Ҳажвиялар

О, туғишганларим-а!

Муаллиф Abduvali Qurbanov

Ихтирочиларга нега ҳамиша қийин бўлганини энди тушундим. Сиз яратган ихтиро яқин туғишганлар орасида талон-торож бўп кетиши ҳам ҳеч гап эмас экан. Ишонаверинг! Анча пайтдан бери бир ихтиро устида ишлаётгандим. Ниҳоят, ўхшади!.. Хурсанд бўлиб турганимда очиқ дарвозадан Тўра амаким кириб келди.

— Ҳа-а, намунча куйдирган калладай тиржаясан? — деди алик ҳам олмасдан.

— Амаки, мен зўр ихтиро қилдим! — дедим қувончим ичимга сиғмай. — Портация аппаратини ўйлаб топдим! Дейлик, Парижда ишлайсиз. Тугмачани шундоқ босасиз-да, дарвоза эшигини очиб ташқарига чиқасиз ва тўппа-тўғри Париждаги ишингиз эшигидан кириб турибсиз-да! Қайтишда яна тугмачани босасиз ва тўппа-тўғри дарвозангиздан ҳовлингизга кириб келяпсиз-да! Қалай?!

— Тавба, шунақасиям бўларканми? Менга қара, ана шу аппаратингдан менга ҳам ясаб берасан. Сизларга қанчалик меҳнатим, меҳрим сингганини биласан-а?

Орадан ярим соат ўтмай, савдогар опам кириб келди.

— Эшитишимча, бир аппарат ясаганмишсан. Шу матоҳингдан менгаям ясаб берасан. «Бек тўпи», «Абу-Сахий» ва «Ипподром»дан товар олиб келамиз, деб йўлда эзилиб кетдик-ку поччанг билан, — деди.

Тушундим, туғишганларимнинг бари бу гапдан аллақачон хабардор бўпти. Кейин опам бизга кўп яхшилик қилганини пеш қилиб, йиғлай бошлади. Нима яхшилик қилганини эса ҳеч эслолмасам, денг. Катта ўғлимнинг контракти учун озроқ қарз сўраганимда бермаганими? Опам кетгач, сал ўтиб телефоним жиринглади. Шаҳарда турадиган укам экан. Жуда қуюқ сўрашди. Хуллас, унга ҳам портация аппарати керак.

— Жигар жигарга қайишади-да, ака, — дейди менга узоқ ­«ишлов» бергач.

Шу гапни янгаси билан уйига борганимизда қовоғини очмаган укам айтяптими? Чойхонага сал кечикканидан тумтайганди ўшанда.

Кейин қолган уч синглим ва охирида кенжа укам ҳам уйимизга келди. Уларга ҳам шу аппарат керак экан. Тавба, ҳаммаси бизга кўп яхшилик қилишганмиш, бизга меҳрибон эмишлар…

Туғилган кунимда барча туғишганлар меникига йиғилдик. Уларга дедим:

— Дастлабки, хомаки ҳисоб-китобимга қараганда, битта шундай аппарат камида эллик-етмиш миллионга тушаркан.

Бу гапни эшитиб, ҳаммасининг афт-ангори ўзгарди, қути ўчди. Шунақа ўқрайиб қарашдики, менга.

— Уялмай-нетмай пул сўраш учун ҳаммамизни тўпладингми? — тўнғиллади Тўра амаким. — Битта матоҳинг иккита машинанинг пули бўлса, унда менга сира кераги йўқ-да! Ўз туғишганларингга сотсанг-а?! Бўпти, мен кетдим…

— Агар шунча пул тополмасам, ихтиром дунё юзини кўрмайди, — дедим.

Бирортаси чурқ этмади. Шундан сўнг ҳовли ўртасига тоғора қўйдим-да, барча ишланмаларимни олиб чиқиб ғижимлаб ёқа бошладим. Бирортаси пинагини бузмаса-я?! Ёпирай, шунчалик тошбағирми туғишганларим?! Ҳаммаси жигар-жигар, сенга меҳрибонмиз дейишаётганди-ку?! О, туғишганларим-а!

Хуллас, қариндошлару туғишганларим ихтироимни ўлдиришди!.. Айвонда хотин иккимиз қолдик.

— Чизмаларингизни бекор ёқди­нгиз-да! Эсиз, шунча йиллик машаққатларингиз! — деди у.

— Алжирама-е, ким айтди сенга чизмаларини ёқди, деб? Нима, жиннига ўхшайманми? Аммо энди уни такомиллаштираман ва биттасини дарвозахонамизга ўрнатиб қўяман. Бундан буёғига кимки ихтиромга эга бўлиш ниятида уйимга келса, эшигимиздан ичкарига қадам қўяди-ю, бир нима «ярқ» этади-да, ўша заҳоти ўзининг уйига кириб қолади! Қалай, зўрми?..

Кашфиёт ИХТИРОЕВ

«Оила даврасида» газетасидан олинди.

Муаллиф ҳақида

Abduvali Qurbanov

Жавоб юбориш

Be the First to Comment!

Notify of
avatar