Шеърлар

Ватан юрагимда туғилдинг қачон…

Муаллиф Abduvali Qurbanov

Ватан юрагимда туғилдинг қачон,
Нафас олгандами кўз очган оним.
Танамда ҳис этиб ажиб ҳаяжон,
Ерга теккандами илк бор товоним.

Тилимдан энг аввал янграган калом –
“Она” сўзи билан бўлдингми пайдо.
Туғилдингми, менга қўйилганда ном,
Эшитганда азон – муқаддас садо.

Поёнига етиб гўдаклик чоғи,
Онгга сингдирганда маърифат, адаб,
Юрагимда ёқиб илм чироғин,
Сен ҳақда тасаввур бердими мактаб.

Орзулар чарх урган ўсмирлик они,
Муҳаббат ақлни олди асирга.
Севги яратган деб бутун дунёни,
Кўнглимга кирдингми ишқ билан бирга.

Ватан юрагимда туғилдинг қачон,
Ҳижрон ўтидан дил тутагандами.
Соғинчинг қалбимни хўп ўртаган он –
Ҳарбийлик хизматин ўтагандами.

Ҳарбийда бўлмадим Беларусга ёт,
Бемаврид ёмғири ташларди эзиб.
Меваси сархил-у, йўқдир маза, тот,
Юртни соғинардим ўрмонлар кезиб.

Юрт чўли – шувоқлар ястанган ҳудуд,
Саҳрои амирнинг олдида жаннат.
Беҳишт нусхасидан гўё бўлган бут
Ўзбекистон, ердаги беқиёс санъат.

Биламан, малоҳат мени этар лол,
Ватанни юракда уйғотган бошқа.
Зулматни ёритиб чиқса ҳам ҳилол,
Ватаним ўхшатгум сени қиёшга.

Сен борсан юрагим тонгдек мусаффо,
Бағрингда озодман, эркин ҳар инсон.
Сен ўзинг руҳимга, жонимга даво,
Қалбимда эканинг ўзи бир эҳсон.

Ватан – юракдаги ўлмас эътиқод,
Мақсадим элимнинг олсам раҳматин.
Ҳар қарич ерингни қилай деб обод
Тортмоққа шайман минг Фарҳод заҳматин.

Тарихнинг даъвоси таъкидлар ҳаққинг,
Толейинг шонлидир темурий уруғ.
Юраги нур каби покиза халқинг,
Қуёш юрти деган номинг бор улуғ.

Хуршид НУРУЛЛАЕВ

 

Муаллиф ҳақида

Abduvali Qurbanov

Жавоб юбориш

Be the First to Comment!

Notify of
avatar