Мақолалар

Дининмизда ҳалол-ҳаром масаласи

Муаллиф Abduvali Qurbanov

Динимиз таълимотларида ҳалоллик муҳим ўрин тутиб, у инсон умрини фаровонлик билан ўтишига гаров ҳисобланади. Ҳалол-ҳаром масаласида қатъиятли бўлиб, уларни бир-биридан ажратиб олиш, комил инсонлик белгисидир.

Инсон аҳли оиласи таъминоти  учун, ёки фақир ва мискинларга садақа қилиш учун, ва ҳакозо турли сабабларга кўра ҳайвон сўйиб туради. Барча ишларда бўлгани каби бу борада ҳам муқаддас динимизда сўйишга тегишли одоб ва ҳукмлар белгилаб берилган. Мусулмон киши мазкур ҳукмларга амал қилиши ва одобларига риоя этиши лозим бўлади.

Аллоҳ таоло бандаларига кўплаб неъматларни тановул қилишни ҳалол қилиб қўйган, барчасининг асли ҳалол. Модомики, ҳаром нарса аралашмаса, истеъмол қилинаверади. Инсон шахси ёки амалининг унга таъсири йўқ. Мисол учун, нонни олайлик. Унинг буғдойини ким эккан, ким ўрган, қандай янчилган ёки қандай қилиб нонга айлантирилган – буларнинг аҳамияти йўқ, ҳаммаси истеъмол қилинаверади. Аммо, гўшт маҳсулотлари ҳақида бундай деб бўлмайди. Чунки гўшт тирик ҳайвондан олинади. Тирик жониворни гўштга айлантириш жараёни ва ундаги ният ҳамда эътиқод унинг ҳалол ёки ҳаромга айланишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам, бу жараёнга, яъни, тирик ҳайвонни гўштга айлантириш жараёнига динимиз таълимотларида алоҳида эътибор берилади. Бир қанча шартлар қўйилади. Ўша шартлар вужудга келгандагина ўша ҳайвон гўшти ҳалол ҳисобланиб, истеъмолига рухсат берилади.  Бу шартларнинг бошида ҳайвоннинг жонини чиқариш пайтида унга жон берган Аллоҳ номини зикр қилиш туради. Бу иш қилинмаса  ўша ҳайвонннинг гўшти ҳаромга айланади.

Аллоҳ Қуръони каримнинг “Моида” сурасининг 3-оятида ўзи ўлиб қолган ўлимтик, қон, чўчқа гўшти, Аллоҳдан ўзганинг номини айтиб сўйилган, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, йиқилиб ўлган, сузишдан ўлган ва йиртқич ҳайвон (қисман) еган ҳайвонларнинг ҳаром эканлигини, магар шаръий сўйилган бўлса ҳалол бўлиши таълимини беради.

Мазкур оятда келган биринчи ҳукм: ўзи ўлиб қолган ҳайвоннинг гўшти мусулмонлар учун ҳаромдир. Аллоҳ таоло ҳалол қилган ҳайвонлардан ўзи ўлиб қолганининг гўшти ҳаром бўлади. Соф инсоний табиат ўлимтикни хоҳламаслиги ҳаммага маълум. Ўлимтикни билиб туриб ейиш учун инсонлик табиатидан чиқиш керак. Бунинг устига, ҳайвон оғир касаллик етмаса, ўзидан-ўзи ўлмайди. Касаллик билан ўлган ҳайвондаги турли иллатлар ва микроблар унинг бутун гўштига тарқалиб кетади. Тиб илми бунга ўхшаш ҳикматларни кўплаб кашф этган. Биз билмаган яна қанча ҳикмати бор. Ўлимтикларни инсонлар истеъмол қилиши учун сотиш ёки савдоси билан шуғулланиш ҳаром ҳисобланади.

