Ҳикоялар

Детектив: Қор бўрони (О.Генри)

Муаллиф Abduvali Qurbanov

Тун тим-қора қанотларини Йўқолган дарё ўзани узра ёзган маҳалда, мен қор бўрони бошланиб қолмасидан “Тўриқ от” ранчосига етиб бориш илинжида от чоптириб келаётган эдим.

Ўша ранчонинг эгаси бўлган Росс Куртисни яхши танирдим ва у мени яхши кутиб олишига сираям шубҳаланмасдим. Бунинг сабаби шундаки, биринчидан, у жудаям меҳмондўст, иккинчидан, суҳбатлашишни севадиган шинаванда инсон эди.

Даранинг шундоққина “жағи” тагида жойлашган уйнинг эшиги олдига келиб чақирганим ҳамон ичкаридан кимнингдир қўли узатилди-ю, чарчаб, ҳолдан тойган отимнинг жиловидан ушлади. Орадан бир неча дақиқа ўтар-ўтмас, мен Росс билан билан бирга тўрт хонали ҳашаматли уйнинг ошхонасида, қайноқ ҳовур уфураётган олди очиқ ўчоқ ёнида ўтирардим. Чоғроққина ошхона меҳмонхонага уланиб кетганди.

Овқат пишаётган ўчоқ атрофида пастроқ бўйли, миқтидан келган, юзлари шамолда шўралаган одам ўралашиб юрарди. Унинг жиддий юзидан ҳеч нарсани англаб бўлмас, бу чеҳра ё буюк донишмандга, ёки умуман фикрлашга ўрганмаган инсонга тегишлига ўхшарди.

Тўсинлар орасидаги тешиклардан майда қуруқ қор гупиллаб кириб турар, шунинг учун ҳам ўчоқда олов гурилласа-да, хона анчайин совуқ эди. Биз у ёқ-бу ёқдан гап сотарканмиз, асабийликдан ва елвизакдан баданимиз жунжикиб кетарди. Росс кутилмаганда жавонда турган шишани эслаб қолди ва биз исиниб олиш учун ўзимизга қайноқ грог тайёрлашга киришдик.

Ҳамма нарсани мусиқа ёрдамида ифодалаш мумкин, деб ҳисоблайдиган одамлар илҳомланиб кетиб, айни пайтдаги кайфиятимизни тасвирлаш учун симфония ёзган бўлишарди. Қадаҳларнинг жаранги, каминдаги ўтиннинг чирсиллаб ёниши, шамолнинг увиллаши ва ошхонадаги қозон-товоқларнинг шақир-шуқури  ягона уйғун куйга айланиб кетганди. Бу ажиб куйга эса қовурилаётган қўй гўштининг жизиллаши жўровоз бўлар, бизни қанчалар хуштаъм кечки овқат кутаётганини тасаввур қилиб, кайфиятимиз янада кўтарилиб кетарди.

Ошпаз хонага кириб, ҳамон жизиллаб турган товани стол устига қўйди. У менга бефарққина бош ирғади ва жонглёрдек чаққонлик ила ликопча-ю санчқи-пичоқларни   дастурхонга тера кетди. Мен унинг чеҳрасига қизиқсиниш ва бир мунча синчковлик билан тикилдим. Қор бўрони қачон тугашини ва бу ердан қачон кетишимиз мумкинлигини ҳозирча ҳеч ким билмайди. Шундай экан, ошпазга маъқул келганингиз афзал, албатта. Аммо мен ошпазнинг бефарқ ниқоб тортилган чеҳрасидан на ёқтирганини, на ёқтирмаганини пайқай олмадим. Қовурилган қўй гўштининг ёқимли ҳиди кузатувларимни тўхтатишга ва диққатимни дастурхондаги   кечки овқатга қаратишга мажбур қилди.

— Жорж, нима дейсан, бўрон узоқ чўзилармикан? — сўради Росс ошпаздан.

— Балки узоққа чўзилар, — жавоб берди у. Бир оз ўйланинқираб турди-да, кейин қўшиб қўйди. — Эҳтимол, узоққа чўзилмас…

Ошпаз шундай деди-ю, ўчоқ ёнига қайтди.

Кечки овқатдан кейин Росс стол устига тамаки, бир шиша виски ва қадаҳларни қўйди. Унинг шошилмайгина тараддудланишини кўриб, узундан-узун суҳбатга тайёрланишим кераклигини тушундим.

