Ҳикоялар

Тракторга ин қурган қушлар

Муаллиф Abduvali Qurbanov

Яқинда қишлоққа борганимда Равшан полвоннинг даласи томондаги катта кўлмакнинг ўртасида бир уюм темир бўлиб ташландиқ ҳолда ётган тракторга кўзим тушди. Унинг пачақ бўлиб ётган кабинасида мусичалар ин қуриб олибди. Тирик жонга озор бериш яхшилик келтирмайди деб унга ҳеч ким тегмайди. Мусичанинг болаларини яқиндан кўриш учун сув кечиб трактор томон бордим. Яқинда тухумдан чиққан митти полапонларнинг ҳар бири кўзининг устида билинар билинмас қора донаси бор. Уларга тикилганча бир воқеа ёдимга тушди…

Қулмирза тракторчи жуда гурунгбоз, одамшаванда туюлгани билан бировга заррача ҳам нафи тегмайди. Сабаби далани шудгорлаш учун уйда ғамлаб қўйган ёнилғиси бочка оғзидан тошиб ерга тўкилса тўкиладики, ўтинлари ёмғирида ивиб кетганидан тандири тутаб ўт ёқолмаётган қўшнисига бир томчисини бермайди. Бир йилда бир марта уйига иккита одамни чақириб меҳмон қилмаса-да, қишлоқнинг ҳамма тўйига, чақирмаса ҳам бориб, келадиган меҳмонларни Қулмирза тракторчидан ошириб яхши кутиб оладиган, кўнгилдагидай хизмат қиладиган одам йўқ. Энг қизиғи, давра бўлиб ўтирган меҳмонларнинг бирортасининг кўнглини қолдирмай, барчаси билан қиттак-қиттак олади, аммо уйига маст бўлиб қайтганини бирор марта ҳеч ким кўрмаган.

Мана шундай одамни нимагадир баъзи нарсаларга ақли етмайди ёки нафси қурғурга кўп ён бериб юборган. Ўзи от чопса охирига етолмайдиган томорқасидан эплаб даромад ололмагани етамагндек, уйи яқинидаги пахта даласининг суви қуйиладиган жой атрофларини ўзлаштира бошлади. Шу иши билан далани обод қилса майли эди. У бунинг тескарисини қилади.

Сув бўйида анча йиллардан бери одамлар бир паст нафас рослаши учун соя, шохларидан қушларга ин қуришга жой берган жудаям катта гужум салобат тўкиб турарди. Уни ким қачон экканини ҳеч ким билмайди. Биров меники ҳам демайди. Ҳар сафар Қорақир томонга борсам, гужумнинг тагига дон сепиб кетар эдим. Сўнг сал наридан туриб гужум шохидан пастга учиб тушган мусичаларнинг дон ейишини томоша қилардим. Қулмирза тракторчи унинг атрофидаги ерларни ўзлаштириш баҳонасида дарахтни қўпоришга тушди. Илдизи бақувват гужумнинг тагини кавлаб йиқита олмагач, тракторига узун занжир боғлаб катта-катта шохларини синдириб олди.

Қулмирза аканинг иши яхши бўлмади. Энг ёмони, гужум шохидаги мусича болалари ерга қулаб тушиб, нобуд бўлди. Қулмирза тракторчи бу холатга парво ҳам қилмас, занжирни илиш учун гужумнинг у шохидан бу шохига маймундай тирмашар эди. Мусича болаларини қутқариш учун қўшнимизнинг болалари Мавлон, Очил билан бирга дарахт тагига борганимизда Қулмирза тракторчи «оёқ тагида ўралашиб, ишдан қолдираяпсанлар» деб қўлига узун гужум таёғини олиб қувиб солди. Таёқ оёғимга қаттиқроқ теккан экан, озроқ югуриб сўнг оқсоқланиб қолдим. Узоқроқ бориб Қулмирза акани роса сўкдик. Аммо бу ишимиз ҳеч нарсага асқотмади.

Кўзининг устида миттигина холга ўхшаган қораси бор мусича боласини қўлимда тутиб турар эканман, Қулмирза тракторчи жазавага тушиб тракторини ғазаб билан ҳайдай бошлади. Гужумнинг энг ката шохи ерга қулаганда қуш болалари инидан тўкилиб тупроққа қоришиб қолди.

Эртаси куни бир чарчоқни ёзай деб улфатлари билан роса «олган» Қулмирза тракторчи маст ҳолида уйи яқинидаги жарликка трактори билан қулаб тушгани бутун қишлоққа шов-шув бўлиб кетди. Одамларнинг айтишича, пачақ бўлган тракторнинг ичидан Қулмирзани бир амаллаб қутқаришибди. Тракторни қайта тузатиш амри маҳол. У жони омон қолганига минг-минг рози эмиш.

Шундан сўнг қўл оёғи ва қовурғалари синган Қулмирза ака уч ойдан ортиқ касалхонада, бир йилга яқин уйида ётиб даволанди. Тузалгандан сўнг бошқа тракторчилик қилмади. Аммо уни ҳозир ҳам қишлоқ одамлари тракторчи деб атайди.

Элбек ШОЙИМ



Муаллиф ҳақида

Abduvali Qurbanov

Leave a Comment