Иккинчи ҳукм: сўйганда отилиб чиққан қон ҳаромдир. Танасида, гўштларида қолган қон биз учун ҳаром эмас. Ҳайвонни сўйганда оққан қонини тўплаб олиб истеъмол қилиш ҳаромдир. Сўйилган ҳайвонларнинг бўғизидан оққан қонни ҳам соф инсоний табиат инкор этади. Тиббий нуқтаи назардан қараганда ҳам, ҳайвон сўйилганда ундаги мавжуд барча микроблар, касалликлар ва бошқа зарарли иллатлар қон билан чиқиб кетади, уларни тўплаб, тановул қилиш кони зиён. Аллоҳ таоло инсонга зарар келтирадиган нарсаларнинг барчасини ҳаром қилади.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак ҳадисларида айтадилар: “Бизларга иккита ўлимтик ҳалол қилинди ва иккита қон ҳалол қилинди. Иккита ўлимтик бу ўлган балиқ ва ўлган чигиртка ҳалолдир. Иккита қон бу жигар, жигардаги қон ва қораталокдаги қон ҳалол”.

Оятдаги учинчи ҳукм: тўнғиз гўшти ва ёғи ҳаром қилинди. Ҳозирги кунда тиббиёт олимлари ҳам тўнғиз гўшти зарарли эканлигини исботлашди.          Оятдаги тўртинчи ҳукм: Аллоҳнинг номидан бошқа номни айтиб сўйиш ҳам ҳаром. Буни ейиш мумкин эмас, тўнғиз гўшти қаторида зикр қилинди.

Оятдаги бешинчи ҳукм: ҳаром ўлган ҳайвонлар гўшти ҳаромдир. Ҳаром ўлган ҳайвонлар, турли суратларда бўлиши мумкин. Бўғилиб ўлган, таёқ ё тош билан уриб ўлдирилган, қудуққа, сувга тушиб ё тепаликдан тушиб ўлган ҳайвонларнинг гўштлари ҳаром.

Пайғамбаримиз (с.а.в) марҳамат қиладилар: “Имкониятингиз борича пок ва покиза бўлингиз. Зеро, Аллоҳ таоло ислом динини покизалик узра бино қилгандир. Жаннатга ҳам фақат пок кишилар киргайлар!”, — деганлар.

Ҳаром деб айтилган гўштларни ички истеъмол учун ишлатиш мутлақо мумкин эмас. Қаттиқ зарурат туғилган ҳолатларда эса баъзи шартлар билан истеъмол қилишга рухсат этилади. Шартлар қуйидагилардан иборат: шу нарсада шифо борлиги аниқ бўлиши; уларнинг ўрнини босувчи пок нарсанинг топилмаслиги; очлик хавфи бўлганда заруратнигина қондирадиган миқдорда бўлиши. Энди ушбу гўштларнинг ташқи истеъмолига келсак, уларнинг ўрнини босадиган бошқа восита бўлмаган ҳолатда улардан фойдаланиш мумкин.

Сўйиладиган ҳайвонда қуйидаги шартлар топилиши керак: 1. Ҳайвоннинг сўйиш вақтида тирик бўлиши. 2. Ҳайвоннинг жони сўйишнинг ўзи билан узилиши. (яъни, йиқилиш, сувга тушиб ўлиш каби бошқа сабаблар билан ўлмаган бўлиши керак.) Агар ҳайвон касал ёки бўғилган ёхуд бошқа бир ҳайвон сузганлиги ё шунга ўхшаш сабабга кўра унинг тириклиги номаълум бўлиб сўйилса, натижада у ҳаракатланса, яъни, қимирласа, ёки ундан (одатдагидек) қон чиқса, бу унинг сўйишдан олдин тирик бўлганига далолат қилади ва у ҳалол бўлади.