— Шу бўрон расво нарса-да! — деб гап бошлади Росс. — Ёғин-сочинларни ва лой кўчаларни, ҳарорат йигирма даражадан баланд ва паст бўлганини, ҳатто кучи ўртача  бўлган циклонларни ёмон кўраман, аммо манави аҳмоқона қор сабр-тоқатимни бутунлай тугатди!  Менимча, барча нарсаларнинг шаклини ўзгартиргани учун ҳам қор шунчалик асабимга тегса керак! У бир кечада барча яхши таниш бўлган нарсаларни яширади ва биз кутилмаганда қандайдир эртакона мамлакатга бориб қоламиз…

Росснинг сўзамоллиги аста-секин хиралаша бошлади ва охири у жим бўлиб қолди. Биз ёниб тугаётган ўтин аста липиллаётган ўчоқ олдида худди қадрдон дўстлар ёки ашаддий ғанимлар сингари миқ этмай ўтирардик…

Сукунатни кутилмаганда эшикнинг қаттиқ-қаттиқ тақиллагани бузди. Ошпаз эшикни очди ва хонага бир эркак шошганча отилиб кирди. Дастлабки дақиқаларда у бир оғиз ҳам гапира олмади. У бошдан-оёқ қорга беланганидан худди пилла ичидаги ғумбакка ўхшар, қаттиқ совуқ қотганидан бутун бадани карахт бўлиб қолганди. Биз дарров синалган усулни ишга солдик — унинг баданини қор билан ишқаладик, чой қошиқда аста-секин виски ичирдик ва охири грогни ўзи ича оладиган ҳолатгача олиб бордик.

Бу одам француз бўлиб, исми Этьен Жиро экан. Аввалига у операда қўшиқчи бўлган, аммо вазият тақозоси билан касбини ташлаган, энди эса кун кўриш учун башоратчи бўлиб, шаҳардан-шаҳарга дайдиб юрар экан. У қорни бўралатиб сўкар, биз эса бош ирғаб ўтирардик. Ошпаз эшик олдида оғзига талқон солиб турарди. Унинг юзидан қорни ёмонлашларимизни ёш болаларнинг қилиғи деб тушунаётгани сезилиб турарди. Бундан ташқари, унинг Этьенга ижирғаниб тикилишидан чет элликларни ёмон кўришини ҳам тушундим.

Француз куни бўйи дераза олдидан кетмай, тирноқларини ғажиганча зерикаётганидан ҳасрат қилиб ўтирди. У менга сираям ёқмади, шунинг учун ҳам оз муддатга бўлса-да, французнинг турқи-тароватини кўрмаслик учун  ташқарига чиқиб, отимдан хабар олдим. Тўғри, бу менга қимматга тушди — сирғаниб йиқилиб, қовурғамни синдириб олдим. Шу сабабли энди диванда қимирламай ётишга мажбур бўлиб қолдим.

Зерикиш ва бекорчиликдан дераза ёнида ўтирган Росс ва Этьенни томоша қила бошладим.

— Бу овлоқ жойларда юрагим тарс ёрилиб ўлиб кетсам керак! — деди Этьен анчагина беҳурматлик билан.

— Марк Твен шунчалик жонга тегиши мумкин, деб сира ўйламагандим, — деди Росс бошқа дераза ёнида ўтирганча.

Токчада бадбўй кучли питсбург сигаралари солинган қути турарди. Китобнинг янги бобини бошлашдан олдин Росс янги сигарани туташтирар ва шиддат билан тутунни тепага пуфларди.

— Кечки овқат тортилди! — эълон қилди ошпаз.

Ҳаммамизнинг чеҳрамиз очилди ва шоша-пиша стол ёнига ўтирдик. Ташқарида бўрон увиллаётган, қор кўзни очирмайдиган, совуқдан бадан қунишиб кетадиган вақтларда тушлик ва кечки овқатлар ягона қувончимиз ва эрмагимизга айланганди.

Кечки овқатдан кейин Росс ўзининг бадбўй сигарасини тутатди, Этьен эса яна тирноқларини ғажий бошлади. Менинг қовурғам жудаям қаттиқ оғрирди, шунинг учун ҳам диққатимни оғриқдан бошқа нарсага жалб қилиш учун кўзларимни қия очганча, ошпазнинг ошхонада ғимирлаб юришини кузата бошладим.

Тўсатдан унинг қулоқлари худди итларники сингари диккайди. Кейин у эшик томон юрди. Эшикни очди-ю, остонада туриб қолди.

