Ҳикоялар

Аёл фермернинг ёлланма ишчиси эди…

Муаллиф Abduvali Qurbanov

Аёл фермернинг ёлланма ишчиси эди. Пахта, картошка, пиёз, кунжут ўтоғида кунлик тўлов эвазига меҳнат қилар, оила шу пул билангина кун кўрарди. Эри ишсиз.

Бу йил сув яхши бўлиб, ишлайман деганга юмуш мўл бўлди. Шунинг учун аёл эрта баҳордан бери тинмас, дам билмай тер тўкарди. Аммо ёз тугамай, чарчади, ҳолсизланди, кучи қайтди. Мана, уч кунда ўтаб улгурса бўладиган пиёзни ҳали ҳам тугатмади. Авваллари шу майдонча келадиган пиёззорни бемалол уч кунда бегона ўтлардан тозалаб бўларди. Бугун тўртинчи кун. Аслида бугун дам олмоқчи эди. Аммо ишни тугатиши керак. Тугатиши шарт!

Ҳали қуёш қишлоққа салом бериб, ўйноқи тераклар майин шабадага тебраниб шивирламасданоқ, аёл ўрнидан туриб уйдаги юмушларини саранжомлади. Кир ювди, сигир соғди, сут пиширди, нонушта ва тушлик учун нималардир тайёрлади. Кейин эски кийимларини кийди-ю, ковушини судраганча дала томон ошиқди.

Анча вақт бош кўтармай ишлади. Аммо тушга бориб очқади. Кўнгли айниб, ҳолсизланди. Қуёш ҳафсала билан далани қизитар, қилт этган шамол йўқ. Аёлнинг бутун танаси қора терга ботиб, нафас олиши қийинлашди. У фақат чанқаганда ўрнидан турар, шундагина вужудига шамол тегиб, бироз енгил тортарди. Қотиб, ачишиб оғриётган белини машқ қилдирган бўлар, оғриқ тугамаса, қўлини мушт қилиб енгилгина уриб қўйярди. Ўрнидан турганида кўзолди қоронғилашиб, боши айланди. Йиқилиб тушай деди. Рўмолини ариқдаги қандайдир қўланса ҳид анқиётган сувга чайиб, пешонасига босди ва бироз ўзига келгандай бўлди.

Янгигина буғдой сингари нишлаб, бегона ўтлар билан жой талашиб ўсаётган пиёзлар ҳам қуёш тиғидан қўрқиб, нозик бошларини эгганча қилт этмай турар, аёл эса вақтини беҳуда ўтказмасликка интиларди.

Пиёзпоя кераксиз ўтга тўла. Бегонаси шунчалик кўпки, қайси бири ўт, қайсиси пиёз эканини тажрибасиз ишчилар ҳадеганда билолмасди. Лекин бу нарса аёлга чўт эмас.

Аёл қорайиб, ёрилиб кетган қўллари билан ҳар бир ниҳолни авайлаб, ортиқча ўтлардан тозаларди. Майда иш кўп вақтни талаб қилади. Фермер жувонга жуда ишонар, вазифасини кў­нгилдагидек бажаришини билиб ортидан текширмасди ҳам. Ҳақ тўлашда бошқаларга нисбатан унга бироз сахийлик қиларди.

Аёл ишни битирганида ҳали кун ботмаган, қуёш бироз уфққа эгилган кўйи куни билан тиғларига чидаган жувон кўзларига масхаромуз боқиб турарди. Аёл боши айланиб, ўтириб қолди, кейин узоқ йўталди. Ариқдан сув ичиб, юзини ювгандагина ўзига келди. Чуқур нафас олди. Қуёшга термилди.

Фермернинг иш бошқарувчисидан келишилган пулни олар экан, қимтинибгина раҳмат айтиб қўйди. Ҳар гал иш ҳақини олганда титраётгани сезилиб туради. Ҳалол меҳнатнинг хузурбахш титроғи шу бўлса керак-да…

Фермернинг кекса иш бошқарувчиси эса, арзимаган пулга мамнун, ковушини судраганча пилдираб кетаётган жувоннинг кундан-кунга чўкиб бораётган қоқсуяк гавдасига қараб ачинди. Ичида кимнидир, ниманидир бўралатиб сўкди.