Ҳайвонларни сўйишнинг суннат ва одоблари қуйидагилар: 1. Сўйишда ниятни тўғри қилсин. Яъни, сўяётган ҳайвони қурбонлик бўлсин, ёки назр бўлсин, ёхуд аҳлига таом улашиш мақсадида бўлсин, Аллоҳдан савоб умид қилиб сўйсин. 2. Сут бериб турган ҳайвонни сўймасин. Яъни, сути ичилиб фойдаланиб турилган ҳайвонни сўймасин. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сут берадиганини сўймагин”, деганлар. 3. Бир ҳайвоннинг олдида бошқасини сўймаслик. Товуқ бўлсин, ёки ўрдак, ёхуд бирор ҳайвонни бошқа шерикларига кўрсатиб сўймаслик керак. Чунки бу нарса уни қўрқитиб қўяди, ўлимнинг оғриқларини унга зиёда қилади. Хусусан боласини онасининг олдида, онасини эса боласининг олдида сўймаслик лозим. Бу нарсалар раҳимсизлик ҳисобланади. 4. Пичоқ ёки қилич каби тиғи ўткир асбоб билан сўйиш лозим. Ўтмаси билан сўймаслик керак. 5. Сўйиш амалини тезлик билан бажарсин. Бунда ҳам ҳайвонда ором олиш бўлади.  6. Сўювчи ва сўйиладиган ҳайвоннинг бўғизланиши қибла тарафга қараган бўлсин. 7. Пичоқни сўйилувчи ҳайвонни ётқизмасдан олдин ўткирлаб олиш. Ҳайвонни сўйишга ётқизгандан сўнг пичоқни ўткирлаш макруҳдир.

  1. Ҳайвонни чап тарафи билан мулойим, шафқат ила ётқизишлик. Уни қаттиқ йиқитмаслик, сўйиладиган жойга судраб олиб бормаслик. 9. Ҳайвонни сўйиладиган жойга оҳиста, мулойимлик билан ҳайдаб бориш. 10. Сўйишдан олдин ҳайвонга сув бериш. 11. Сўювчи сўйишни ўнг қўли билан бажарсин. 12. Сўйишда ҳаддан ошиб кетмасин. Яъни, ҳайвон ҳаракатдан тўхтаб тинчланмагунича орқа миясигача ёки бошини узиб юборгудек кесмасин, ёхуд бўйнини синдириб юбормасин, терисини шилишга ҳам киришмасин. Чунки булар ҳайвонга оғриқни зиёда қилади. 13. Кундузи сўйиш. Сўйиш одобларида камчиликларга йўл қўйиш мумкинлиги сабабидан тунда сўйиш Ҳанафий мазҳабимизга кўра макруҳи танзиҳий ҳисобланади.

Ихтиёрий ҳолатда ҳайвон кўкраги ва ҳалқумининг орасидан сўйилади. Зарурий ҳолатларда эса имкон етган жойни жароҳатлаш билан сўйиш ҳосил бўлади. Ихтиёрий ҳолатдаги сўйишда кесилиши лозим бўлган томирлар тўрттадир: Ҳалқум яъни нафас юрадиган кекирдак, қизил ўнгач ва иккита қон томир. Ушбу тўрт томирдан қайси учтасини бўлсада, ҳайвоннинг тириклигида кесилса, ҳалол бўлади.

Абу Воқид ал-Лайсийдан ривоят қилинади. “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида у ернинг одамлари тирик туяларнинг ўркачларини ёрар ва тирик қўйларнинг думбасини кесиб олиб фойдаланар эдилар. Бас, Пайғамбаримиз с. а. в: “Тирик ҳолдаги ҳайвондан кесиб олинган нарса, ўлимтикдир”, дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.

Ҳайвонни сўйишга ётқизишдан олдин бошига болға ё ўткир найза уриб ёки электр токи ёрдамида йиқитиб сўйиш мумкин эмас. Бу усуллар билан сўйилган ҳайвон гўштини еб бўлмайди.  Бунинг сабаби қоннинг танадан чала чиқиб кетишидир.

Сўйилган ҳайвоннинг саккиз аъзосини – безлари, эркаклик аъзоси, урғочилик аъзоси, орқа йўлининг охири, мояклари, сўйилганида томирдан отилиб чиққан қони, ўт пуфаги, сийдик пуфагини ейиш мумкин эмас.

Аллоҳга ададсиз шукрлар бўлсинким, соғлигимиз, гўзаллигимиз, покизалигимиз учун кўплаб ҳайвонларнинг гўштини истеъмол қилишни ҳалол қилиб, уларни покиза қилиб еб-ичиш қоидаларини ҳам кўрсатиб қўйибди, уларни кўрсатилган тартибда истеьмол қилишимизни савоб оладиган ишимизга ҳам айлантириб қўйибди.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби



Муаллиф ҳақида

Abduvali Qurbanov

Leave a Comment