— Жорж, нима гап? — сўради Росс.

Ошпаз жавоб қайтармади, аммо пастга эгилди ва ниманидир кўтариб олди. Кейин ёнбоши билан эшикни итариб ёпди ва қўлидагини ерга қўйди. Биз ҳеч нарсани тушунмай, унинг оғзига тикиларканмиз, ошпаз бўғиқ овозда деди:

— Қиз!

* * *

Тахминан йигирма ёшларда бўлган маҳаллий ўқитувчи қизнинг исми Вилли Адаме экан.

Адаме хонимнинг ҳусни-жамолини тасвирлаш учун уни ўрмонга қиёслашимиз тўғрироқ бўларди. Қизнинг зеболиги теракни, терисининг оппоқлиги оққайинни эслатарди. Кўзларининг ранги баҳор осмонига, овози ўрмондаги дарахтлар баргининг ёз оқшомидаги шивирига,  лаблари эса ўрмон қулупнайига ўхшарди…

Шундан кейин бу соҳибжамол қиз уйдаги эркакларда қандай таассурот қолдирганини тасаввур қилаверинг. Мени эркаклар сафидан чиқариш мумкин, чунки айни пайтда аёлларга қарайдиган аҳволда эмасдим. Юзида ҳеч қандай ҳиссиёт кўринмайдиган ошпазни ҳам ҳисобга қўшманг. Аммо ёқимтойгина қиз Росс ва Этьенга қандай таъсир кўрсатганини тасаввур қилиш мумкин.

Адаме хоним ўзига ажратилган алоҳида хонага кириб кетгач, Росс Марк Твеннинг китобини сандиққа солиб, қулфлади. Кейин бадбўш питсбург сигараларини ҳам яшириб қўйди-да, бамайлихотир соқол олишга киришди.

Этьен кўкрак чўнтагидан тароғини олиб, пахмайиб кетган сочларини таради. Кейин ўша чўнтагидан  кичкина қайчи чиқариб, соқолини текислади, мўйловига мой суртиб, яхшилаб буради. Кайфияти кўтарилиб,  ўз-ўзидан жилмайиб, турли ҳаракатлар қилганча, илгари куйлаган арияларини айта бошлади.

Росснинг уринишлари  нисбатан қўполроқ бўлса-да, Адаме хонимнинг эътиборини тортиш учун жон-жаҳди билан уринарди. У овқатланиб бўлгани ҳамон хижолатомуз қиёфада ошпазга ва уй эгасига миннатдорчилик билдирар ва ўз хонасига жўнаб қоларди.

Бир оқшомда, одатдагидек диванда чўзилиб ётарканман, Этьеннинг гапларини эшитиб қолдим:

— Адаме хоним, сиз мафтункор рўёдек уфқимизда пайдо бўлган пайтингизда, мен зерикишдан бўғилиб ўлишимга бир баҳя қолган эди! — Мен ўнг кўзимни қия очдим. Этьен мўйловининг учини асабий чайнаб, кўзларини чақчайтирганча, стулини Адаме хонимга яқин суриб олди.  — Мен французман… тушуняпсизми… жудаям ҳаракатчан одамман. Бу ранчода зерикишдан ўлар ҳолга келгандим, аммо… сиздек гўзал ҳилқат пайдо бўлди ва атрофдаги ҳамма нарса нурга тўлди!.. Сизни кўрдим-у, юрагим яна жонланди!..  — У қизнинг қўлини ушлаб олди-ю, жўшиб хитоб қилди: — Адаме хоним! Билсангиз эди, мен қандай…

— Кечки овқат пишди! — қаттиқ овозда деди ошпаз. У французнинг ортида турар ва Адаме хонимнинг кўзига тик қараб турарди. — Овқат икки дақиқадан сўнг тортилади!

Адаме хоним енгил тортиб, стулдан сакраб турди.

— Мен овқатланишга тайёрланишим керак, — деди у ва ўзининг хонаси томон ғизиллаб кетди.

Этьен ошпазга ғазаб тўла кўзларини тикди, кейин яна дераза ёнига бориб, тирноқларини ғажий бошлади.

***

Кечки овқатдан сўнг дастурхон йиғиштирилгач, Росс икковимиз ёлғиз қолганимизда, унга бўлган воқеани айтиб бердим. У шунақанги ҳаяжонланиб кетдики, беихтиёр расво ҳидли питсбург сигарасидан чека бошлади.

