О. Аманов, шифокор.

М.ШАРИФОВА тайёрлади.

Манба: tasvir.uz

Муаллиф ҳақида

Abduvali Qurbanov

Жавоб юбориш

Be the First to Comment!

Notify of
avatar