Аёл тўғри бориб қишлоқнинг тунука билан ўралган дўконига кирди. У ерда турли-туман ноз-неъматлар кўзни яшнатиб турар, уларга нигоҳи тушган сайин қўлидаги пулини маҳкамроқ ғижимлаб оларди.

— Кечирасиз, менга иккита рангли сув ва бир килограмм гуруч беринг!

— Рангли сувнинг қайсисидан? — сўради беэътибор сотувчи.

— Фарқи йўқ.

— Менгаям фарқи йўқ, — дедию шундоқ қўл узатар жойдаги сап-сариқ сувнинг бирини олиб узатди.

— Гуручнинг қимматидан бўлсинми, арзонидан?

— Қимматидан… Сув кўтарадиган бўлсин…

— Яхши… Яна?

— Ярим килограмм шоколад ҳам беринг…

— Қанақасидан?

— Оддийсидан.

— Оддийси ҳам қиммат-да, янга.

— Майли…

— Бугун зиёфат бўляптими?

— …

Аёл қўлидаги пулга қараб, уни баттарроқ сиқди. Ютинди.

— Бўлдими?

— Йўқ! — Аёл бироз ўйланиб, деди. — Ҳалиги аччиқ сувингиздан ҳам беринг… анави… оқидан…

— Нима, акамнинг меҳмонлари борми?

— Беринг…

— Қиммат-да!

— Майли…

— Шаҳрисабзникими ё Тошкентники?

— Фарқи йўқ…

— Пулингиз етадими?

— Етади.

Хижолат бўлаётганини сездирмаслик учун у қўлидаги пулга қараб қўйди. Тўрт кун ишлаб топган пули қоп-қора қўллари орасида ғижимланиб турарди.

Сотувчи ҳисоблай бошлади. Аёл бир елимхалтага жойланган нарсаларга, бир қўлларида ғижимланаётган пулга қараб қўйди. Олган нарсасини қайтариб бериш фикри вужудини бир сония тирнаб ўтди. Ютинди, йўталди, чуқур нафас олди. Шу пайт дўкон ичига қаердандир шамол кириб, ҳамма жойни чангитиб юборди. Аёлни қаттиқ йўтал тутди. Сотувчи эса беэътибор:

— Мана шунча пул бўларкан, янга… — дея ҳисобни кўрсатди. — Нимага индамайсиз? Пулингиз камми?

— Йўқ! Оламан!..

Аёл тўрт кун қуёш тиғида қоврилиб ишлаб топган пулининг ҳаммасини ғижимланган ҳолда стол устига қўйди ва елимхалтасини кўтариб дўкондан кетишга тараддудланди. Сотувчи кўзларини катта-катта очганча пулларни текислаб, санар экан: «Ҳаммаси тўғри экан, янга!» — деб қўйди.

— Бугун қандай кун ўзи? — деди яна аёлнинг ортидан.

Аёл жим чиқиб кетаверди, сотувчи яна жаврашда давом этди:

— Акамни ҳам ишлатинг-да… Қуруққа уйда ётқизиб, семиртириб боқмасдан.

Аёл уйига келганида қуёш далалар бағрига қизарибгина ботарди. Эрининг эндигина уйқудан тургани сезилиб турар, ишком остидаги ариққа оёғини тиқиб, шу сувга узум ювиб ер эди. У хотинини кўриб оғзини катта очганча эснади. Аёл эса, остонада эрига қараб бироз турди. Кўнгли ағдарилди. Эр эса, беэътибор ишкомдан яна узум олди-ю бу сафар ювмасдан оғзига солди. Хотинининг қўлидаги бозорликларга назар ташлаб, кавшанганча:

— Нима кўтариб юрибсан? — деди.

