Ҳажвиялар

Мен рашкчи эмасман

Муаллиф Abduvali Qurbanov

Саид Аҳмаднинг “Биринчи муҳаббат” интермедиясидаги Ҳадичанинг “Ҳамма эркак шунақа. Бегона хотинни кўрди дегунча, ўзиникини ёмонлайди…” деган гапи бор. Биз  — аёлларда унақа одат йўғ-у, аммо аёл аёлни кўрганда “ҳасрат қопи” очилиб кетиши ҳам  бор гап. Рисолат парининг (кайфияти яхшилигида эри шундай, деб чақиради) қўшниси Саидахон билан суҳбатлари мавзуси айланиб келиб, эрларга… эрларгагина эмас, отинг ўчгур рашкка бориб тақалди.

— Ўлар бўлсам, ўлиб бўлдим, бу рашк деганларидан, қўшнижон!

— Қизиқсиз-а,  Рисолат опа? Ахир хўжайинингиз шу ёшдаям сизни қизғанса, яхши эмасми? Демак, муҳаббат кучли опажоним, муҳаббат кучли!

— Бунчалик эмас-да, ўргилай? Мен ёш келинмидим бўлар-бўлмасга, энг муҳими — сабабсиз қизғанаверса, рашк деганниям меъёр-чегараси бўлгани яхши! “Қўшни билан кўчада нега тургандинг? У сенга нима деди? Сен унга нима дединг?” деган гапни эшитавериш  алам қиларкан одамга!

— Қайси қўшни билан тура қолувдингиз?

— Малоҳатхоннинг ўғли — Икромжон бор-у… Ўша билан икки оғиз гаплашгандим, холос!

— Вой, ўлмасам… Ахир у тўққиз яшар бола-ку?! — деди Саидахон кулгидан ўзини тўхтатолмай.

— Мен сизга нима деяпман?

— Вой, тавба! Омон бўлсин, ишқилиб! Чидамай қаёққаям борардингиз, опажоним, шу одамни борига шукур!

— Неча марта қўрқитдим: шунақа қилаверсангиз, сигирни оламан-да, кетаман, ўзингиз яшайверинг, деб! Таъсир қилмади! Ўтган ҳафта симёғочга рашк қилганига ҳалигача чидаёлмаяпман!

— Йўғе? Жудаям оширворманг, опа?! Соғ одам, симёғочгаям рашк қиладими?! Туф-туф, туф-ей! Астағфириллоҳ!

— Ёлғон гапираётган бўлсам, ўлай агар! Ҳориб-чарчаб, симёғочга суяниб тургандим. Кеч кириб қолганди, атроф ғира-шира қоронғи… Қарасам, дадаси қўлида болта, биз томонга учиб келяпти.

— “Биз”ингиз ким?

— Мен билан симёғоч-да! Сал қолди ўлдириб қўйишига! Симёғочнинг ҳам юраги товонига тушгандир?!  Бир марта денг, боғда юрганимда орқамдан шох-шабба, барг шитир-шитир қилганидан қўрқиб кетиб, чақалоқнинг муштидек келадиган тошни олиб отдим. Шитир-шитир тинчиб қолди. Уйга келсам, хўжайиннинг пешоналари ғурра.

— А?

— Ўша шитир-шитир қилиб, орқамдан писиб борган ўзи экан! Баҳонани қаранг, эшикнинг кесакисига уриб олганмиш! Яхшиям, ўшанда қўлимга бунданам каттароқ тош тушмабди! Бўлмаса нақ…

— Ҳай, ҳай, ҳай, ҳай, худо бир асрабди-я, опажон?

— Ўсма-сурмаям қўйдирмайди, денг. Юрибман, мана, Ойтовоқдай бўли-и-иб… Ҳа, айтганча, суюнчи беринг, қўйларимиз қўзилади.

— Бир ташвишдан қутулибсиз. Соғломгинами ишқилиб?

— Яхши, тузук. Фақат биттаси сал касалвандроқ. Мўйнасиям ўзига яраша — яккам-дуккам. Овозини чиқармайди, маърамайди. Шунга қараб туриб, кўнглимга бир шумлик келди. Қўзичоқни ювиб-тараб, атайлаб эски кўйлагимни кийдирдим, рўмол ўрадим-да, кўрпачага ётқизиб, бошигача буркаб, устидан чопон ташлаб қўйдим. Акангиз кечқурун чойхонадан келди, сал кайфи бор экан. Чироқ ўчиб қолганди. Қараса, “ётибман”.  Қўзичоқнинг бошига бориб: “Тобинг қочдими, хотин?” деяпти. Буёқдан мен “ҳа”  деб жавоб беряпман. Эгилиб чопонни сал кўтариб қараб, тили танглайига ёпишиб қолди.

— Боплабсиз-ку?!

— Беш дақиқа ўтди, ўн дақиқа ўтди, акангиздан сас-садо чиқмаяпти. Эсхонасига қўшилиб жониям чиқиб кетдимикин, деб ўзимам қўрқдим. Йўқ, овоз берди.

— Нима деди?

— “Хотин, ўзингмисан?” деб сўради. Ўйинни охирига етказиш керакмасми, “ўзимман” дедим. “Сенга нима бўлди?” деди яна овози қалтираб. “Рашк қилавериб, қизғанавериб, мени шу аҳволга солдингиз”, дедим. Ўшандан бери сал дудуқланишини айтмасам, ҳозир анча тузук. Лекин ҳалиям иш билан ҳовлига чиқаманми, ошхонага чиқаманми, қайтиб кирсам: “Хотин, сенмисан? Онаси, ўзингмисан?” дейишни қўйгани йўқ!  Билмайман, мендан бошқа бирор аёл келишини кутадими?

— Воҳ-ай! Ўзларим акамни яхшигина қизғанадиларми, дейман?

— Йўғ-а, мен рашкчи эмасман. Тунов куни маҳаллада ош бўлди. Қарасам, ташкилотчи аёллардан биттаси хўжайинимга жуда меҳрибончиликни ошириб юборяпти. Бир оғиз гап айтганим йўқ. Чойнакка иккитагина гармдори ташлаб, ўша аёлга қайноққина чой дамлаб бердим, холос! Агар ўрнимда рашкчи хотин бўлганида, сочини битталаб юлган бўларди! Шунинг учун айтяпман-да, мен рашкчи эмасман!..

Дилдора НАЗАРОВА

Манба: tasvir.uz



Муаллиф ҳақида

Abduvali Qurbanov

Leave a Comment