Ҳикоялар

Сирли яхшилик

Муаллиф Abduvali Qurbanov

Ҳожар буви эшик тамбасини тушириб, ичкари уйга ўтди. Жойнамоз устида узоқ ўтирди. Юртга, хонадонига тинчлик, ён-атрофдагиларга меҳр-оқибат тилаб, дуога қўл очди. Ота-онасидан эрта етим қолган икки набира қизни узатгунча фоний дунёдан кўз юммаслигини сўраб, Яратганга илтижо қилди.

— Буви?

Набирасининг саросимали овозидан кўнгли алланечук бўлиб кетди. Кексайганда юрак қурғур қафасга тушган қушдек питирлаб турар экан-да, деган ўй билан юзига фотиҳа тортди.

— Нима гап, тинчликми? Намунча, эрта тонгдан ҳовлиқасан? — дея  бўсағада турган набирасига юзланди.

— Буви, кимдир эшигимиз тагига бир дунё нарса ташлаб кетибди.

Набирасининг сўзларидан Ҳожар бувининг кўнглига ғулғула оралади. Қаричилик қурсин, оёғини зўрға кўтарганча набираси ортидан дарвоза томон аранг судралди.

Қизиқ, ҳализамон эшик тамбасини тушираётганимда ҳеч гап йўқ эди-ку, — дея кампир ўзига-ўзи таскин бера бошлади.

Дарҳақиқат, дарвоза тагида бир қоп ун, елим идишда ёғ, ярим қопдан мўлроқ гуруч, уч-тўрт қоғоз қутида шакар ва бир қанча ўқув қуроллари турарди. Ҳожар буви кутилмаган совғани кўриб, ҳангу манг бўлди-қолди. Кўнглини безовта қилаётган ёмон ўйлар дайди шамолдек тарқаб кетди. Оёқ-қўлидан мадор кетиб, беҳол чўккалади. Набираси эса ўқув қуролларни қўлига олиб, севинганидан «Буви, буларни ким ташлаб кетди?» — дея кетма-кет савол берарди.

— Болам, қўлингдагиларни бир четга қўя тур. Тез бориб маҳалла идорасидан раисни чақириб кел. Яна булар бошқа бировга тегишли бўлмасин, — дея набирасининг қўлидагиларни олиб, елим халтага солди.

— Бувижон,  тонг саҳарда оқсоқол идорага келмайди-ку?!

— Ҳа-я, эсим қурсин, улар ҳали-бери ишга бормайди. Унда сен тезда Акром муаллимни чақириб кел. Ўқимишли одам-да, кўп нарсага ақли етади.

Зум ўтмай, Акром муаллим етиб келди. Ҳожар буви унга бўлган воқеани гапириб берди. Муаллим  вазиятни кампирнинг набирасидан йўл-йўлакай  эшитган бўлса-да, сир бермади.

— Буларни ким ташлаб кетди экан-а, иним, — деди буви ҳайратини яширолмай.

— Аяжон, сиз бундан хавотирга тушманг. Яхшиси, бундай саховат, мурувват кўрсатган, «Ўнг қўлинг қилган хайрни, чап қўлинг билмасин», қабилидаги  ҳикматли сўзга амал қилган инсонларни дуо қилинг, — деди бувини хижолатли ҳолатдан қутқариш учун.

Қўшнисининг уйидан чиққан Акром аканинг хаёлига шу он шогирди ­Ҳумоюн келди. Ёш тадбиркор устозининг уйига келган пайтда Ҳожар бувининг набираси рўзғорга керакли нимадир сўраб чиққанди. Шунда устоз шогирдига қўшниси ҳақида гапириб, уни хайрли ишларга чорлаганди.

Демак, шогирд устозининг сўзларидан тўғри хулоса чиқарибди. Бундан Акром муаллимнинг кўнгли тоғдек кўтарилди. Муҳтожларга ўз вақтида ёрдам қўлини чўзадиган шогирдлари борлигидан фахрланди…

Дилфуза МИРОБИДОВА

«Оила даврасида» газетаси

Муаллиф ҳақида

Abduvali Qurbanov

Жавоб юбориш

Be the First to Comment!

Notify of
avatar