Аёл бош эгганча елимхалтани кўтариб ошхона томон кетди. Ошхонада тушликдан бўшаган идиш-товоқлар ёйилиб ётар, устини пашша талаб, атрофида қовоғари ғўнғиллаб учарди. Аёлнинг бурни ачишди, кўзлари оғриб кетгандай бўлди. Чуқур уф тортганча ўтириб қолди. Рўмолини сидириб олганида жувоннинг сочлари орасидаги оқ толалари ҳам уфқнинг қизғиш нурларида товланиб кетди.

Йиғидан фойда йўқ. Ўзидан бошқа бу ишларни қиладиган ҳам йўқ. Ҳадемай болалари келади. Кийимларини ҳам алмаштирмасдан ишга тушиб кетди. Йиғиштирди, ювди, қозонга ўт ёқиб, ёғ солди. Бузоқчанинг зорланишига раҳми келиб, ошнинг сабзисини солгач, сигирни ҳам соғиб олди.

Бу орада ўғиллари кўчадан келиб қолди. Каттаси ўн икки ёшда. Аммо у ҳам отасига ўхшаб тўлачадан келган, ялқов, гап олмас бола. Иккинчиси саккиз, учинчиси тўрт ёшда. Аёлнинг бор умиди ўртанчасидан. У мол боқар, ўт юлар, уй юмушларида ҳам онасига ёрдам берарди. Бугун ҳам шундай бўлди.

Барибир ош пишгунча кеч бўлиб қолди. Аёл бу орада уй ичи-ю ташқарисини саранжом-саришта қилган, супага сув сепиб супуришга ҳам улгурганди. Атрофни нам тупроқ ва райҳоннинг нафис ифори тутиб кетганди. Ўғиллар супада ош сузилишига интиқ бўлиб ўтиришарди. Эр эса қорнини қашлаганча ким биландир телефонда гаплашар, ҳар замонда қаттиқ кекириб, супа устидан райҳон тарафга тупурарди. Аёл ошни сузиб келганда болалар онасига ёзғира бошлади:

— Шунақа ҳам кеч пиширасизми? Ҳадемай футбол бошланади-ку!

Эри эса, бепарво ошлаганни ўзига ўнғай қилиб тўғрилади. Аёл бир дам болаларининг, эрининг оғзига жим тикилиб турди, кўзларига қаради. Кейин шартта ўрнидан туриб, дўкондан олиб келган шоколад, ширин ва аччиқ сувни дастурхон устига қўйди. Болалар хурсандчиликдан чапак чалиб юборди. Эр шишани кўриб кўзлари ўйнаб кетди. Кейин хотинига:

— Тинчликми? — дея гап қотди.

Аёл индамади.

Болалар севинганидан қўлларида пиёла ушлаб, ширин сувни талаша бошлади. Ота баркашдай қўлларини иссиқ ошга ботириб ея бошлаган ҳам эдики, хотинининг ҳаракатини кўриб қотиб қолди. Болалари ҳам шу зайлда онасидан кўз узмай қараб қолишди. Аёл қорайган қўллари билан аччиқ сув шишасининг қопқоғини очолмай қийналар, тиши билан очмоқчи бўларди. Негадир кўзлари ёшланар, лаблари титрарди. Эри ошга ботирилган қўли куяётганини ҳам, болалари эса очиққанини ҳам унутиб, онанинг ҳолатини кузатиб туришарди. Аёл кўзларидан дона-дона ёш думалаб, қийнала-қийнала шишани очди. Қўллари титрар, жунжикарди. Аёл пиёласига тўлатиб аччиқ оқ сув қуйгач, ҳаммага бир-бир қараб қўйди-да, йиғи аралаш овозда:

— Туғилган куним… туғилган куним… қутлуғ бўлсин! — дея ўз ихтиёрини шайтон изнига топширди…

Жавлон ЖОВЛИЕВ

«Оила даврасида» газетаси



Муаллиф ҳақида

Abduvali Qurbanov

Leave a Comment