Шеърлар

Умид

Муаллиф Abduvali Qurbanov

Кўнгилга таскинни  излабми кўкдан,

Нигоҳни тикамиз само қарига.

Заминга чўккандек  бўламиз юкдан,

Баҳона топилмас армон қаҳрига.

 

Кўзимиз ер чизар бир дўстни кўриб,

Хижолат уйғотар қалбда хотира.

Бунча мард бўлмаса – кетмас тупуриб,

Турмайди бир пайтлар биздек ётсираб.

 

Нолиймиз, муҳаббат армон бўлди деб,

Ўзнимас, севгини бевафо санаб.

Даврада кўрмаймиз ўлтирмоқни эп,

Ҳайъатда турамиз кўзни паналаб.

 

Ҳар айтган гапимиз иймондан сўзлар,

Йўқ амал таъмадан мосуво бўлса.

Тил забун, фикрлар   изланар кўздан,

Ҳолимиз не кечар нигоҳлар ўлса.

 

Унутдик юлдузни, унутдик ойни,

Шабада эсаркан, қаранг, ёвданмас.

Ё ғорга қайтадан қилсакми жойни,

Ўлжамиз  бешафқат ҳалол овданмас.

 

Лутфни унутдик – ўзликмиди у,

Кўп бўлди,  айтилмас жумардлик сўзи.

Холислик саналмас эди иш эзгу,

Бирдамлик  кетгандек ҳар ёнга тўзиб.

 

Бандага турфа ранг бергани синов,

Авлоди бошланур Одам Атодан.

Инсонлар ичида бўлмас ёт, биров,

Шарт иймон келтирмоқ битта садодан.

 

Шукурки, тан олар ақлимиз сирни,

Ҳайратли бу олам Тангридан инъом.

Уйимиз ер, бузмас ҳеч ким қасрни,

Фаромуш бўлмаса инсон деган ном.

 

Фақат ер талошдир, меҳрлар канда,

Мен эса пойлайман самонинг йўлин.

Ерни забт этмоққа келар Искандар,

Тобутдан чиқариб икки бўш қўлин.

Хуршид НУРУЛЛАЕВ

Муаллиф ҳақида

Abduvali Qurbanov

Жавоб юбориш

Be the First to Comment!

Notify of
avatar