— Оббо, ярамас башоратчи-ей! — тўнғиллади у эшитилар-эшитилмас овозда. — Агар яна бир марта менинг рафиқамга гап отса, уни итдек отиб ташлайман!

— Рафиқамга, дейсизми? — ажабланиб сўрадим мен.

— Ҳа-да! Мен шу қизга уйланмоқчиман! — хитоб қилди у.

Бутун оқшом ранчода совуқ вазият ҳукм сурди. Росс худди товуқни таъқиб қилган хўроздек Адаме хонимга эргашиб юрар, Этьен эса рақиб хўроз сингари гердайганча Росснинг ортидан қолмасди. Адаме хонимнинг аҳволи ҳавас қилгулик эмасди. У яқиндагина бўрон ва совуқдан қочган бўлса, энди ундан-да оғирроқ кулфатга дучор бўлмоқда эди.

Оқшомга яқин, Этьен бир неча дақиқага уйдан ташқарига чиқиб кетганида, Росс вазиятдан фойдаланиб, янги ҳужум бошлади. У Адаме хонимнинг қаршисида гердайиб тураркан, менга ўғринча назар ташлади (мен ўзимни ухлаётганга солдим), кейин деди:

— Уйимда сизга шилқимлик қилиб, жонингизга тегишаётгани мезбон сифатида менга унчалик ёқинқирамаётганини тушунган бўлсангиз керак. Бу башоратчининг қорасини ўчириш керакка ўхшаяпти. Бир оғиз айтсангиз, кифоя, уни қайтиб кўрмайсиз. Кимни афзал кўришингизни ўзингиз танлайдиган вақт етди. Адаме хоним, мен ҳар доимгидек ишга тўғри ёндашяпман… Икки кун чидадим, аммо бошқа индамай ўтиролмайман! Вазият чидаб бўлмас аҳволга етди. Адаме хоним! — у жўшиб кетиб, қизнинг қўлларидан ушлаб олди. — Бир оғиз сўз айтинг! Сизга бутун умр ғамхўрлик қиладиган инсон керак. Агар менга…

— Кечки овқат тайёр! — деб эълон қилди ошхона эшиги олдида пайдо бўлган ошпаз.

Адаме хоним енгил тортиб, хўрсинди ва ўзининг хонасига югуриб кириб кетди. Росс жаҳл билан ошпаз томон ўгирилди:

— Сен доим…

Ошпаз миқ этмай кечки овқатни сузди. Росс хўмрайганча, қовоғини солиб ўтирар, ҳафсаласи пир бўлганлиги сезилиб турарди. Этьен доимгидек қизга хушомадлар қилиб, ўзини ҳар кўйга соларди. Адаме хоним асабийлашганча, деярли овқатга қарамасди ҳам. Уйда таранг вазият вужудга келаётганди.

Кечки овқатдан кейин Адаме хоним ошхонага чиқиб, ошпаз билан нималарнидир гаплаша бошлади. Мен яна диванга ётиб олдим, Этьен эса стулини Россга яқинроқ суриб, гап бошлади:

— Афтидан, сиз билан очиқ гаплашишим керакка ўхшаяпти. Биринчидан, биз тенгдошмиз, — у ҳазиллашиб уй эгасининг елкасига қоқиб қўйди. —  Иккинчидан, сиз бундай нарсаларга жиддий қарайсиз. Мен французман. Аёлларни яхши кўраман! — У бошини силкиб, сочларини ортга ташлади-да, ошхона томонга ҳавойи бўса йўллади. — Фикримча, бу миллатимга хос фазилат бўлса керак… Барча французлар аёлларни яхши кўришади… мен зерикиб ўлай деб қолгандим, тушкунликка ҳам тушаётгандим… Тўсатдан уфқимизда латофатли аёл пайдо бўлди… Турган гапки, бир қарашда уни севиб қолдим… Мен яна қувноқ, бахтли, ҳаётдан мамнун инсонга айландим… Аёллар худди мусиқа ёки мусалласдек лаззат бағишлайди!.. Улар кайфиятни кўтаришади!.. Аёлларга хушомад қилиш — энг севимли машғулотим!..

