Мақолалар

«…Раҳбарликка ёшлик қиласан, укагинам!»

Муаллиф Abduvali Qurbanov

Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида шундай жумла бор: «Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён этиши учун зарур шароитлар яратиш».

Эътибор беринг, давлатимиз раҳбарининг нуфузли минбардан туриб, фарзандларимиз тақдири, уларнинг камоли ҳақида алоҳида тўхталиши мамлакатимизда ёшларга ишонч ва ғамхўрликларнинг ёрқин ифодаси эмасми, ахир?

Президентимиз шу йўналишдаги кўрсатмаларини «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги (2017 йил 5 июль) фармонида ҳам баён этган: «… мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этадиган, халқ манфаатларига садоқат билан хизмат қиладиган билимли, ташаббускор, ишбилармон, ҳалол ва фидойи ёш раҳбар кадрларни тарбиялаш, заҳирасини яратиш ва уларни давлат ва хўжалик бошқарувчи органларининг масъул лавозимларига тавсия этиш».

Демак, ташаббускор, ғайратли ёшларимизга ишонч билдиришимиз, уларга сардорлик, саркорликни комил ишонч билан топшириш хато бўлмайди.

– Билимга чанқоқ, куч-ғайрати жўш урган йигит-қизларимиз кўп. Фақат уларнинг сафини кенгайтириш, қобилият куртаги кўринган болаларни синчиклаб ажрата билиш, ўз вақтида тўғри йўлга солиш лозим, – дейди узоқ йиллар масъул вазифаларда хизмат қилган, айни пайтда кексалик гаштини сураётган Бахшулла Насриддинов. – Афсуски, айни шу масалада маълум оқсоқликлар бор. Ҳали-ҳануз ёшларга эътибори суст, улардаги шижоатни қўллаш ўрнига турли баҳоналар билан уларнинг таклиф ва мулоҳазаларини синдираётган «катта»лар бор.

Узоқ йиллар санъат соҳасида, аниқроғи, театрда хизмат қилганим боис баъзида навниҳол санъат ғунчаларининг эркин ижод қилишларида тўсиқлар бўлганлиги, иқтидорли, ёш артистлар номдор санъаткорлар соясида қолиб кетганлиги натижасида кўпгина ёш санъат шайдолари саҳнани мажбуран тарк этганларига шоҳид бўлганман.

… Бир воқеа ёдимга тушди. 1972 йил. Биз Тошкент давлат театр ва рассомчилик институти (айни кунда санъат ва маданият институти)нинг бир гуруҳ битирувчиларини Муқимий номидаги мусиқали драма театрида саҳналаштирилган «Равшан ва Зулхумор» спектаклининг тақдимотига олиб боришди.

Тақдимот ҳайъати аъзолари орасида таниқли адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов, шоир ва драматурглар Ёнғин Мирзо, Туроб Тўла ва театршунослар бор эди.

…Залда чироқ ўчди. Спектакль, пьеса қаҳрамонлари – шижоатли Равшан ва гўзал Зулхуморнинг ариялари билан бошланди.

Бу ролларни нуфузли театрнинг 45-50 ёшни уриб қўйган таниқли санъаткорлари ижро этишаётганида театр бадиий кенгашининг актёрларга роль тақсимлашдаги бу хатоси жуда қимматга тушганди ўшанда. Спектакль тугагач, унинг қабулида илк сўзни олган шоир, таниқли драманавис Туроб Тўла «Мазкур томоша орқали биз ёш, жасоратли севгига садоқатли қаҳрамонларни эмас, аксинча, лоқайд, муҳаббати сўниб бўлган «Равшан ака» билан «Зулхумор опа»ни кўрдик. Мазкур обрўли театрда Равшан ва Зулхумор ролларини ишонарли, табиий ўйнайдиган ёш истеъдодли артистлар кўп эди-ку», – деганди куюнчаклик билан. Натижада спектакль кенг жамоатчилик кўригидан ўтмади. Қаҳрамонлар ролларини ёш артистларга топшириш шарти билан томоша премьераси бир неча ойга кечиктирилди.

Саҳна ҳам гўзаллик ва табиийликни талаб этади. Бу табиийликни эса иқтидорли, ёш санъаткорлар яратишади. Хулоса шуки, умидли ёшларга барча жабҳада кенг йўл бериш, уларга ишониш, ишонч билдириш керак. Эътибору рағбат эса бугунги ёшлар, ўсмирларнинг ғайрату шижоатини янада оширади.

Абдуазиз ҲОШИМОВ

«Зарафшон» газетасидан олинди.



Муаллиф ҳақида

Abduvali Qurbanov

Leave a Comment