Мақолалар

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтдилар: «Ҳақиқий мусулмон бу…»

Муаллиф Abduvali Qurbanov

Инсониятни жоҳилият залолатидан Ислом нури сари юзланишга сабаб бўлган улуғ зот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтганлар:

«Қуёш балқиган ҳар бир кунда икки киши ўртасини адолат билан ислоҳ этишинг – эҳсондир.

Бир кишини уловига минишида ёрдам беришинг ва юкини уловига кўтариб юклаб беришинг эҳсондир. Бир кишига табассум билан яхши сўз айтишинг – эҳсондир. Намоз сари босган ҳар бир қадаминг баробарида сен учун эҳсон бор, одамларга азият берадиган нарсани йўлдан бартараф этишинг ҳам сенга эҳсондир».

Бугун мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик, хонадонимиздаги осойишталик, дастурхонимиздаги тўкинчилик Яратганнинг биз бандаларига кўрсатаётган чексиз раҳмати, юртдошларимизнинг эзгу ишлари самараси, десак асло муболаға бўлмайди.

Ислом ҳидоятида тарбия кўрган ва унинг соф ва пок булоқларидан баҳра олиб улғайган мусулмон кишиси ўзи яшаб турган жамиятдаги барча инсонларга наф келтиришга, улардан зарарни даф қилишга саъю-ҳаракат қилади. Чунки, у ҳақиқат, яхшилик, фазилат каби одоб-ахлоқ асосида тарбия олган.

Зотан, ҳар бир кунини, ёинки ҳар бир сониясини ўзгалар корини осон қилишга, ўксикларнинг кўнглини кўтаришга бахшида этадиган инсонлар чинакам фидойилардир. Инсонлар хизматида бўлиш, уларга имкон қадар ёрдам қўлини чўзиш ва хожатларини равон қилишда доимо саъй-ҳаракатда бўлиш – улкан саодат.

Инсонларга яхшилик қилиш – уни икки дунё саодатига олиб келишини яхши англайди. Аллоҳ таоло хитоб қилиб айтди:

«Эй, имон келтирганлар! Рукуъ қилингиз, сажда қилингиз ва Раббингизга ибодат қилиб эзгу иш қилингиз – шоядки, нажот топсангиз!».

Мусулмон киши ушбу ояти карима мазмунидан келиб чиқиб ўзгаларга яхшилик қилишга астойдил ҳаракат қилади. Чунки, у яхшилик йўлида қўйилган ҳар-бир қадам учун Аллоҳдан улуғ ажрлар бўлишига қатъий ишонади.

Аллоҳ таоло Ўз каломида сизу биз, яъни бандаларига қарата хитоб қилади: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг («Моида» сураси, 2-оят).

Инсонларни доимо яхши ишга далолат қилмоқ катта-ю кичик, ёш ва кексаларнинг бурчидир. Айниқса, ёши улуғ кишиларимиз ёшларга қилаётган панду насиҳатларини тинглаб, амалда қўллаб борсак, асло адашмаймиз, ҳаётимиз янада гўзал ҳамда фаровон бўлади.

Мусулмон киши ўзининг ижтимой ҳаётида адо қиладиган яхши амаллари билан намоз ўқиш учун масжид сари босган қадами ўртасидаги бу боғланиш қандай ҳам гўзал! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шуни алоҳида таъкидлайдиларки, Ислом дини Инсонга ва унинг дунё ва охиратдаги ҳаётига доир барча ишларни ислоҳ этиш ва тартибга солиш учун келган бўлиб, дин ва дунё, ижтимоий ва руҳий ҳаёт ўртасини асло ажратмайди.

Дунёда савобга, яхшиликка олиб борадиган ишлар жуда кўп. Жумладан, ота-онасига яхшилик қилиш, қўни-қўшнисига, ака-укасига, қавму-қариндошларига, маҳалла-кўйдаги ёрдамга муҳтожларга, қаровсизларга кўмак бериш сингари хайрли ишларни ўз бурчи, деб қабул қилиш юксак инсоний фазилатлардир.

Онгли мусулмон тасаввурида инсоннинг барча амаллари, модомики ниятида Аллоҳ таоло розилигини топиш бўлса, шубҳасиз ибодат каби бўлади.

Шунинг учун ҳам мусулмон кишисига яхшилик эшиклари доимо очиқ, у Аллоҳнинг кенг раҳмати, беқиёс савоблари ва раҳмати соясида бу эшиклардан хоҳлаган вақтида кираверади.

Улуғ саҳоба Жобир (рз.) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади, Ул зот: «Яхшилик қилишнинг барчаси – садақадир» – деб марҳамат қилганлар.

Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир кишининг уловга минишида ёрдам беришинг яхшилик – эҳсондир. Бир кишига табассум ила яхши сўз айтишинг ҳам яхшиликдир, одамларга азият берадиган нарсани йўлдан олиб ташлашинг ҳам сенга яхшиликдир, икки киши ўртасида адолат билан ислоҳ қилишинг яхшиликдир. Моддий ёрдамга муҳтож оилага мурувват қилишинг ҳам сен учун яхшиликдир. Кишига бу каби яхшиликларни адо этгани учун Аллоҳ, унга қалб мусаффолигини беради, қолаверса, кўп хайру савобларга эга бўлади», деганлар.

Абу Ҳурайра (рз.) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қиладилар. Ул зоти шариф айтдилар: «Табассум билан айтилган чиройли сўз – садақадир».

Абу Мусо (рз.)дан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтдилар:

«Ҳар бир мусулмон кишиси садақа-эҳсон қилмоғи лозим. Саҳобайи киром савол қилиб сўрашди: Эй Аллоҳнинг Расули! Агар садақа қилишга бирор нарса топа олмаса нима қилади? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Қўли билан меҳнат қилади, ўзига ҳам фойда келтиради ва садақа ҳам қилади. Улар сўрашди: Эй Аллоҳнинг Расули! Агар бунга қодир бўлмаса, нечора қилади? Ул зоти шариф дедилар: Қийналган, муҳтож кишига ёрдам қилади. Асҳоблар савол қилишди: Эй Расулуллоҳ! Агар буни ҳам қила олмаса нима қилади? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бериб айтдилар: «Яхшиликка ёки хайриятга йўллайди» Саҳобайи киром сўрашди: Буни ҳам қила олмаса-чи,? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтдилар: «Ўзини ёмонликдан тияди, шу нарса ундан садақа бўлади».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларини (Ҳар бир мусулмон кишиси садақа-эҳсон қилмоғи лозим, деган сўз билан бошладилар, сўнгра турли хайрли, маъруф ва яхшиликларни санаб ўтдилар. Мусулмон кишиси бу амалларни қилиши орқали улуғ савобларга эришиши мумкин. Демак, мусулмон кишиси садақа-эҳсон қилмоғи, яъни ўзи яшаётган жамият фаровонлиги ва саодати йўлида хайрли амалларни адо этмоғи лозим. Агар бундан ожиз бўлса ёки бирор-бир сабаб юзасидан қила олмаса, у вақтда тили ва қўл-оёқларини ёмонликдан тийса, шубҳасиз ажру-савобга сазовор бўлади. Мусулмон кишисининг барча саъю ҳаракатлари инсон манфаати хизматида бўлиш зарур. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтдилар:

«Ҳақиқий мусулмон бу – мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлишликларидир».

Дарҳақиқат, мусулмон кишиси жамият учун фақат яхшиликни раво кўрмоғи, ёмонликлардан тийилмоғи ва бошқаларга азият беришдан узоқда бўлмоғи керак. Ҳақиқий мусулмон яхши амалларни қилишда бардавом бўлади, у ҳар вақт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисларига амал қилиб бормоғи матлубдир:

«Сизлардан ҳеч бирингиз ўзига яхши кўрган нарсани, биродарига ҳам раво кўрмагунига қадар чин имонли бўлмайди».

Демак, мусулмон киши ўзига севимли бўлган нарсани бошқа биродарларига ҳам бўлишини яхши кўриши, яъни уларга фойда келтириш ва улардан ҳар қандай зарарни даф қилиши лозимдир.

Бугун мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик, хонадонимиздаги осойишталик, дастурхонимиздаги тўкинлик Яратганнинг биз бандаларига кўрсатаётган чексиз раҳмати, фидоий инсонларнинг элим-юртим деб қилаётган эзгу меҳнатининг самарасидир десак, асло янглишмаймиз. Зотан, ҳар бир кунини, ёйинки ҳар сониясини ўзгалар корини осон қилишга, ўксик қалбларнинг кўнглини кўтаришга бахшида этадиган инсонлар – чинакам фидоийлардир. Инсонлар хизматида ҳам бўлиш, уларга имкон қадар ёрдам қўлини чўзиш ва ҳожатларини раво қилишда доимо саъю-ҳаракатда бўлиш қандай саодат. Бу ҳақда Пайғамабаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб шундай деганлар:

«Банда модомики биродари ҳожатини раво қилар экан, Аллоҳ таоло унинг ҳожатини осон қилишда давом этади».

Эзгуликни фақат моддий кўмак бериш ёхуд бирор жисмоний ёрдам кўрсатиш деб тушуниш бирёқлама тасаввур бўлар эди. Зеро, яхшиликнинг чеки-чегараси йўқ. Меҳрга, мурувватга муштоқ кўнгилларни зиёрат этиш ҳам – бир яхшилик.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Юнусобод тумани бош имомхатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имомхатиби

 

Муаллиф ҳақида

Abduvali Qurbanov

Жавоб юбориш

Be the First to Comment!

Notify of
avatar