Уни тингларкан, Росснинг сабр-тоқати тўлиб борарди. Ниҳоят, унинг сабри тугади ва мушти билан столга қаттиқ урди-да, хайқирди:

— Овозингизни ўчиринг, ярамас маҳлуқ! Менинг уйимда Адаме хонимга шилқимлик қилишингизга йўл қўймайман! — у сигаралар солинган қутини кўтариб, стол устига отди. Шовқин Адаме хонимнинг эътиборини тортди, у секингина ошхонадан меҳмонхонага қайтди. — Бу қиз менинг рафиқам бўлади, деган қарорга келдим. У розилик берган заҳоти бу ердан қорангизни ўчирасиз!

Росс гапи тугаганини кўрсатиш учунми, яна шаҳд билан қутини столга урди.

— Эҳ, аёлларнинг юрагини бундай қилиб эгаллай олмайсиз! — эътироз билдирди Этьен. — Аёлларнинг кўнглини олишни билмас экансиз. Уларга хушомадлар қилиш, гулдасталар тортиқ қилиш, бўса…

Кутилмаганда қаттиқ тарсаки овози жаранглади ва Этьен ҳушсиз ҳолда ерга йиқилди. Аввалига Этьенни қулатган  қўл Россники деб ўйлагандим. Дивандан бошимни ўгириб қарагандан кейингина французга ошпаз тарсаки туширганини тушундим.

Ошпаз Росснинг қаршисида индамай турар ва шимарилган енгини туширарди. Адаме хоним ошхона эшиги олдида индамай турарди.

—Адаме хоним, йўлга тайёрланинг! — деди ошпаз қатъий оҳангда. — Агар бу йигитча, — у қўли билан менга ишора қилди, — отини қарзга бериб турса, ҳозироқ бу ердан кетамиз!

— Бемалол олаверинг! — бағрикенглик билан дедим мен.

— Жорж, нима қилмоқчисан? — сўради Росс ажабланиб.

— Мен ўйлаб кўриб, агар ўз вақтида чора кўрилмаса, қотилликкача етиб борасизлар, шекилли, деган қарорга келдим! — У бир неча сония жим қолди ва бирортамизнинг гапиришимизга йўл қўймаслик учун йўғон бош бармоғини тепага кўтарди. — Жаноб Куртис, сизни ҳам, аёллар ҳақида қандай фикрда эканлигингизни ҳам яхши биламан. Агар Адаме хоним тасодифан бу ерга келиб қолмаганида эди, уйланиш хаёлингизга ҳам келмаган бўларди. Бўрон тугаб, олам тинчиганидан сўнг бундай фикрни хаёлингиздан чиқариб юборишингиз аниқ. Шундай экан, тўрт кунгина уйдан ташқарига чиқолмай ўтирганингиз туфайли ҳамма нарсанинг оёғини осмондан қилишнинг нима ҳожати бор? Шу боис шунақанги қарорга келдим.

— Бизга ким овқат пишириб беради? — саросимага тушиб сўради Росс. — Мен ёлғиз эмасман-ку!

— Мен тезда қайтиб келаман… Бор-йўғи Адаме хонимни Гикевилгача кузатиб қўяман-у, дарров изимга қайтаман.

— Бунақанги қор бўронида йўлга чиқишдан қўрқмайсизми? — сўрадим мен зўрға дивандан туриб, деразага яқинлашарканман.

— У ҳеч нарсадан қўрқмайди, — минғирлади Росс.

Тез орада ошпаз эгарланган отимни олиб чиқиб,  қизни эҳтиётлик билан эгарга ўтказди. Секин қўлқопларини кийди ва оёғини узангига қўйиб, чаққонлик билан отга миниб олди. Қиз ошпазнинг белидан маҳкам ушлаб олди ва улар чир айланиб рақс тушаётган қор гирдоби орасига кириб, кўздан ғойиб бўлишди…

* * *

“Тўриқ от” ранчосига ташрифимдан иккита, йўқ, учта унутилмас хотира қолди. Биринчидан, синган қовурғам бир умр ўзини эслатиб турди. Иккинчидан, ошпаз йўқлигида ўзимиз шунақанги бемаза таомлар пиширдикки, уларни ўлгунимча унутмасам керак. Учинчидан, ўша ҳафта охирида олинган кичкинагина мактубчадаги сўзлар сираям кўз олдимдан кетмайди:

“Отни бошқа одамдан бериб юбордим. Энди қайтиб бормайман, чунки Адаме хонимга уйландим ва ўз хўжалигимни бошқаришга қарор қилдим.

Жорж Сно”. 

Муҳаббат ЙЎЛДОШЕВА таржимаси



Муаллиф ҳақида

Abduvali Qurbanov

Leave a Comment